Тариқат – муридбозлик, мансаб, мол-дунё орттириш манбаи эмас
20

Юртимизда дин эркинлиги яратилган бугунги кундаги баъзи ўзларини тасаввуф ва тариқатга мансуб деб биладиган кишиларнинг ҳатти-ҳаракатлари, айтаётган сўзлари кўпчиликни ажаблантирмоқда. Уларни оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилишлари ҳар-хил нотўғри фатво ва қарашлари муқаддас динимизга доғ бўлиб тушмоқда.Тариқат, тасаввуф аслида руҳий-маънавий покланишга даъват этадиган инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи таълимотдир. Унинг намоёндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Сир эмас, қадим-қадимдан тасаввуф халқимизнинг маънавий юксакликка эришувида беқиёс хизмат қилган. Тасаввуф узоқ даврлар мобайнида халқни ягона мақсад атрофида бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталари илдиз отишига замин яратган. Ҳозир ҳам дунёнинг кўп мамлакатларида Баҳоуддин Нақшбанд ва Нақшбандия тариқати катта нуфузга эга. Чунки мазкур тариқатда ислом шариати мезонлари бузилишига йўл қўйилмай, чин инсоний фазилатлар улуғланган. Тасаввуф Мовароуннаҳр мусулмон мамлакатлари ижтимоий-маънавий ҳаётига, фан, маданият ва адабиёт ривожига катта ижобий таъсир кўрсатганини мутахассислар қайд этганлар.
Тасаввуфий қарашларнинг яхлит таълимотга айланиб, ислом ўлкаларига кенг ёйилиши ва инсонлар ҳаётида муҳим воқеъликка айланишида улкан ҳисса қўшган мовароуннаҳрлик, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Муҳаммад Порсо, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёр ва бошқа олимларнинг араб, форс ва туркий тилларда битган асарлари Ислом оламида ҳозирга қадар эъзозланади. Шуни алоҳида қайд этиш зарурки, ўрта асрларда энг кенг тарқалган уч тил – араб, форс ва туркийда асарлар бита олиш малакаси асосан Мовароуннаҳр уламоларида шаклланган. Зеро, минтақа аҳолисининг талаб ва эҳтиёжи шуни тақозо қилган эди.
Аслида тариқат – руҳий, маънавий покланишга даъват этувчи, инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи йўналиш бўлиб, ислом дини кенг тарқалишида тасаввуф ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, тасаввуф таълимоти вужудга келган даврда халқни ягона мақсад атрофида бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталари илдиз отишига замин яратган.
“Тасаввуф” атамасининг келиб чиқиши тўғрисида бир неча қарашлар мавжуд. Уларнинг аксариятида мазкур атаманинг арабча “суф” – “жун” сўзидан келиб чиққани қайд этилади. Аввало, бу атама луғавий маъно жиҳатидан тўғри. Негаки, кўп ибодат билан машғул кишилар кийимни жуда содда кийишган. Одатда уларнинг кийимлари фақат жундан иборат бўлган. Зеро, тасаввуфга эргашган шахслар таналарини риёзатга чиниқтириш учун ҳамда дунёнинг моддий бойликлари дабдабасидан юз ўгирганликларининг исботи сифатида қаттиқ жундан тўқилган либос кийиб юрганлар.
Афсуски, кейинги йилларда айрим шахслар тариқатни муридбозликка, мансаб, мол-дунё орттириш манбаига айлантириб олдилар. Шу сабабли улар ҳақида сўз юритишга мажбур бўлмоқдамиз. Мақсадимиз кимнидир, ниманидир айблаш, узоқ тарихга эга тариқат йўналишини танқид қилиш ёки тасаввуфни инкор этиш эмас. Бироқ, муборак динимизнинг асл мазмун-моҳиятини бузиб, унинг ҳаётбахш таълимотларини нотўғри талқин қилувчиларни кўриб, томошабин бўлиб туриш ҳам инсофдан эмас.
Нақшбандия тариқати таълимоти бўйича ҳалол касб билан оиланинг нафақасини таъминлаш муҳим ишлардан ҳисобланади. Оила ва фарзандларни тарк этиб, ўз манфаати йўлида узоқ жойларга кетиб қолиш шариат қонунларига ва тариқат кўрсатмаларига мутлақо тўғри келмайди. Диний ва миллий қадриятларга путур етказадиган, халқимиз бирлигини бузадиган ишлар жамиятимиз учун салбий ишлардир. Улардан на динимизга, на тасаввуф тариқатига бирор манфаат бор.
Мақсадимиз маърифий ислом ва анъанавий ҳанафий мазҳаби йўналишига оғишмай амал қилиш ва тўғри йўлни инсоф нуқтаи назаридан қабул қилиш экан, тариқат – Аллоҳ ва Расулини севиш, ота-онага, устозга, барча мўъмин-мусулмонларга меҳр-муҳаббат кўрсатишлигини унутмаслик керак.
Сўзимизнинг охирида шуни айтамизки, жоҳилликнинг давоси илмдир шу сабаб, аслни сохтадан, яхшини ёмондан ажратиш учун ҳам илм-маърифатли бўлишимиз ва бугунги ёш авлодларимизни ҳам илм олишга тарғиб қилмоғимиз даркор.
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
