Юк оғир, кўприк нозик

Инсоният яратилгандан бери шу дамгача сон-саноқсиз одам яшаб келди, яшамоқда. Улар орасида не-не номдор уламолар, кураги ер кўрмаган паҳлавонлар, жангу жадалда ҳеч мағлуб бўлмаган жаҳонгирлар ўтмаган. Аммо, ҳеч эшитганмисиз, шулардан ақалли бирор донасининг умри узайтирилиб, бугунгача яшаётганини? Йўқ. чунки Аввал ва Охир бўлиш сифати фақатгина Аллоҳ таолога хосдир. Аллоҳ таоло Роҳман сурасининг 26 оятида: “(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир”, дея марҳамат қилади. Ушбу ояти каримадан кўриниб турибдики, ер юзида ҳеч бир жонзот боқий қолмайди. Бу ҳақиқат олдида инсон ожиздир. Бу фоний дунёнинг боқий эмаслигини англаган киши ўзини охират кунига тайёрлаб боради. Ўша куни бўладиган савол-жавобда тилига бирор калима келмай, шарманда бўлишидан қўрқади. Доимо нафсини тергаб, гуноҳкорлигини, бандалигини эслаб туради. Аллоҳнинг каломини қалбига жойлаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ўз турмуш тарзи учун дастурул-амал қилиб олади.

Аллоҳ ва охират кунига ишонган, яхшиликдан умиди бўлган инсон аввало ўзи, атрофдаги яқинларига зарар берадиган ишлардан сақланади. Манфаат берадган энг кичик ишлардан токи мамлакат тараққиётига хизмат этувчи олижаноб амалларгача сидқу ихлос, чин самимият билан бажаради.

Инсоният учун охиратда тайёрлаб қўйилган хушхабарлар фақат эзгулик эвазига қўлга киритилиши мумкин. Бандаларнинг руҳиятини уларнинг ўзидан ҳам яхшироқ билувчи Зот агар улар  разиллик билан шуғулланса, қандай оқибат кутишидан огоҳлантириб, Ват-Тур сурасида: «Тур (тоғига), очиқ саҳифага битилган Китобга (Қуръонга), Байтул-Маъмурга (обод уйга), (баланд) кўтарилган томга (осмонга) ва тўлиб-тошган денгизга қасамки, Парвардигорингизнинг азоби шак-шубҳасиз, воқе бўлувчидир», дейди. (1-7 оятлар).

Ҳадиси қудсийда эса: “Эй Одам фарзанди! Жаҳаннам оловини ҳар бир кофир учун, чақимчи учун, ота-онасига оқ бўлган киши учун, риёкор учун, молидан закот бермайдиган кимса учун, зинокор учун, судхўр ва ароқхўр учун, етимга зулм қилувчи учун, хоинга хизмат қилувчи учун, ўликка овоз қўйиб йиғловчи учун ва қўшниларга озор берувчи ҳар кимса учун, фақат шулар учун яратдим”, дейди. Фурқон сурасининг 70-оятида «Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир», деб бандаларига меҳрибон ва раҳмли эканлигини билдиради. Шу билан бирга ҳадиси қудсийда: “Ўзингизга раҳмингиз келсин, эй бандаларим! Чунки, баданлар заиф, сафар узоқ, юк оғир, кўприк нозик, кузатувчи ўткир, ҳакам бутун оламлар Парвардигоридир» деб огоҳлантиради.

Огоҳ ва ҳушёр бўлайлик. Шайтоннинг ҳийлаларига учмайлик. Яратганнинг розилиги учун ҳаракат қилайлик. Дунё матоҳларига алданиб қолмайлик. Чунки, ҳадиси қудсийда: Эй Мусо ибн Имрон! Агар бандамнинг қалби кўпроқ дунёга машғул бўлса, унинг қалбини камбағаллик билан машғул қилиб, ўлимни эсидан чиқартириб, мол-дунё кўпайтириш касалига мубтало қилиб, охиратдан ғафлатда қолдираман. Агар бандамнинг қалби кўпроқ охират ишига машғул бўлса, бутун ғами Менинг ибодатимга йўлланиб, бандаларимни унинг хизматига машғул қилиб, қалбини муҳаббатимга тўлдириб қўяман», дейилади.

 

Азамат УСМОНОВ