Аллоҳ таоло осмонда ҳам ва бирор тарафда ҳам эмас

16

                                                 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга  беҳисоб саловотларимиз бўлсин!

Минг йиллардан бери Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳар бир гапини, ҳар бир фатвосини, ҳар бир фикрини бирма бир батафсил ва мукаммал равшда ўрганиб, таҳлил қилиб, амал қилиб келаётган мўмин  ва  мусулмонлар орасида ихтилоф чиқариб. Аллоҳ осмонда деб оммани чалғитадиган тоифалар ҳам бор.

Аҳли сунна вал жамоа, яъни мотуридийлар ва ашъарийлар эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло осмонда ҳам ва бирор тарафда ҳам эмас деб эътиқод қилинади.   “Аллоҳ таолони” осмонда дейиш ёки бирор жойда ўрнашган деб эътиқод қилиш мутлоқо жоиз эмас. Чунки осмонни ҳам, маконни ҳам у зотнинг ўзи яратган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг ҳадисларининг бирида шундай деганлар: Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаганди (Имом Бухорий ривояти). Маконга жойлашиш яратилган нарсаларнинг сифати хисобланади. Яъни, ҳар бир яралмиш борки, катта ёки кичик ўрин эгаллайди. Аллоҳ таоло эса бундан пок ва олийдир. Аллоҳ таоло ўзини васф этиб шундай мархамат қилади. “У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У ўта эшитивчидир, кўриб турувчидир”. (Шўро сураси, 11-оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўз зотида, сифатида, амалларида яккаю ягонадир. Аллоҳнинг зотини, сифатини ёки амалларини махлуқотнинг зотига, сифатига ёки амалларига ўхшатиш гуноҳи азимдир. Аллоҳнинг зотига ўхшаш зот йўқ. Аллоҳнинг сифатига ухшаш сифат йўқ. Аллоҳнинг исмига ўхшаш исм йўқ. Аҳли сунна ва жамоанинг эътиқоди шудир. У зот Бандалари нима деб юрганини эшитиб туради, нима қилаётганини кўриб туради. Модомики шундай экан, бандалар бирор гап айтишдан ё бирор иш қилишдан олдин ушбу ҳақиқатни ҳисобга олишлари лозим.

Демак ушбу далиллардан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз Аҳли сунна вал жамоа эътиқодидагилар Аллоҳ таоло хақида шундай эътиқод қиламиз: Аллоҳ таоло бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Агар кўнглимизга Аллоҳ қаерда деган савол келадиган бўлса, иймон ва ихлос билан. Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот булган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган деймиз.

К. Нормуродов,

Чироқчи туманидаги “Файзулло хожи”

жоме масжид имом-хатиби