Садақанинг фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, динимиз инсониятни ҳар доим яхшиликка чақириб келган. Айниқса, бандаларнинг ўзаро муносабатларида ҳам ҳамиша яхшилик қилишга чорлайди. Садақа ҳам шундай хайрли ишлардан бири бўлиб, у маънавий ёки моддий бўлиши мумкин. Яхшилик йўлларига пул-мол сарфлаш ва инфоқ-эҳсон қилишда мусулмонларга улкан манфаатлар бор бўлгани учун Аллоҳ ва Расули ибодатнинг бу турига тарғиб қилганлар. Аллоҳ таоло шундай йўлда сафрлаган одамнинг молига барака беради, садақа молни камайтирмайди, балки молни ўстиради. Аллоҳ таоло покиза касб билан топиб қилинган садақани қабул қилади ва уни ўз эгаси учун ўстириб, кўпайтириб, қиёмат куни уни ўша билан мукофотлайди. Садақанинг оз кўпига қаралмайди, ихлос билан қилинган бўлса, бас. Кўпнинг фазилати ўзига яраша бўлади, озни оз деб тарк қилишдан сақланиш лозим.

Садақанинг Аллоҳ таолога нақадар маҳбуб амал эканлиги ҳақида Қуръони каримнинг жуда кўплаб оятларида марҳамат қилинган. Хусусан, Бақара сурасининг 271-оятида:  “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”, дейилган.

“(Садақа ва эҳсонлар) Аллоҳ йўлида (жанг билан) банд бўлиб, (тижорат учун) сафарга чиқа олмайдиган, иффатлари (тортинчоқликлари) сабабли билмаган одам бой деб гумон қиладиган фақирлар учундир. Уларнинг (фақир эканликларини) сиймоларидан (ташқи кўринишдаги белгиларидан) билиб оласиз. (Улар) одамлардан қаттиқ туриб олиб тиланмайдилар. Қилган хайр-эҳсонингизни Аллоҳ билиб турувчидир” (Бақара сураси 273-оят).

“Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша  олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир (Оли Имрон сураси 92-оят).

Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам худди бошқа амаллар сингари садақа ва хайр-эҳсон қилишда ҳам бизларга гўзал намуна ва ибратдирлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр-савоблар бўлиши хабарини берган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Хайру эҳсон фазилатлари” китобида мусулмонлар ҳаѐтида садақа ва хайр-эҳсоннинг ўрни ва бу яхши амалнинг фазилатлари ҳақида сўз юритилади. Мусанниф садақа, хайр-эҳсонга тарғиб қилинган Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларни келтириш билан бирга, уларни кенг шарҳлайди. Солиҳ салафлар, аждодларимиз ҳаётидан бу борадаги ибратли воқеаларни ҳикоя қилади.

Ислом динида садақанинг фазилати жуда улуғ ҳисобланади. Садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган. Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади. Қуръони каримда: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти, фақат Эҳсон (эзгулик)дир. (Ар-Роҳман сураси, 60-оят)”, -дея баён этилади. Ер юзида ҳаёт бошланганидан буён амалда бўлган бу тамойилга шу кунларда халқимиз янада эътиборли бўлмоқда, десак сира муболаға бўлмайди. Ҳозирги вақтда бутун дунёда кузатилаётгани каби юртимизда ҳам ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши қайд этилган. Шу мақсадда, Муҳтарам Президентимиз “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурдилар.

Сулаймон Файзуллаев , 4-курс талабаси