Ўзбекистон-буюк алломалар юрти

59

Ўзининг кўп минг йиллик давлатчилик тарихи маданияти, урф-одат ва анъанасига эга бўлган жонажон Ўзбекистонимизда ҳам диний, ҳам дунёвий таълим чуқур ўрганилган. Бинобарин, IX-XII асрларда ҳам минтақа ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида диннинг ўзига хос ўрни бўлган.

Ўзбекистон алломаларининг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси тўғрисида сўз юритилганда, энг аввало, “муҳаддислар султони” деган шухратга эга бўлган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номларини ҳурмат-эҳтиром билан тилга оламиз.

Имом ал-Бухорий ҳаётининг кўп қисми хорижий элларда мусофирчиликда ўтиб, илм талабида Шарқнинг кўпгина шаҳарларида бўлганлар. Бу ҳақида у кишининг ўзи: “Миср, Шом, Месопатамияга икки мартадан, Басрага тўрт марта борганман. Ҳижозда олти йил яшаганман, Бағдод ва Куфа шаҳарларига неча марта борганим ҳисобини билмайман”, деган эканлар. У киши сафар чоғида ҳам, бир шаҳарда муқим турганида ҳам илмини ошириш борасида тинимсиз ишлар, тўплаган ҳадисларни оққа кўчирар эдилар. Бағдодда истиқомат қилган пайтда кўпинчна ойнинг нурида ижод қилиб, қоронғи кечаларда шам ёруғида китоб ёзар эканлар.

Имом ал-Бухорий авлодларга бой ва қиматли илмий мерос қолдирган бўлиб, у киши ёзган асарларнинг сони йигирмадан ортиқ бўлиб, “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўпламини бутун дунёга машҳурдир. Имом ал-Бухорийнинг ушбу йирик асари ёзилганига тахминан 1200 йил бўлди, ўша даврдан бошлаб токи шу вақтгача у ислом таълимотида Қуръондан кейинги иккинчи ўринда турадиган муҳим манба сифатида юқори баҳоланиб келмоқда. Имом ал-Бухорий тўпламларига киритилган ҳадислар фақат ислом таълимотига оид умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланиб қолмади. Улар меҳр-муҳаббат, саҳийлик, очиқ кўнгиллик, ота-она, аёллар ва каттларга ҳурмат, етим-есирларга мурувват, фақир бечораларга ҳиммат, ватанга муҳаббат, меҳнатсеварлик ва ҳалолликка даъват этиш каби ҳақиқий инсоний фазилатлар ва намунали тартиботлар мажмуасидир. Унда нима яхши, нима ёмон, нимани қилиш керак, нимадан ўзини тийиш лозимлиги ҳақида ҳозирги жамиятимиз аҳли, айниқса ёш авлод учун катта тарбиявий аҳамиятга эга йўл-йўриқлар, панд-насиҳат ва ўгитлар акс эттирилган.

Буюк ватандошимизнинг номи бутун ислом дунёсида самимий меҳр-муҳаббат, катта ҳурмат-эътибор билан тилга олинади. Шарқнинг турли бурчакларида имом ал-Бухорийнинг номини эшитмаган бирор кимса, унинг илму заковати етмаган бирор жой бўлмаса керак.

Диёримиздан чиқиб жаҳоншумул аҳамиятга эга асарлар яратган буюк алломалардан яна бири машҳур муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийдир.

Ўз даврининг етук муҳаддис олими сифатида танилган ат-Термизий кўпдан-кўп шогирдларга устозлик қилган. Ҳадис илмидаги унинг шогирдларидан Макҳул ибн ал-Фадл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Ҳамад ибн Шокир, Абд ибн Юсуф ан-Насафий ва Абу-л-Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб ал-Маҳбубийларни кўрсатиш мумкин. Кўп йиллар хорижий мамлакатларда бўлганидан кейин ат-Термизий ўз юртига йирик муҳаддис олим сифатида қайтади.

Имоми Термизий пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини тўплашга алоҳида эътибор билан қарайди. Бу борада у ҳар қандай қийинчиликларга бардош беради. У ўзи ўқиган ёки бирор ровийдан эшитган ҳадисини алоҳида қоғозларга қайд этиб борар, уларнинг асли ва иснодини изчиллик билан аниқлаб тўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилсагина махсус қоғозларга қайд этарди. Ҳадисларнинг тўғрилигига шубҳа бўлганда уларни алоҳида ажратиб ёзарди. Шу тариқа ҳадислар саҳийҳ (тўғри, ишончли), ҳасан (яхши, маъқул), заийф (бўш, ишончсиз), ғарийб (ғалати) каби хилларга ажратилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари, ахлоқлари ҳақида тасниф этилган мусаннафотларини энг чиройли ва яхшиси – бу Имом Термизийнинг пайғамбар сийратлари ҳақидаги мукаммал ва мухтасар китобларидир. Бу китобни мутолаа қилувчи, жаноби пайғамбарни кўргандай ва ул зотнинг ҳар бобидаги маҳосини шарифларидан баҳраманд бўлганга ўхшайди.

Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизийнинг маънавий мероси, жумладан, “Сунани Термизий” асари ҳам мусулмон оламида юксак қадрланади. Алломанинг асрлар давомида олиму фузалоларга дастур бўлиб келган инсоф ва адолат, инсонпарварликни тарғиб этувчи ғоялари ҳозирги мураккаб давримизнинг кўплаб ахлоқий-маънавий масалаларини ҳал этишда ҳам муҳим аҳамият касб этиши билан эътиборга моликдир.

Яна бир буюк ватандошимиз Мовароуннаҳр илоҳиёт мактабининг ривожланишига ўз таълимоти анъаналари ва илмий асарлари билан катта улуш қўшган буюк мутакаллим Абу Мансур ал-Мотуридийдир. Мотуридий сунний эътқодидаги икки йирик калом мактабининг бири бўлмиш Мотуридия мактабининг асосчиларидан ҳисобланади.

Ал-Мотуридий илоҳиёт илмларининг тўла шаклланиб, такомилга етишида уларни қайта ишлаб чиқиб, маълум тизим (система) га солишдек катта бир ишни амалга оширди ва ҳанафия таълимотининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқлигини ўз қарашлари орқали кўрсатиб берди. У яратган таълимот ислом динининг буюк ақидавий йўналишларидан бири сифатида танилди.

Аллома Абу Мансур ал-Мотуридий ўз соҳасида шундай етук, шундай иқтидорли, сермаҳсул олим бўлганлигига, фикр доираси кенглиги мусулмон оламидаги йирик-йирик олимлар ҳам юксак баҳо берганлар, у киши ҳақида то шу вақтга қадар буюк эҳтиром билан ёзадилар.

Буюк фақиҳ ватандошларимиздан яна бири Али ибн Абу Бакр ибн Абд ал-Жамил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний Қуръонни ва ҳадис илмини муккамал эгаллаб, фиқҳ — ислом ҳуқуқшунослиги борасида бениҳоя чуқур илмга эга бўлганлиги ва бу соҳада биқиёс дурдоналар яратганлиги туфайли Бурҳон ад-Дин ва-л-Милла (ислом оламидаги халқлар ҳамда ислом динининг далили, исботи) ва Бурҳон ад-Дин ал-Марғиноний номлари билан машҳурдир.

Ал-Марғинонийнинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “ал-Ҳидоя” асари 1178 йили Самарқандда ёзилди. Китоб мусулмонҳуқуқи-фиқҳ бўйча энг аниқ, изчил, муккамал асар сифатида тан олинди.

“Ал-Ҳидоя”нинг асосини фиқҳ илми асосчиларидан бўлган Абу Ҳанифаан-Нуъмон ибн Собит, Аҳмад ибн Ҳанбалларнинг йирик асарлари, уларнинг бошқа шогирд ва сафдошларининг китоблари, дастлабки тўрт халифа ва саҳобаларнинг ривоятлари, улар хабар қилган ҳадислар ташкил этади.

“Ал-Ҳидоя”да ҳуқуқий масалаларнинг ечими дастлаб йирик фиқҳолимлари фикрлари баёни ва унга муаллифлар эътирозлари ёки қўшимчаларини изҳор этиш йўли билан берилган. Ана шу обрўли муаллифлар фикрларидан келиб чиқиб, муайан масалада энг маъқул ечимни танлаб олиш йўлига амал қилинган.

Шу тариқа унда қонуннинг ифодасигина эмас, балки унинг мукаммал шарҳи ҳам асослаб келтирилади.

“Ал-Ҳидоя” бир неча асрлар давомида кўп мусулмон мамлакат-ларида, жумладан, Марказий Осиёда ҳам ҳуқуқшунослик бўйича энг асосий қўлланма ҳисобланиб, бу ерда 1917 йил инқлобидан кейин ҳам, то 1930 йилларгачашариат қозилари бекор қилиниб, совет суд системаси жорий қилингунча амалда бўлиб келди. Ҳозирги кунда ҳам ислом шариати асосида иш юритилганда бу асардан кенг фойдаланилади.

Хулоса қилиб айтганда, юртимиз алломаларининг ислом цивилизацияси ривожи йўлида олиб борган изланишлари ҳамда таълимотлари, ёзиб қолдирган бой адабий меросларининг тарбиявий аҳамияти беқиёсдир. Чунончи, уларнинг асарларида энг аввало инсонпарварлик, меҳр-оқибат, адолатли давлат бошқаруви, ислом маданиятининг равнақи ғоялари илгари сурилган. Ўз навбатида ушбу ғояларнинг маънавий, тарбиявий аҳамияти беқиёсдир.

Азамат УСМОНОВ