Конституция – халқ хоҳиш-иродасининг олий ифодаси
38

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилиниши Ўзбекистон халқининг инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида, ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясининг қабул қилиниш асосини ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси давлатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори, халқ хоҳиш-иродасининг олий ифодаси эканлигини ҳаётда намоён этмоқда.
Мазкур Конституция олий даражадаги қонун сифатида давлатимиз қиёфасини, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузумини, бошқарувнинг демократик принципларини, жамият ривожланишининг стратегик йўналишларини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганлигини ҳамда маънавий қадриятларимиз ҳаётийлигини мустаҳкамлаб берди. Жумладан, мамлакатимиз Конституцияси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари борасида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг барча асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдиргани билан бирга энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган.
Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади” –дейилган норма ҳам ҳаётда ўзини намоён этмоқда. Бугун янги институт сифатида “Халқ қабулхоналари”, “Виртуал қабулхоналар”, “Ишонч телефонлари”, “Сайёр судлар”, “Ҳоким ва тўрт сектор ҳамкорлигида халқ дарду-ташқиши, муаммоларини ҳал қилиш” институтлари фаолият юритмоқда. Халқнинг барча муаммолари ўрганилиб, қонуний ечим топаётгани Конституциянинг 13-моддасида белгиланганидек, “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Қувонарли томони, илк бора Ўзбекистонда яшовчи аҳолининг ҳақиқий турмуш тарзи ўрганилди ва ана шу қатламга алоҳида эътибор берилди. Бунда аҳолига ижтимоий ёрдам бериш илинжида янги темир дафтар жорий этилиб,эҳтиёжманд қатлам хонадонма-хонадон юриб аниқланди.Ҳатто синовли йил бўлиб келган жорий йилда аҳолига энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, пандемия шароитида ҳатто дори-дармон маҳсулотлари етказилди. Шу билан биргаликда мамлакатимиз давлатнинг бундай эътибори ўлароқ, аҳолининг бой қатламлари ҳам ўз ёрдамларини аямадилар. Бундай олижаноблик айнан қомусимиз бўлмиш Конституцияда инсон манфаатлари тўғрисида айтиб ўтилгани каби, миллати, дини, ирқидан қатъий назар барча аҳоли қатламларига бир хил эътибор қаратилганлиги сир эмасдир.
Халқпарвар ва инсонпарварлик сиёсати пандемия шароитида хорижга меҳнат қилишга кетган фуқароларимизни ҳам ҳимоя қилгани айни ҳақиқатдир. Республикамизнинг барча ҳудудларида зудлик билан барпо этилган шифохона, тиббиёт масканлари инсон саломатлиги йўлидаги олий қадриятдир. Бу ҳақида давлатимиз раҳбарининг “Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга қўйилган баҳодир”, “Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз”, деган таъкидлари ҳаётий ҳақиқат бўлиб, Конституциянинг 14-моддаси яъни, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширишдир.
Шунингдек, 45-моддада вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги, 64-моддада эса, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантириши, шунингдек, 66-моддада вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликларини мустаҳкамлашлиги ёрқин намунасидир.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди. Бешинчи мақсаднинг вазифаларига (гендер тенглик) мувофиқ, 2030 йилга келиб, барча хотин –қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ самарали иштирокини, етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб бормоқда.
Бугун халқимиз янги Ўзбекистонни қуриш, Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишдек эзгу ва улуғвор мақсад йўлида ёруғ келажак сари илгарилаб бормоқда. Бундай улкан мақсадларга эришишда юртимизда хотин – қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, жамиятимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, албатта, ўз самарасини берди.
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
