НАВРЎЗ – УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ
27

Маълумки, дунёдаги ҳар бир мамлакат ва ҳар бир халқнинг миллий ва диний байрам кунлари бўлади. Шу жумладан, бизнинг она юртимиз ва диёримиз халқининг ҳам қатор байрамлари борки, ҳар йили уларни шодиёна тантанали равишда ўтказиб борилади. Худди шундай миллий байрамларимиздан бири баҳор байрами, яъни Наврўз байрамидир.
Билиб қўйишимиз керакки, биз ўтказадиган Наврўз қиш фаслидан чиқиб, баҳор айёмига саломат етганимиз ҳамда ерга уруғ қадайдиган фурсати етгани муносабати билан деҳқонларнинг ҳам баҳор байрами сифатида нишонлайдиган мавсумий тадбири ҳисобланади. Бу кунни баҳорни бошланиш сифатида рамзий нишонлаймиз.
Ислом таълимоти инсоннинг руҳий тарбиясига қанчалик аҳамият бериб, уни камолот сари ундовчи ва йўлловчи илоҳий кўрсатмаларини билдирган бўлса, инсон шу даражада соғ-саломат, бардам-бақувват бўлиши йўлида унга зарурий дунё неъматларини ато қилди ва буларга эришиш сабабларини ҳам кўрсатиб қўйди. Шундай илоҳий неъматлардан бўлган зироат экинлари, яъни буғдой, арпа каби бошоқли дон-дунларни ва турли мевали дарахтларни, боғу-полиз маҳсулотларини инсон тириклигининг асосий омили қилди ва бу неъматларга ўсиб-униши ва ҳосил бериб, инсоният бардавомлигини таъминлаш вазифасини юклади. Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида бундай хабар бериб айтади: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)” (Абаса сураси 24-32 оятлари).
Албатта, эрта баҳордан бошлаб ҳалол меҳнат жабҳасига кирган меҳнаткаш бобо деҳқонларимиз томонидан сепилган дон ёки экилган уруғнинг униб-ўсишини Аллоҳ таборака ва таоло ирода қилсагина, улар ривожланиб, кўкариб ниш уради.
Наврўз айёми халқимиз учун шарқона янги йилнинг бошланиши, энг қадимий, асл миллий, энг ардоқли байрамдир. Наврўз деҳқончилик ишларининг бошланиши, янги мавсумга кириш вақти саналади. Наврўз байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилган, янги униб чиққан кўкатлардан, баҳорий таомлар: сумалак, ҳалим, кўксомса, кўкчучвара каби тансиқ таомлар пиширилган. Ўзбекистонда ҳам мустақилликка эришилганидан кейин бошқа қадриятлар қатори Наврўз байрами ҳам қайта тикланди. У ҳозир мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Ҳар йили мамлакатимиздаги барча шаҳар ва қишлоқларда байрам сайиллари, томошалар, бошқа байрам тадбирлари ўтказиляпти, айни пайтда хайрия ташкилотлари ёрдамида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олинмоқда, уларни байрам билан қутлаб, турли совғалар, хайр-эҳсонлар тақдим этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Наврўз байрамининг дин ёки эътиқодга умуман дахли йўқ бўлиб, ушбу кун азал шарқ халқларида янгиланиш, яшариш байрами, деҳқончилик мавсумининг бошланиши, янги ҳаёт палласи сифатида кўрилган.
Жаннатмакон диёримизнинг меҳнаткаш бобо деҳқонлари, миришкор боғбонлари, қишлоқларимиздаги тиним билмас барча меҳнаткашлар кириб келаётган баҳор мавсумига жиддий ҳозирлик кўришяпти, ерларни экиш-тикишга ўз вақтида тайёрлаб, имон-эътиқод ва ихлос билан ерга қут-барака уруғларини тикишни бошлаб юбордилар. Уларнинг Аллоҳ розилигини топиш борасидаги ҳалол меҳнатлари, касбу корлари, иншоаллоҳ самарасиз қолмайди. Зеро, жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар: “Бир мусулмон бирон бир дарахтни ёки экинни экса, ундан бирор қуш, инсон ёки бирор ҳайвон еса у инсонга садақа ёзилади” (Имом Насоий ривояти).
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, зироат ишларида мўл-кўл ҳосил олиш йўлида меҳнат қилаётган деҳқонларимизга баракотлар нозил қилсин!
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
