Сохта салафийларнинг Дорул-ислом тушунчасини нотўғри талқин қилишларига раддия
20

Интернет тармоқларида ҳамма мамлакатлар куфр диёри бўлиб, қачонки Ислом давлати бўлса, дорул-ислом бўлади, деган даъволарни қилишмоқда. Бу даъво нотўғри даъводир.
Дорул-ислом иборасини араб тилидан таржима қилинганда “ислом ҳудуди, ислом диёри”, – деган маъноларни англатади. Истилоҳда эса, ислом арконлари амалда намоён бўлган ҳудудга “ислом диёри” нисбати берилган.
Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ислом диёри – ислом ҳукмлари зоҳир бўлган ердир”, – дейдилар. Бошқа фуқаҳолар эса: “У – Пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ёки Қуръони каримни илоҳий эканлигини эътироф этиб, уларга ижобий муносабатда бўлган ёки худосизликдан иборат очиқ куфр хусусият намоён бўлмаган ҳудуд”, – дейдилар.
Дарҳақиқат, муҳаддис ва тарихчиларнинг таъкидлашларича, Пайғамбаримиз бирор-бир ҳудудга юриш қилганида у ерга кирмасдан олдин, тонг отишини кутган, агар азон эшитилса юриш қилмаган эканлар. Шу сабабли кўпчилик фуқаҳолар, жумладан, Абу Умар ибн Абдул Барр: “Азон – ислом ва куфр диёрлари орасини ажратиб берувчи белгидир”, – деганлар.
Демак, ислом диёри деганда, қайси ҳудудда мусулмонлар кўпчиликни ташкил этган ва уларнинг манфаати устун бўлган ҳамда ислом арконлари амалда намоён бўлган диёрга нисбатан қўлланилган.
Дорус-сулҳ. Бу ибора “сулҳ диёри” деган маънони англатиб, дастлаб мусулмонлар томонидан олиб борилган фатҳлар чоғида маълум солиқ тўлаш эвазига ғайридинларнинг ҳуқуқий ҳолатини кафолатлаш бўйича сулҳ шартномаси тузган ўлкага нисбатан ишлатилган.
Сўнгги асрларда ислом диёрлари билан кўп томонлама ёки икки томонлама шартнома тузган бошқа дин вакиллари яшайдиган ҳудудларга нисбатан “дурус-сулҳ”, “дорул-аҳд”, “дурул-муоҳада” ёки “дурул-муводаъа” каби иборалар қўлланилмоқда. Бу ибораларнинг истилоҳий маънолари яқин бўлиб, уларнинг негизида ислом диёрлари билан ўзаро бир-бирларини ҳурмат қилиш, дўстона алоқа ўрнатиш ҳамда уруш қилмаслик каби тамойиллар акс этган.
Дурул-куфр (ёки дорул-ҳарб). Мазкур ибора куфр диёри (уруш диёри) деган маънони англатиб, ислом фақиҳлари томонидан мусулмонлар билан уруш ҳолатида бўлган диёрларга нисбатан қўлланилган. Истилоҳда куфр (ҳарб) диёри ислом дини умуман кирмаган, яъни куфрга асосланган жамиятга нисбатан қўлланилган. Бироқ аввал ислом, кейин куфр (ҳарб) диёрига айлантирилган ҳудуд ислом диёри ҳукмида қолаверади. Умуман олганда, куфр (ҳарб) диёри деб, ҳақиқатда ислом диёри билан уруш қилмаётган, лекин амалда бунинг хавфи бор бўлган ҳудудга нисбатан қўлланилган. Агар ўртада тинчлик шартномаси тузилган бўлса, куфр (ҳарб) диёри деб аталмаган.
Ислом уламолари куфр ва ҳарб диёрлари тушунчалари ўртасини ажратмайдилар. Гарчи куфр диёри мусулмонлар билан ўртада уруш бўлмаган ҳудудга нисбатан тушунилса-да, мусулмонлар билан уришаётган ҳарб диёри ҳам тинчлик вақтида куфр диёри ҳукмида бўлган. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир ҳарб диёри куфр диёри деб ҳисобланган.
Мазҳаб соҳиблари ўртасида куфр диёри ислом арконлари пайдо бўлиши билан ислом диёрига айланишни ўзаро иттифоқ қилганлар.
Тушунчалар мазмун-моҳияти ва уларнинг бугунги кундаги ўрни.
“Диёр” сўзи ҳозирда “давлат” атамасига тўғри келади.
Ўрта асрларда сулҳ диёри иборасига нисбатан ислом ва куфр диёрлари тушунчалари мусулмон ўлкаларида кўпроқ қўлланилиб, шу мазмундаги манбаларда асосий урғу берилган ва муҳокама қилинган тушунчалар бўлган.
Манбаларга кўра, “дорул-аҳд” ва “дорус-сулҳ” тушунчалари истилоҳга илк бор Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан киритилган.
Бугунги кунда Ер юзида исломни етказиш мумкин бўлмаган ёки куфр диёри деб номлашга лойиқ макон қолмади. Илгари шу ном билан аталган диёрлар ҳам ҳозирда кўпинча сулҳ диёри дейилмоқда.
Н.Абдуллаев Косон туманидаги «Катта масжид» жоме масжиди имом-хатиби
