ҚАЙТАРИЛГАН АМАЛДАН САҚЛАНИНГ!

21

Пайғамбар алайҳиссалом «Айтиб йиғлашдан қайтардилар». Аслида айтиб йиғлаш гуноҳларга пушаймон бўлиб йиғловчиларнинг ишидир. Араб бўлмаган миллатларда буни «ситйун» деб аталади. Мусибат аҳлидан бу нарсани кутиб бўлмайди. Чунки улар ғазаб ва қайғу таъсирида бўладилар. Гуноҳкорлар эса қўлдан кетган нарсаларига, йўқолган мавқеларига пушаймон бўлиб афсусланиб шундай йиғлайдилар. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳар бир мўминнинг ўрни, мавқеи бўлади. Бу мавқе Аллоҳ таоло томонидан мўмин бандаларига берадиган хос даражасидир. Кимки гуноҳ қилса, мавқеидан жудо бўлади. Аллоҳ таоло берган сатр — пардадан чиқиб, Аллоҳнинг паноҳидан узоқлашиб кетади. Шунинг учун айтиб йиғлайди. Бу тавба йиғисидир.

Йиғи тавбанинг зоҳири — ташқи кўринишидир. Инграш эса, тавба қилувчининг ичида кечувчи ишидир. Инграб йиғлаш мавқега интилиш умидидаги йиғи бўлса, айтиб йиғлаш эса йўқотилган мавқе боис йиғидир. Чунки инсон гарчи тавба қилса ҳам гуноҳ ишлари билан ўтган соатларини ортга қайтаролмайди. Устига устак у мавқеидан ажралиб бўлган. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига эътибор беринг: «Бас, шайтон иккисини (васваса билан) ундан чалғитиб, турган жойларидан (жаннатдан) чиқарди» (Бақара сураси, 36-оят).

Тавҳид аҳдининг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мавқеи инсоннинг кўз ўнгида туради. Аллоҳ таолонинг назари ҳам унда бўлади. Мавқеидан айрилган инсонга Аллоҳ таоло тавба қилиш имконини берса, у бой бериб қўйган вақтлари, солиҳ бандалар учун бериладиган мавқеидан бегона бўлганлиги ва Аллоҳнинг хос бандалари даврасидан йироқда эканлиги учун айтиб йиғлайди. Фаришталарнинг аҳволи ҳам шудир. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларига бир назар қилинг.

«(Фаришталар дедилар): «Бизларнинг ҳар биримиз учун (осмонларда) аниқки, маълум бир мақом бордир» (Ас-Соффот сураси 164-оят)

Бу мақом фаришталарнинг жисмлари учун эмас балки, уларнинг амаллари учун бериладиган мақомдир.

Шунингдек, тавҳид аҳлининг мавқе — мақомлари ҳам, уларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида қилган амаллари учундир. Яна уларнинг қалбларига қарши турувчи нарсалар бордир.      Мавқелар орасида минг-минглаб даража фарқлар бор. Шайтонлар орасидаги даражалардаги фарқ ҳам бундан-да санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада кўп.

Фаришталарга қарши турадиган нарсалар ва тавҳид аҳли учун мавқелар бор дейилди. Чунки тавҳид аҳли Аллоҳ таолонинг зоти борасида шайтон билан ҳам, ўз нафслари билан ҳам курашадиганлар тоифасидандир. Бу курашларда уларнинг байроқлари бордир. Улар малакут мақомида, улуғ ўринда Аллоҳнинг ҳузурида бу байроқларни қадаганлар. Бандаларнинг амаллари ана шу байроқ қадалган жойга кўтарилиб боради. Сўнг бу амаллар хазиналарга юборилади. Баъзилари юборилмай ўша жойнинг ўзида қолиши ҳам мумкин. Лекин улар Парвардигори олам назарига тушган амаллар бўлгани боис қиёмат кунигача унинг ҳузурида сақлаб турилади. Амаллар Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтариладиган, уларнинг орқасидан маълум қаршиликларга дуч келадиган, ҳар бирининг ўз даражаси белгиланадиган мана шу жой бандаларнинг мавқеларидир.

Энди мазкур айтиб йиғловчи эса, ўтиб кетган, ортга қайтариб бўлмайдиган нарсалар боис йиғлайди. Мусибат аҳли йиғлаб гўёки ўлимга чап бермоқчи ва ажали етиб, Аллоҳ чақирганда унинг ҳузурига йўл олган кимсани ҳаётга қайтармоқчи бўладилар, гўё. Бу нарса иложсиз бўлиб, айтиб йиғлаш эса нақадар хунук ишдир.

Аммо меъёрида кўз ёш тўкиш ҳам аслида бир зийнат ва безакдир. Агар йиғи Аллоҳ таоло учун бўлса, бундай кўз ёшлар раҳмат ва меҳрибончиликдан тўкилади. Бундай бандада ҳамдардлик ҳароратидан ҳавотир кучайиб, кўз ёшлар бошга оқиб тушган бўлади. Бош эса ҳеч бир қийинчиликсиз раҳматга сабабчи бўлган кўз ёшларни оқизади. Хунук ўлим ходисаси бошига тушган одамга раҳм қилиш учун хеч қандай қийинчиликсиз кўз ёшларни оқизади.

Аллоҳ таолонинг ҳузурида қўрқиб турган маййитга раҳмат ва ибрат назари билан қараш лозим. Бу пайтда одам ўзига тушган ўлимнинг қанчалик катта буюк воқеа эканлигига басират кўзи билан қараётган бўлади. Бўлажак воқеалардан  ларзон, суюклиларидан ажраб кетаётганига ғамгин бўлади.

Ана шунда у одамга нисбатан тирикларда раҳм шафқат юз беради, кўзлар ёшланади, қалблар маҳзун бўлади. Шубҳасиз бу яхши ҳолдир, шундай йиғлаш мақсадга мувофиқдир. Зеро, мана шу йиғи сабабли мусибат аҳли зийнатланади, Аллоҳ таоло улуғ қилган нарсани улуғлашади ва ўзларини қайғуга солган нарса сабабли хафа бўлишади. Яқинларидан ажраб қолаётгани учун титрайдилар.

Ўтган салафи солиҳларнинг аҳволлари мусибат пайтида қандай бўлганлиги тўғрисида кўп хабарлар ривоят қилинган. У зотларнинг нафслари табиатан турлича бўлганлиги сабабидан ҳолатлари ҳам турлича бўлган экан. Баъзиларида йиғи ва қалб юмшаши кузатилган. Баъзилари яхши кийимлар кийиб бу мусибатга тайёргарлик кўриб, зийнатланиб, табассум қилиб кутиб олишган. Баъзилари шодликларини изҳор қилишган. Зеро, улар энг олий даражадаги инсонлар бўлиб, ҳар бир ишни ўз ўрнига қўйган, Аллоҳ бир ишни қайси ўринда буюрган бўлса, ўша ўринда бажарган зотлардир. Бу анбиё ва авлиёларнинг ишларидир. Улар бу мартабага нафслари ва маърифатлари фазилати туфайли эришганлар.

Бошқалар эса нафсларининг хиёнатидан қўрқиб таслим бўлганлар. Сабр қилувчиларга бериладиган улкан савобни мукаммал қилиб олиш учун мусибатдан ўзларини чалғитганлар. Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози эканликларини изҳор қилиш учун биродарлари қаторига интилганлар.

Заифлар эса заиф булганлари боис иш билан машғул бўлиб, кўз ёш оқизишни рад этиб, одамлар билан мулоқот қилиб, сабр борасида нуқсонга йўл қўйишдан қўрққанларидан баъзи машғулотлар билан ўзларини чалғитганлар. Бу борада ҳам Шайтон уларга йўл топган. Бизнинг замонамизда Шайтон мусибат етганда шодлик узра тўпланишлари учун мусибат аҳлини буюк бир алдовга чорлайди. Таомларни ҳудди тўйлардагидек қилиб, кўп-кўп пиширтиради. Бу бепарволикка шодликка ўхшаб кетади. Улар ташқаридан қараганда ўзларини сабр ишларини барпо қилаётгандек бўлиб кўринишни ҳохлайдилар. Аммо уларнинг ташқи кўриниши расуллар ва набийлар феъл атворининг аксидир.

Бунинг кўзга кўринадиган хунук томони шуки, мусибат хонада ўлим фариштаси ва Аллоҳнинг Пайғамбарини эслатувчи бир белги қўйиб қўйишдир.

Нафслардан руҳларни ҳайдайдиган бир ҳукм. Бу ҳукм жонларни бир ташландиқ ўлимтикка айлантириб, чириш уйига қабрга кўчишга мажбур қилиб қўяди.

Сунг қабрда бақириш, чинқириш, гумбурлаш кабилар ёки хурсандчилик, ёхуд озгина балоланиш каби ишлар бўлади. Шу жиҳатдан мусибатхонада мазкур ишларни қиладиган кишилар у кунни шукр куни деб гумон қиладилар. Чунки бир зот дунёдан чиқиб кетаяпти, дунёнинг турли офатларидан халос бўлаяпти ва имон билан кетди, деб гумон қиладилар.

Тўғри, буларнинг ҳаммаси бир суз билан айтганда гўзалдир. Мажбурий шодлик деб қабул қилиш ҳам мумкин. Ваҳоланки, нафс алам билан лиммо-лим тўлгандир.

Бир ишда ташқаридан сабрли бўлиб кўриниш ич-ичдан сабр қилишга нисбатан осон. Бундай киши ташқарисида ўзини шодон қилиб кўрсатса-да, аслида ичи айрилиқ оғриғи туфайли аламли ва бедор. Бу эса инсоннинг ботинини вайрон қиладиган нарсадир. Зеро, мукаммал сабр бу қалбинг билан Аллоҳдан рози бўлмоғингдир. Нафсинг эса Аллоҳнинг хукмларидан шодланишидир. Зеро, Аллоҳ таоло сенга Ўзини ва Ўз ҳукмини яхши кўришни ёқимли қилиб қўйибди. Нафсинг эса аламли синовлар билан тарбиялаб қўйибди.

Айнан мана шу комил сабрдир. Чунки Аллоҳнинг ҳукмини севишда ҳаловат бор, ўлим келган бир яқинингдан ажралиб қолишда жудолик алами бор. Демак, жудолик алами нафсда, ҳаловат қалбда бўлади.

Ғам-алам жойидан оташ-олов кўтарилар экан, кўздан ёш сув бўлиб оқишига олиб келади. Фироқ сабабли нафсда айрилиқ алами кўтарилганда эса, бу алам Аллоҳнинг муҳаббати билан топилган сабр ҳаловатига тўқнашиб кучдан қолади. Чунки уларнинг ҳар иккиси дилда бирлашганда алам нобуд бўлиб, икки туйғудан Аллоҳга бўлган муҳаббат устивор бўлгани боис ҳаловат сақланиб қолади. Агар шундай бўлмаганда бу ташқи шодликдан қутулиб бўлмас эди.

Мусибатни қаршилаётганда куёвлардай ясаниб олишда риё ва сунъийлик аралашиб қолади, деб қўрқаман. Чунки инсон ўша мусибат боисидан Аллоҳ таолога исён қилишдан аъзоларини сақлаб туришининг ўзи кифоя қилади. Бу эса зоҳиран қилинган сабрдир.

Албатта, кимки илоҳий буйруққа  бўйсинишда сабр қилолмай нуқсонга йўл қўйишдан қочиб, отасининг  вафоти пайтида қилгани каби табассум қилса яхши кийимларни кийиб олса, бу ҳам яхши, лекин юқоридаги ишдан даражаси пастроқдир.

Аммо яхши билиб қўйиш лозимки, жуда қаттиқ куйдирадиган мусибат тўсатдан бировнинг бошига тушса малакут оламида унинг обрўси жуда катта бўлади. Шундай катта обрўсига қарамасдан мусибат учун куёвлардай ясаниб олса, элга тўй берса. Ёхуд уйида бақир-чақир ва дод фарёд қилувчи айтимчиларни тўпласа, бу жуда хунукдир. У ҳаддан ошиб, жоҳиллик исми билан аталишдек юкни ўз зиммасига олибди. Бу иши билан у Аллоҳ таолонинг савобини истаб қилса ҳам, бизнингча бу жоҳилликдир. Агар бу иши билан ясама сохтакорликни истаган бўлса, шубҳасиз, бу жуда хунук ишдир.

Демак, мусибатга бардошли, имони бақувват зотларнинг одати ҳар бир ишни ўз ўрнида қилишдир. Шодлик ўз ўрнида, қайғу ўз ўрнида. Зеро, шодлик билан қурбат ҳосил қилинганидек, қайғу билан ҳам Аллоҳ таолога яқинлашиш мумкин. Чунки буларнинг хаммаси Аллоҳ учундир, Аллоҳ биландир. Агар бир киши сабр ўрнида шукр қилса, ушбу шукр учун бир ўрин бўлади. Кимдир гуноҳ қилаётганида «Алҳамдулиллаҳ» деб қўйса, мана шу гапи учун ҳам бир ўрин бор. Лекин «Алҳамду» одатда неъмат берилган ўринда айтилади, гуноҳ пайтида эса истиғфор айтилади. Неъмат пайтида шукр қилинади, машаққат пайтида сабр қилинади. Агар уларнинг ўрнини алмаштириб айтсанг, бириси бошқасининг ўрнигача кенгайиб кетганини кўрасан. Лекин бу тадбирдаги нуқсон ишларни тескари қилинишидир.

Ривоят қилинишича, Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) бир жойда ўтирган эканлар. Олдиларидан Умар ибн ал-Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ўтиб қолибдилар. Дарҳол Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) биринчи бўлиб салом берганларида Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу): «Эй Абу Мухаммад, суннатни тескари қилмадингизми?» деб, бу ишлари учун шунчаки танбеҳ бердилар. Чунки суннат бўйича саломни ўтиб кетувчи ўтирувчига бериши керак. Чунки ўтувчи ўтирувчи устига кириб борувчи ҳисобланади. Салом бандаларнинг ўзаро омонлашиш ваъдасидир. Демак, омонлик бериш кириб борувчи томонидан бўлади, яъни мендан сизга саломатлик, омонлик бор деган маънода. Агар мана шу иш тескари қилинса, бу ишда нуқсонга йўл қўйилган бўлади.

Одам (алайҳиссалом) болаларининг саййиди бўлмиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мусибат пайтида Аллоҳ таолонинг буйруғига таслим бўлдилар, Аллоҳ таолони улуғладилар, йиғладилар ва хафа ҳам бўлдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўғиллари Иброҳим вафот этганларида йиғладилар. Сўнгра бундай дедилар, «Бу фақатгина раҳматдир. Кимки раҳм қилмаса, унга раҳм қилинмайди, қалб қайғуради, кўз ёш тўкади. Биз эй Иброҳим, Парвардигорнинг ғазабини келтирадиган сўзларни айтмаймиз, ҳолбуки Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Сенга ундан ҳам қаттиқроқ қайғурамиз».

Сўнгра саҳобаларга қараб: «Мен сизларни икки аҳмоқ ва гуноҳли овоздан қайтарган эдим: мусибат пайтидаги дод-фарёд ва неъмат пайтидаги овоздан», — дедилар.

Бу дод-фарёд ғазаб пайтида, норозилик ўрнидан чиққан бир қичқириқдир. Мизмор эса шайтоннинг беҳуда қўшиқларидир. Шайтоннинг овози мизмор овози билан аралашиб келади ва бу нарса бутларнинг овозига қўшилиб кетади. Натижада бутпарастларнинг қалблари таъсирланиб асир бўлиб қолади. Буни биз «Хатм ал-авлиё» номли китобимизда батафсил баён қилиб берганмиз.

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) Саъд ибн Муоз (розияллоҳу анҳу) вафот этганларида бундай дедилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар қаттиқ қайғурсалар соқолларини тутардилар».

Қуръони каримда Пайғамбарлардан Яъқуб (алайҳиссалом) зикрларини ўқидик, у зот Юсуф (алайҳиссалом)га қаттиқ қайғуда бўлдилар. Аммо Аллоҳ таоло у зотни ичларида кечган бу ғам чекишлари учун гуноҳкор қилмади. Болаларидан яна бири ўғрилик тўҳматига қолиб қамоққа тушиб қолгач, бундай дедилар: «Кейин улардан юз ўгириб: «Эссизгина Юсуф!» деди» (Юсуф сураси, 84-оят).

Оловда куйиш сабабидан янграган қичқириқ ва таассуф нидоси аслида қайғуришдан ҳосил бўлган хафаликдандир. Қайғуришда куйиниш хусусияти бўлади. Унинг асл манбаси инсон аъзоларидан талоғида бўлади.

Бизга отамдан, Исмоил ибн Сабиҳ ал-Яшкурийдан, Салоҳ ибн Вақод ал-Ансорийдан, у Саъд ибн Тарифдан, у Икримадан, у Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, «Довуд (алайҳиссалом) ўғилларидан: «Эй, ўғилчам, ҳамдардлик сенинг қаерингда туради ва раҳмат қаерингда бўлади?» — деб сўрадилар ва кейин ўзлари ҳамдардликнинг  ўрни талоқдир, раҳматнинг жойи эса жигардир», -дедилар.

Демак, ушбу ҳамдардлик қўзғалиб қолса, унинг иккита учқуни бўлади. Агар ўша учқун қалбга тушса қалбнинг ташқариси ва юзини куйдириб юборади. Шунда қалбнинг кўринишини бирон-бир иссиқ нарсадан куйиб қолган тилга ўхшатиш мумкин. Қалбларнинг усти ерга ўхшаб ғадир будир бўлиб қолади.

Яқуб (алайҳиссалом) «ё асафа» деганларида қайғуришнинг манбаи бўлган аслга мурожаат қилиб «ё асафа» дедилар. Албатта бу нидога Юсуф (алайҳдссалом)дан узоқ муддат дарак бўлмагани учун у кишидан ажралиб қолишдан қўрқиб қайғуриш сабаб эди. Зеро, у зотнинг ўлганликлари хабари ҳам келмади. Агар бундай хабар келган бўлганида Аллоҳ таолонинг ҳузурида деб ҳисоблаб, ўғилларини Аллоҳ таолога восил бўлгани учун қалблари хотиржам тортган бўлар эди.

Аллоҳ таолонинг Пайғамбарлари халойиқнинг ичида энг кўп қайғурадиган ва унга бундай қайғуришлар жуда кўп тушган зотлар ва энг раҳмдил хилқатлардир. Шунинг учун Яъқуб (алайҳиссалом)да қайғуриш алангаланиб кетди. Оташ ва аланга энг юқори чўққисига етганда «Эссизгина Юсуф!» — деб юбордилар.

