Ўтганларни ёмон сифатлар билан хотирламанг!

27

Аллоҳ таоло ўтганларимиз ҳақида яхши гапларни гапириш жоиз эканлиги ҳақида шундай дейди:“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбиларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”, деб марҳамат қилади. (Ҳашр сураси, 10-оят).
Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “”Тафсири Ирфон”да:” Оятдаги “улардан кейин келганлар” дан мурод, муҳожирлар ва ансорийлардан кейинги келган тобеиънлар ҳамда улардан сўнг қиёматгача келадиган мусулмонлардир. Бу ояти кариманинг  боши билан охирини боғлабтурувчи силсила намоён бўлади. Кейинги келган мусулмонлар авлоди, ким бўлишидан қатъий назар, ўзидан аввал ўтган вафот этиб кетганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳақларига яхши дуолар қилишади олдин ўтиб кетганларни сўкиш, уларни хорлаш, шаънларига номуносиб сўзларни айтиш мусулмон умматига хос бўлмаган ишдир. Ибн Касир тафсирида келишича,Оиша (р.а.) шундай деган эканлар:”Мен Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг “Бу уммат кейингилари олдингиларини лаънатламагунча йўқ бўлмайди” деганларини эшитганман” (Бағавий ривояти). Демак, ўтган буюк зотлар ва алломаи замонларни беҳурмат қилиш, уларни лаънатлаш умматнинг ҳалокатига сабаб бўлар экан”.
Яқинда интернет тармоғи орқали Шайх Содиқ Самарқандий “Ашъарий аҳли суннанинг имоми эмас, ўзининг мазҳабининг имоми, Ашъарийлар имоми. Асли у киши ашъарийликни ташлаб, имом Аҳмаднинг ақидасига ўтган. Демак, у кишининг имомати аҳли сунна йўлида эмас” деган гапларни айтди.
Аслида, ундай эмас. Ашърий ўз даврида  мўътазила ва шу каби бошқа оқимларнинг фикрларини  рад қилади ва “аҳли сунна имоми”, “аҳли сунна ҳомийси” деган номга сазовор бўлган “Аҳли сунна вал–жамоа” имоми ҳисобланадилар. .
Интернет тармоғидан туриб, очиқдан-очиқ ўтган уламоларни ёмон сифатлар билан ёд этиш мусулмон кишининг одати эмас. Аксинча, мусулмон киши уларни  яхши сифатлар билан ёд этиши лозим.
Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)  “Бу дунёдан ўтган биродарларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини хотирлашдан сақланинглар”, деб сиз-у бизга эслатма берганлар.
Шундай экан, ўтганларимизни, хусусан, ўтган алломаларимизни яхши сифатлар билан хотирлайлик, ўтганларни ёмон сифатлар билан ёд этишдан сақланайлик!

Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими