Эй фарзанд шуни бил эсингда сақла!

18

Бизнинг туғилиб, эс-ҳушимизни танишимизда, вояга етиб, билим ва касб эгаллашимизда, инсоний фазилатлар ва яхши хулқ соҳиби бўлиб етишишимизда, хулласи жамиятга муносиб комил инсонлар қаторидан жой олишимизда ота-онанинг буюк ҳиссаси борлигини ҳеч ким инкор қилолмаса керак.

Ояти карималарда ҳар бир иймон-эътиқодли киши ота-онасига меҳр-муҳаббат сўраши баробарида, Аллоҳдан уларга шафқат ва марҳамат тилаш лозимлиги, улар кексайган чоғда ширин сўз ва мурувватни аямаслик, бирор марта бўлсин уларга қараб уф тортмаслик лозимлиги таъкидланган.

Отамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлади, вояга етишимизда ўзининг саъйи-ҳаракатлари, ибрати, рўзғор юритиши билан фаол иштирок этади. Бизнинг камолга эришувимиздаги онанинг беқиёс хизматларини таърифлашга эса тил ожиз, қалам ноқис, сўз танқис. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир” деганлар ва умматларидан бу дунёда жаннат излаганларни онани рози қилишга, унинг дуосини олишга тарғиб қилганлар. Бир аъробий Пайғамбар алайҳиссаломдан: “Менда отамнинг ҳаққи кўпми ёки онамнинг?” деб сўраганида у зот уч мартагача “Онангнинг ҳаққи” деб жавоб қайтарганлар ва тўртинчи марта сўралганда “отангнинг” деганлар. Бир йигит саҳобалардан: “Онамни елкамга кўтариб Маккага олиб бориб, етти марта Каъбани тавоф қилдирдим, энди унинг ҳаққини адо қилолдимми?” деб сўраганида улар: “Йўқ, бу хизматинг билан у сени эмизиш учун бир марта уйқусини бузганини ҳам рози қилолмадинг” дейишган экан.

Донишманд айтади:

Эй фарзанд шуни бил эсингда сақла,

Онангни ҳурматлаб рози қил уни.

Онасин норози қилган фарзандлар,

Дўзахга ўтиндир қиёмат куни.

Ривоят қилинадки, бир юртда ота ва унинг ўғлини ўғирликда гумон қилиб қўлга олишди. Қози уларнинг ҳар бирига қирқ даррадан уриш ҳақида ҳукм чиқарди. Жаллод шу заҳоти қўлига қамчини олди ва аввал отанинг елкасига қирқ дарра урди. Отанинг елкаси қонталаш бўлиб кетса-да, ҳолдан тойса-да, “миқ” этмай тураверди.

Навбат ўғлига етди. Бола ҳали ўн олтига ҳам тўлмаган, нимжонгина эди. Жаллод боланинг елкасини яланғочлаб, бир қамчи ургани заҳоти ота бор овози билан оҳ тортиб юборди. Унинг фарёди барчани ҳушёр торттирди. Қози унга юзланиб сўради:

“Эй, ғофил банда, ўзингни қирқ дарра урганимизда овозинг чиқмади. Нега ўғлингнинг елкасига қамчи тегар текмас, дод соласан?”

“Ҳазратим, — деди ота. – Олдинги қирқ дарра курагимга текканди. Чидадим. Буниси эса, юрагимга тегди, чидолмай дод солдим.

Ҳа, отанинг меҳри, шафқатини ҳам ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмас экан.

Ота-она ризоси ер юзидаги барча динлар ва барча халқларда муқаддас бурч ва қадриятлардан саналади. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “Аллоҳ таоло Тавротда, Инжилда ва Қуръонда, барча пайғамбарларга розилигим ота-онанинг ризосида, ғазабим уларнинг ғазабидадир, деган”.

Дарҳақиқат, дунёнинг буюк санъат ва адабиёт дурндоналарида ҳам ота-она даҳосига нисбатан беқиёс ҳурматни кўриш мумкин.

Буюк мутафаккир ҳазрат Навоий асарларида ҳам бу масалага катта ўрин берилган. Фарҳод, Қайс сингари қаҳрамонлар сиймосида ошиқлар тимсоли яралган бўлсада, улар ҳеч қачон ота-она олдидаги вазифаларини унутиб қўймаганлар.

Навоий фарзанд отаси учун керак бўлса бошини, онаси учун жисмини фидо этмоғи, кундузи нур сочганлари туфайли уларнинг бирини ой, бирини қуёш деб билмоғи лозимлигини таъкидлайди:

Бошни фидо айла ато қошиға,

Жисмни қил садқа ано бошиға.

Тун-кунингға айлагали нур фош,

Бирисин ой англа, бирисин қуёш.

Кимки бошига тушадиган кулфатлардан халос бўлишни хоҳласа, кимки қилиб қўйган гуноҳлари мағфират қилинишини истаса, кимки ризқи кенг ва умри узун бўлиши учун ҳаракат қилаётган бўлса, кимки дунёси ҳам, охирати ҳам обод бўлиши учун интилаётган бўлса, кимки қилган амаллари қабул бўлиши,  гуноҳлари кечирилиши ва жаннатга кириши учун уринаётган бўлса, албатта ота-онасига яхшилик қилсин.

Азамат УСМОНОВ