Ботил сўз (тил офатлари давоми…)    

27

                                                                          Киши чинда сўз деса зебо дурур,

                                                                           Неча мухтасар бўлса, авло дурур.

Сўзлар – ўзликнинг ифодаси. Катта дарахтлар кичик уруғларда яширинганидек, кишининг асл кўриниши сўзларига яширинган бўлади. Тили бошқа, дили бошқа мунофиқлар бир кунмас-бир кун ўз сўзларидан илинадилар. Бугун уларнинг мунофиқликларини яширган ширин сўзлари эртага заҳарга айланиб, фош қилади. Чунки заҳарнинг устини ширин қобиқ билан қоплашнинг фойдаси йўқ. қобиқ емирилади, заҳар эса заҳарлигича қолади.

“Олдин ўйла, кейин сўйла” дейдилар. Чунки, ўйламай айтилган сўзлар қалбни ўлдиради. Осмондан қор ҳам, дўл ҳам, ёмғир ҳам ёғади. Бу ёғинлардан экинзорлар ё яшнайди ёки фалокатга учрайди. Инсон оғзидан чиққан сўзлар ҳам бамисоли қор, ёмғир, дўл кабидир. Улар кишиларга ё ҳаёт бағишлайди ё ўлдиради. Яъниким, қор вақтида ёғса – ҳаёт манбаи, бевақт ёғса талафотдир.

Фойдасиз сўз – фойдасиз дори кабидир. Бошқачароқ айтилса – дорининг ҳам, сўзнинг ҳам ортиқчаси зарарлидир. Сукут вақтида сукут сақлашни, суҳбат пайтида сўзлашни билган киши бахтиёр инсонлардан ҳисобланади. Маъносиз, пойма-пой сўзламоқдан кўра сукут қила билиш нодир фазилатдир. Зеро, сукут лозим бўлганда сукут сақлаган, суҳбат лозим бўлганда суҳбатлашишни билган инсонни буюклар сафига қўшарларки, вақтида сукут сақламак – оқил сўзламакнинг шартларидан биридир. Тушунмай, ўйламай гапирадиган киши сархуш кабидир. У нима деганини билмайди, ҳам ўзига, ҳам атрофдагиларга фалокат келтиради. Унутмаслигимиз шарт бўлган шарафли нақлким: “Кимки омон юришни истаса, жим туришга ҳаракат қилсин”. Яна икки нақлким: “Сукут сақламакликни ўзингга одат қилгил. Чунки сукут сақлашлик шайтонни ҳайдайди ва сени динингни сақлашингга ёрдам беради”; “Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”.

Ўтган мақоламизда тил офатларининг биринчиси яъни, кераксиз сўз ҳақида қисқача фикр бериб кетган эдик. Бугун мана шу тил офатининг давоми ўлароқ иккинчи офат – ботил сўзга киришиш тўғрисида тўхталамиз, инша Аллоҳ.

Ботил сўз ичкиликбозлик мажлислари ва фосиқларнинг қилмишларига ўхшаш нарсалар ҳақидаги гаплардир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда билиб-билмай бир сўзни айтади ва у туфайли дўзахнинг мағриб билан машриқ орасидан ҳам чуқур жойига тушади”, – дедилар”. Аҳмад, Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Жанжал ва тортишувлар ҳам ботил гапга яқин нарсалардир. Уларда бировнинг хатосини исбот қилиш учун низолашилади. Бунга бировдан устун келиш истаги сабаб бўлади. Агар масала динга тегишли бўлса, мункар нарсани инкор қилиш ва тўғрисини баён қилиб бериш зарур. Аммо гап дунё тўғрисида бўлса, талашиб-тортишиб ўтиришнинг кераги йўқ. Бу офатнинг давоси ўз фазлини изҳор қилишга сабаб бўлган кибрни синдиришдан иборат.

Жанжал ва тортишувлардан каттароқ офат хусумат қилишдир. Айниқса, ботил йўл билан ва илмсиз равишда хусумат қилиш жуда ҳам ёмон иш. Чунки у қалбларни ҳасадга тўлдиради, ғазабни қўзитади ва бировларнинг обрўсига тил теккизишгача олиб боради. Шунинг учун ҳақ эгаси ҳам, иложи борича, хусуматчиликдан ўзини олиб қочгани афзал.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенинг хусуматчи бўлиб туришинг гуноҳкорлик учун етарлидир”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.

“Ашаддий хусуматчи” сулҳни қабул қилмайдиган, жанжални пулга сотиб оладиган шахсдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун одамларнинг энг ёмон кўрилгани ашаддий хусуматчидир”, – дедилар”. Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Нилуфар Аҳадовна

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти