Фарзандининг яхшилик қилишига кўмаклашган отани Аллоҳ ёрлақасин!

Кимгаки Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло фарзанд ато қилган экан, унга улуғ неъмат насиб этибди. Неъматнинг салмоғи қанча баланд бўлса, унинг учун масъулият ҳам шунча юқори бўлади. Айнан фарзанд неъмати бизларга жуда катта ва масъулиятли жавобгарликни талаб қилади.

Қуйида ота-онанинг фарзанд тариялашдаги масъулияти нечоқлик катта эканлиги, фарзанд тарбиясида ота-она нималарга эътибор бериш кераклиги ва бошқа ҳақлари тўғрисида тўхталиб ўтамиз.

Аллоҳ таоло оятда: “Эй иймон келтирганлар, ўзларингизниям, бола-чақаларингизниям ёқилғиси одамлар ва тошлардан иборат бўлган дўзах оловидан қутқаринг”, дейди. (Таҳрим сураси, 6 оят)

Мазкур ояти карима киши ўзига қандай эътиборли бўлса, ўз сулбидан вужудга келган фарзандига ҳам худди шундай эътиборли бўлишга чақиради. Зеро, инсон эрта қиёмат кунида бутун халойиқ олдида шарманда бўлиб, ўзи ҳам, бола-чақаси ҳам азобга дучор бўлишини хоҳламайди. Бунинг учун у бугундан ҳаракат қилиб, уларни тарбиясига алоҳида эътибор қаратиши ва яхши тарбия бериши лозим.

Имом Ибн Абу Шайба “Фарзанднинг ота-она зиммасидаги ҳақлари” бобида Шаъбийдан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандининг яхшилик қилишига кўмаклашган отани Аллоҳ ёрлақасин”,- деб марҳамат қиладилар. Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ота ҳам ўз фарзандига жавобгар ва бола ҳам ўз отасига жавобгар деганлар.

Кимга Аллоҳ хоҳ ўғил ва хоҳ қиз фарзанд берсин, бунинг учун аввало Аллоҳга ҳамдлар айтиб, кўпдан-кўп шукрлар қилиши лозим бўлади. Чунки, Яратган Аллоҳ унинг ҳаётини давомчиси ўлароқ хайрли ишларини давом эттирадиган ва ортидан дуо қилиб турадиган зурриёт инъом қилмоқда.

Кўпчилигимизга фарзанд ўз ота-онасига яхшилик қилиши лозимлиги ва унинг зиммасидаги ота-онасининг ҳақлари билан яхши танишмиз. Хўш, фарзанднинг ҳам ўз ота-онаси устида ҳақлари борми, бўлса у нималардан иборат, бу тўғрида Қуръон ва суннатда қандай кўрсатмалар бор ва уламолар томонидан қандай тавсиялар айтиб ўтилган, қуйида улар билан  танишамиз:

Уламолар фарзанднинг ота-она устидаги ҳақларини келтириш асносида уларнинг энг муҳимларини ўнта дебдилар. Улар қуйидагилар:

Энг аввало, фарзандини дунёга келтириш учун ота яхши хулқли ва солиҳа аёл танлаши лозим. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёл киши тўрт нарса учун никоҳга олинади; мол-давлати, насл-насаби, чиройи ва дийн-диёнати учун, барака топгур дийндорини қўлга киритгин”, деганлар.

Иккинчи, фарзанд дунёга келгандан кейин унга чиройли исм қўйиши. Чунки, дунёда ҳам, қиёмат куни ҳам фарзандимизни биз унга қўйган исм билан чақиришади. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан келтирилган ривоятда саҳобалар, эй Аллоҳнинг расули, биз ота-онанинг (фарзанд устидаги) ҳаққинику биламиз, фарзанднинг ҳақлари нимадан иборат, деб сўрашди. Шунда у зот: “Яхши исм қўйиши ва яхши одоб бериши”, деб жавоб бердилар.

Учинчи, уларни иймонли қилиб тарбиялаши. Аллоҳ таоло Таҳрим сурасининг 6-оятида: “Эй иймон келтирганлар, ўзларингизниям, бола-чақаларингизниям ёқилғиси одамлар ва тошлардан иборат бўлган дўзах оловидан қутқаринг”, дейди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бунинг маъносини уларга одоб бериб, таълим беринг, дегани деганлар.

Тўртинчи, уларни илмли қилиб тарбиялаш. Абу Рофиъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, эй Аллоҳнинг расули, бизнинг фарзандларимизни зиммасида ҳақларимиз бўлгани каби уларни ҳам бизнинг зиммамизда ҳақлари борми, деб сўради. У  зот: “Ҳа, боланинг отани зиммасидаги ҳаққи унга ўқиш-ёзишни, сузишни  ва камондан отишни ўргатиб, уни ўзидан кейин яхши меросхўр қилиб қолдириши”,- дедилар.

Уламолар инсон ўз тарбияси остидаги болани ўсиб-ўниши қандай-ю, у ҳаётга қандай  тайёр бўлаяёганлиги тўғрисида ўйлаб кўриши лозим бўлади, дейишади.

Бешинчи, яхши ишларда уларга ёрдамчи бўлиши. Яъни, ёшлик чоғларида уларга яхши муомала қилиб, улғайгач ҳурмат-иззатларини жойига қўйиш лозим бўлади. Ва яна кучлари етмайдиган нарсаларни улардан талаб қилмаслик лозим. Шунингдек, қонун чегарасидан ташқари бўлган ва қилиши таъқиқланган ишларга уларни буюрмаслик ҳам матлуб. Яхши ишларни қилганларида уларни рағбатлантириб, баъзи хатоликларидан кўз юмиб, кечиримли бўлиш ҳам лозим бўлади.

Манблар асосида “Хожа Бухорий” билим юрти ўқув

ишлари бўйича мудир ўринбосари Ў. Маҳмудов тайёрлади.