Қаттиқ қайғуриш алам ва ғазабнинг ниҳоятда кучли эканлигидан далолат беради. Чунки ғазабда куйиш бор. Бу ҳақда ояти каримада айтилган:

«Бас, қачонки, улар ғазабимизни оширишгач, Биз улардан интиқом олдик — барчаларини (сувга) ғарқ қилиб юбордик»  (Зухруф сураси, 55-оят)

Аллоҳ таоло «Менинг ғазабим қаттиқ чиққанда кофирларга нисбатан алангаланади ва ундан учқун учиб, Фиръавн ва унинг қавмидан интиқом олиш бошланади», — деган маънода хабар беряпти.

Яъқуб (алайҳиссалом) бундай афсусли нидо қилганларининг сабаби, бу ҳолат у кишида қайғуриш олови қаттиқлашган пайтда юз берди. Эътибор берсангиз қайғу нидоси «Ё» ундов мурожаати билан келмоқда. Қуръони каримда у зотнинг нидо қилган чоғларини Аллоҳ таоло бундай хикоя қилган: «Кейин улардан юз ўгириб: «Эссизгина Юсуф!» деди. Ғам ғуссадан унинг кўзлари оқариб (ожиз бўлиб) қолди ва у энди маҳзундир» (Юсуф сураси, 84-оят).

Яъқуб (алайҳиссалом) ғазабларидан бир учқун чақнагач «Ё Юсуфоҳ», яъни «Юсуфга вой бўлсин» демадилар. Чунки Юсуф (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг ҳукмида эканлигини билган эдилар. Яъқуб (алайҳиссалом) буни Пайғамбарлик нури билан билсалар ҳам халойиқ билмасди. Кейинчалик бу нарса ҳаммага ошкор бўлди.

Бизга Абдуллоҳ ибн Абу Зиёд, Сайёр, Абдуллоҳ ибн Абу Самит ибн Ажлондан хабар қилинишича, у зот оталарининг сўзларидан қуйидагиларни ҳикоя қилганлар: «Бизга етиб келган ривоятда айтилишича, Аллоҳ таоло Яъқуб (алайҳиссалом)га «Менга шикоят қилаяпсанми? Иззатимга қасамки, менга дуо қилмагунингча ғамингни аритмайман», деди. Шу пайт Яъқуб (алайҳиссалом) айтганлари Қуръони каримда келтирилган. «У айтди: «Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан ва мен Аллоҳнинг (меҳрибонлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман» (Юсуф сураси, 86-оят). Шунда Жаброил (алайҳиссалом) келиб, Яъқуб (алайҳиссалом) га: «Эй Яъқуб, сен шикоят қилаётган нарсангни Аллоҳ таоло сендан яхши билади», — дедилар.

Албатта бу гапни аввалроқ Яъқуб (алайҳиссалом) билан қуйидаги савол- жавоб бўлиб ўтишидан илгари айтганлар. Яъқуб (алайҳиссалом)дан «кўзингизни нури нима сабабдан кетиб қолди», — деб сўраганларида, «Юсуфга ғам чекканим туфайли», — дедилар. У кишидан яна «Сизни қаддингизни нима букиб камон қилиб қўйди», — деб сўраганларида, «унинг укасига бўлган қайғум» , — дедилар. Шунда Аллоҳ таоло у зотга ваҳий қилиб, «Менга шикоят қилаяпсанми, Иззатимга қасамки, то Менга дуо қилмагунингча ғамингни аритмайман», — деди[1].

Хулоса қиладиган бўлсак, бандаларга бериландиган мусибатлар Аллоҳ таолонинг ҳохши билан бўлар экан. Биз бандалар мусибатларга сабр қилиб, Аллоҳдан савоб умид қилсак, Аллоҳ таолодан бўладиган саловотлар ва раҳмат ила мукофотланар эканмиз.

Ўзбекистон Халқаро ислом академияси

 2-босқич магистранти,

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти

ўқитувчиси Халиков Нурулло

[1] Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг “Ал-Манҳийёт” китоби асосида тайёрланди