Тинчлик ва осойишталик йўлида йўлида бир тану, бир жон бўлайлик!
22

Аллоҳ таоло бандаларига ўз фазли карами билан беҳисоб нематларни ато этган. Ана шу неъматлардан бири тинчлик ва осойишталикдир. Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.
Бегуноҳ одамларнинг жонлари ва молларига қасд қилиш хусусан ўлдириш қатъиян ман этилган. Айниқса мўъмин — мусулмонларга ўзлари каби мўъминлрни ўлдириш қатъий ҳаром қилинган ва бунинг жазоси албатта жаҳаннам бўлиши ҳақида огоҳлантирилган. Шунинг учун тинч — тотувликда, ўзаро ҳамжиҳатликда яшаш жамиятда хотиржамлик ва фаровонлик бўлишининг омили ҳамда Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун бир восита эканлигини унутмаслик лозим.
Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини барчамиз бирдек англайвермаймиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом таъкидлаганидек: “Икки неъмат борки кўпчилик одамлар унинг қадрига етишмайди: булар тансиҳатлик ҳамда тинчлик — хотиржамликдир”.
Дарҳақиқат, инсонга бирор неъмат келса, ҳамма ҳам унинг қадрига бирдек етавермайди. Бу неъматлар қўлдан кетгач пушаймондан не фойда? Неъматларнинг қадрига етиб, уни асраб – авайлаган инсонлар эса бу неъматлардан узоқ вақт баҳраманд бўлиши шубҳасиз. Моддий қийматга эга бўлган неъматлар қўлдан кетгач қайта топиш мумкин. Аммо тинчлик — хотиржамлик, соғлик каби бебаҳо неъматларни йиллар давомида ҳам қайта тиклаш мушкулдир.
Бугунги кунга келиб ер юзининг турли бурчакларида рўй бераётган нотинч вазият сабабли дунёнинг қиёфаси бошқача тус олди. Ёвуз кучлар муқаддас ислом динига путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фисқу фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга урунмоқдалар. Улар бузғунчи ташкилотлар ёки маълум доиралар манфаати йўлида дин ниқобидан фойдаланиб ҳамма ерда фасод уруғини сочишмоқда.
Жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимизнинг янада фаровонлигига эришамиз.
Дунёда рўй бераётган турли ноҳуш ходисалар биздан доимо огоҳ ва хушёр бўлишни тақозо этади. Ана шу ҳолатни эсдан чиқармай, ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва адлат билан ҳаракат қилишимиз, тинчлик ва инсонпарварликка ундовчи ғояларни рўёбга чиқариш йўлида бир тану, бир жон бўлиб ҳаракат қилмоғимиз лозимдир.
Сирожиддин Жаҳонов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
