Ислом дини атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтаради

 Жамиятдаги ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига атроф-муҳитни тоза ва покиза сақлаш ҳамда табиатни муҳофаза этишдек катта масъулият юкланган. Бу шарафли ишни инсон азалдан баҳоли қудрат адо этиб келади. Ислом дини тарқалишининг илк даврлариданоқ табиат муҳофа­заси, наботот ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилишга кат­та эътибор берилган. Наботот олами Аллоҳ таолонинг ин­сонлар учун ато этган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бусиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. Жумладан, Қуръони каримда шундай баён қилинган: “Инсон ўзи­нинг таомига (ибрат кўзи билан бир) қараб қўйсин-чи! Биз (осмондан) сув-ёмғирни қуйдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар билан) ёрдик. Сўнг Биз ундан дон-дунни, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, мева-чева-ю ўт-ўланларни сизлар учун ва чорва молларингиз учун манфаат бўлсин деб ундириб-ўстириб қўйдик-ку!”. (Абаса, 24-32 оятлар)

Аллоҳ таоло биз мусулмонларни яшаб турган курраи заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтариб: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!”, — деб огоҳлантиради. (Бақара сураси, 205-оят). Дарҳақиқат, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш кабилар шариатимизнинг буйруғидир. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, — деганлар (Абу Довуд ривояти). Дарҳақиқат, ҳеч бир ориятли инсон ҳадисда зикр этилган ишларни қилишга ботинмайди, аксинча, бундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб, бундай қилиш ярамас иш эканлигини тушунтиради. Ҳозирги кунда барча зарур ерларга ахлат ташлаш учун алоҳида жойлар қурилган. Шундай экан, ҳар хил ахлат ва чиқиндиларни махсус жойларга ташлаш лозим, аксинча дуч келган жойга ташлаш мусулмончиликка ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмайди.

Парвардигор инсонларнинг мўътадил ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун лозим бўлган моддий бойлик­ларни яратиб қўйган. Она табиатни муҳофаза этиш Ислом динининг таълимотларидан бири. Динимиз яшаб турган жойларимизнинг озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради. Поклик инсон зеҳнини ва иродасини мустаҳкамлайди.

Асрлар бўйи мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг шарафли бурчлари, деб билганлар. Қуръони каримда Аллоҳ таоло уларни ифлослантирмасликка буюрган. Акс ҳолда, балиқлар ҳам ноз–неъмат ўрнига заҳарли моддаларга айла­ни­шини унутмайлик. Демак, табиатга оид ҳар бир нарсани, яъни диёри­миз­даги ўсимлик, қушлар ва ҳайвонот оламини асрар эканмиз, улар келажак авлодларимизга биздан мерос бўлиб қолишини сира ҳам ёддан чиқармаслигимиз дар­кор.

Айниқса куз ойларида дарахтларнинг баргихазонларини, турли хил чиқиндиларни тўплаб ёқиш, атроф-муҳитга катта зарар етказади ҳамда тоза ҳавони ифлос бўлишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида ўзига ҳам ўзгаларга ҳам зиён етади, кишиларнинг қалбини махзун бўлишига сабаб бўлади. Ислом динида ўзига ҳам, бошқаларга ҳам зарар бериш қатъийян ман қилинади.

Инсон ўз уйига қандай  эътибор берса, теварак атрофига ҳам шундай муносабатда бўлиши лозим. Чунки, бутун ер юзи инсонлар учун маскандир. Аллоҳ таоло юртимизни обод, хонадонларимизни осойишта, ҳаётимизни фаровон қилсин.

 

Ў. Маҳмудов. “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси