Ақидапарастлик – хавфли таҳдид
17

Ислом шундай мукаммал динки, у фақат диний аҳкомлардан иборат эмас, балки у жамият маънавияти ва маърифатини шакллантириб камолга етказувчи ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабларини қондирувчи диндир. Аммо, инсон диний илмсизлик сабабли кўплаб муаммоларга дуч келиши табиий ҳолдир. Мана шу муаммолардан бири ақидапарастлик ҳисобланади.
Ақида, эътиқод (араб. “ақд” — бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш; кўпликда -ақоид) — балоғатга етган киши эътиқод қилиши, имон келтириши, ислом динининг заруратлари шаклида тасдиқ қилиши, қалбига маҳкам боғлаб олиб ундан ажралиши мумкин бўлмаган шаръий эътиқодий ҳукмлардир. Инсоннинг икки дунёдаги саодати айнан унинг ақидасига боғлиқ. Агар ақидаси пок бўлса, йўли тўғри бўлади, қилган барча амаллари қабул бўлади ва бандалик билан содир этган баъзи гуноҳлари афв этилади.
Агар ақидаси соф бўлмаса, бузуқ бўлса, йўли нотўғри бўлади, қилган амаллари беҳуда кетади ва охиратда жаҳаннам аҳлидан бўлади. Ақида масаласи ўта муҳим бўлганидан ҳам, Одам Атодан бошлаб, охирги пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)гача бу масалани Аллоҳ таолонинг ўзи кўрсатиб берган. Ислом ақидаларининг асоси Қуръонда берилган, ҳадислардаги кўрсатмалар негизида ишлаб чиқилиб, тартибга солинган. Исломнинг суннийлик йўналиши илоҳиётда эътироф этиладиган ақидалар ёки имон талаблари 7 та: Аллоҳнинг ягоналигига, фаришталарга, муқаддас китобларга, пайғамбарларга, охиратга, такдирга ва қиёмат куни барчанинг қайта тирилишига ишониш.
Мана шу етти нарсадан ортиғини эътиқодга қўшиш ёки шу етти нарсадан камайтириш оқибатида ақидапарастлик пайдо бўлади. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг барча исм-сифатларининг азалий ва абадий деб эътиқод қилмаслик, бандаларнинг амалларини тақдир қилиниб, банданинг ўз амали учун мукофатланиши ёки жазоланиши каби ақидавий масалалардаги ихтилофлар ҳам бу иллатнинг асосий омили ҳисобланади. Аксар ҳолда унинг пайдо бўлиши сабаби бир инсоннинг ёки гуруҳнинг шахсий манфаатлари билан боғлиқ бўлади ва натижада соф бўлмаган, ғайри исломий ақидалар вужудга келади. Бундай эътиқод “ақидапарастлик”, соҳиби эса “ақидапараст” деб номланади. Ақидапарастликнинг келиб чиқишини асосий сабабларидан бири мутаассиблик ва динда ғулувга кетишдир.
Шариатимиз диний мутаассибликка ва динга чуқур берилишга доимо қарши бўлган. Муқаддас динимизнинг асл манбалари бўлган Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифда диндаги бу бидъатлар қаттиқ қораланган. Чунки, бу икки иллат турли замонларда турли номлар остида динимизга тасвирлаб бериб бўлмас даражада зарар етказиб, бу ҳол ҳозирда ҳам ҳар хил жарангдор номлар ва шиорлар остида давом этмоқда.
Хўш, диний мутаассиблик, динда чуқур кетиш нима? Динимизнинг мазкур икки иллатга муносабати қандай?
Мутаассиблик – унинг луғавий маъноси бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишликдир. Халқаро тушунчаларда бу “фанатизм” ҳам дейилади. Мутассиб (фанат) киши кўр-кўрона ҳох тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзининг фикрини ҳақ, бошқаларнинг фикрини ноҳақ деб ҳисоблаган ҳолда баъзан ўз фикрини амалда намойиш қилишга ҳаракат қилади.
Пайғамбаримиз с.а.в. динда қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақида шундай кўрсатма берадилар: “Дин енгилдир, ҳеч ким уни қийинлаштириб юбормасин, мабодо қийинлаштириб юборса, дин уни енгиб қўяди…”, яъни, фарз қилинган ибодатлардан ташқари ибодатларни ва солиҳ амалларни ҳаддан зиёд ўз зиммасига юклаб олиши натижасида уларни бажара олмай ҳаммасини тарк этишга сабаб бўлади.
Оиша (р.а)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. ибодатларни бажаришда Аллоҳ таолонинг фазлидан умид қилган ҳолда мўътадил бўлишни буюрадилар: “Тоат-ибодатларингизни тўғри, мўътадил адо этинглар, билингларки, Аллоҳ таоло хушлайдиган амал, қисқа бўлса-да, узлуксиз адо этиладиганидир!”.
Юртимизда яшаётган хар бир инсон бу каби муаоммоларга бепарво ва лоқайд бўлмаса бундай зарарли оқимлар юртимизга кириб кела олмайди. Зеро, эътиқод ва маънавият соғломлиги халқ бойлиги, ақийда тўғрилиги эса халқ тинчлигидир.
Асқарбек Ҳакимов,
“Раҳим сўфи” жоме масжиди имом-хатиби
