ИСЛОМ ДИНИ КЎРСАТМАЛАРИДА ТАБИАТ МУҲОФАЗАСИ

28

Autumn leaves falling to the ground in city park.

Аллоҳ таоло инсонни ўзи яратган барча нарсаларнинг энг шарафлиси қилиб яратди. Унга чексиз неъматлар берди. Ўзи яратган бу ажайиб оламни инсонга бўйунсунадиган қилиб қўйди. Аллоҳ таоло бандаларига шунчалик улуғ неъматлар бериши билан бирга, мазкур неъматлардан ўзи учун ва ўзгалар учун қайта фойдаланишни таълим берган. Аллоҳ таоло инсонни дунёни, табиатни асрашга, Аллоҳ таолонинг неъматларидан манфаат олишга, уларни ҳалок этмасликка, яхшилик йўлида ишлатиш ва ёмонликка ишлатмасликка буюрган.

Қуръони каримнинг икки юз эллик оятида табиат, уни асраб авайлаш мавзулари зикр этилгани Исломнинг бу масалага қанчалик катта эътибор қаратишини кўрсатиб турибди. Ҳар биримизга маълумки Аллоҳ таоло оламни ажойиб аниқлик билан ва ўзаро боғлиқ ҳолатда яратган. Бу ҳақида Қуръони каримни Қамар сураси 49-оятида шундай марҳамат қилган:

“Албатта, биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик”.

Демак, дунёдаги ҳар бир нарса: сув ҳам, ер ҳам, тоғ ҳам, ҳайвоноту наботот ҳам Аллоҳ таоло тамонидан ўлчов билан ва бир-бирига боғлиқ қилиб яратилган. Агар бу боғланиш бир оз бўлса ҳам бузилса, инсоният учун қатор жиддий муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир инсон дунёни, табиатни асраб-авайлашга қаттиқ ҳаракат қилмоғи лозимдир. Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, пок сақласа, атрофга ҳам ҳудди шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзини Аллоҳ таоло инсонлар учун маскан қилиб бердики, буни “Зориёт” сураси 48-оятида шундай билдириб қўйган:

“Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрлагувчидирмиз”. Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир.

Инсоннинг бу дунёдаги масъулияти ҳақида кўплаб ҳадису шарифлар ворид бўлган, улардан бирида Пайғамбаримиз (с.а.в) : “Бас, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз”, дейдилар. Бу қисқа сўзларда олам-олам маъно бор. Масъулиятдан сўраладиган кун келишидан олдин, табиат, атроф-муҳит олдидаги масъулиятимизни тўғри адо этайлик.

Аллоҳ таоло “Қоф” сураси 9-11-оятларида шундай марҳамат қилган: “Ва осмондан барака сувини туширдик, ҳамда у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич мевали шингиллари бор хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ қилиб. Ва у (ёмғир) билан улкан шаҳарни тирилтирдик”. Бу оятлардан биламизки, наботот олами бандалар учун ризқдир, бандаларнинг эса ўз ризқларини эҳтиром қилишлари ҳамда улар учун шукур келтиришлари, наботат оламига нисбатан тўғри муомилада бўлиши лозим. Аксинча наботот оламига нисбатан ёмон муомила Аллоҳнинг ғазаби ва азобига олиб келади. Наботот олами, ундан фойдаланиш йўл-йўриқлари ҳақида Қуръони каримда кўплаб оятлар келган.

Ҳадиси шарифда айтилишича: “Экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи ўша дарахтни эккан кишининг номаи амалига ёзилади”. Ривоят қилинишича, бир куни бир одам ёши улуғ саҳобий Абу Дардо р.а. ёнғоқ дарахти кўчатини экаётганликларини кўриб: “Эй муҳтарам зот, қариб, улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу ёнғоқ фалон йилдан сўнг мевага кирадику?” дебди. Абу Дардо р.а. бунга жавобан: “Менга савоби етса бўлди. Мевасини бошқалар истеъмол қилайверсин”. деган эканлар.

Атроф муҳитга, табиатга нисбатан меҳр-шафқатли ва адолатли бўлишга ўқитишнинг, ўргатишнинг ўзигина кифоя қилмайди, албатта, бу билимлар, тарбиялар ҳам биз катталар томонидан амалга қўлланилиши, кўрсатилиши лозим. Ислом нуқтаи назарида табиатни мухофаза қилиш тарбияси жамиятнинг катта ёшдаги аъзолари вазифасидир. Катта ёшдагилар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қўриқлашда доимо ёшларга ибрат кўрсатишлари шарт. Улар ёш авлодни табиатни муҳофаза қилишда етук онгли, ҳайвонот ва наботот оламига раҳмдил қилиб тарбиялашлари зарур.

Бобо-бувиларимизнинг чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, нолойиқ жойларга ўтирма, кўчаларга ахлат ташламоқ деган ўгитлари доимо ёдимизда бўлмоғи зарур. Ҳаётимизда шу ер устида яшаётган бўлсак, вафот этганимиздан кейин ҳам шу ер бағрида ётамиз. Ўзимизнинг узоқ муддат масканимиз бўладиган бу ерни обод қилиш, ўзимиз ва келажак авлодларимиз учун фойдадир. Атрофимизни, табиатни турли зарарли чиқиндилардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва келажак ҳаётимизни сақлаган бўламиз.

Ўткир Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси