Ғулувга кетмайлик!
18

Ақидани яхши билмаслик динда чуқур кетишга олиб боради. Динда ғулувга кетиш эса, инсонни ҳалокатга элтади. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта такрорлаганлар (Имом Муслим ривояти). Мусулмон киши ўзига Қуръони карим ва суннати набавияда айтилмаган турли ибодатларни кўпайтириб олиб, меъёрга риоя қилмасдан, ҳаддан ошириб юбормаслиги лозим. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, баъзилар динни жуда ҳам енгил санаб, Аллоҳ таолонинг мағфиратига қаттиқ ишонган ҳолда, дангасалик билан У зот буюрган амалларни адо қилишни ортга сурадилар. Бу ҳам нотўғридир.
ҒУЛУВ (арабча — рухсат берилган чегарадан чиқиш деган маънони билдиради). Истилоҳда — Дин таълимотини талқин қилишда ҳаддан ошишни англатади. Аллома Ибн Ҳажарнинг ғулувга “бирор нарсада муболаға қилиб, белгиланган чегарадан чиқиб, унда қаттиқлик қилишдир” деб таъриф берган.
Имом Нававий эса ғулувни “шариатда талаб этилган нарсага қўшимча киритиш” деб атаган.
Абдул Карим Юнус Ал-Хатиб эса: “Ғулув — бирор нарсада муболаға қилиб, унда ҳаддан ошиш ва мўътадиллик чегарасидан чиқишдир” деб таъриф берганлар.
Масалан: нафлларга қаттиқ киришиб, хотин ва болаларни, қўшнилар ҳаққига бепарво бўлиш. Бир вақтлар юртимизда сўфийликни даъво қилиб баъзи кишилар чиққан эдилар. Пирнинг ҳузурида уч маҳал қозон қайнагани учун хонақосига ётиб олиб нафл ибодатларни қилишар, оилалари эса бу ёқда йўқчиликдан қийналишар эди. Мана шу динда ғулувга кетиш бўлади. Ёки қаерга борса динда йўқ ёки мустаҳаб бўлган амални одамларга фарз ёки вожиб даражасига чиқартириб уни қилишга тарғиб қилади. Масалан имом намозни тугатганидан кейин хоҳлаган томони билан халққа юзланиши мумкин. Ғулувга кетганлар эса фақат ўнг томонинг билан бурилишинги шарт деб туриб олишади. Ҳар бир нарсани тагига етаман дейиш ҳам ғулувдир. Баъзи бир кишилар маҳалланинг бирор кишиси издиҳомга чақирса гўшти покмикан деб тагига етишга ҳаракат қилади. Мусулмон маҳалла, мусулмон киши бўлганидан кейин яхши гумонга бориб, таомини еявериш керак. Насронийларда ғулувга кетиб, пайғамбарлар илоҳийлаштириб юборилади – Пайғамбарлар алайҳиссаломларни «Худонинг ўғли» ёки «Худо» деб эътиқод қилинади. Албатта, бундай ҳолат жамиятга юзланаётган энг хатарли омиллардан бири. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунда динда ҳаддан ошиб ғулувга кетган тоифа ва оқимлар бу масалада “мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейишлик учун биргина далил топилса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига мутлақо тескаридир. Ислом тарихи экстремистик оқимлар куфр масаласида Исломнинг моҳиятига зид даъволар билан чиққанидан гувоҳлик беради. Хусусан, “хавориж ёки хорижийлар” номи билан тилга олинадиган тоифанинг “гуноҳ иш қилган мўминни кофир, фаҳш ишни қилган мусулмонни эса диндан чиққан”, деган иддаоси қирғин-барот урушларнинг келиб чиқишига ва кўплаб мусулмонларнинг қони тўкилишига сабаб бўлган эди. Бу эса Аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳабига мутлақо зид эътиқоддир.
Ғулув ва мутаассиблик жамият аъзолари учун зарур бўлган мўътадилликнинг аксидир. Ҳолбуки, мўътадиллик Ислом умматининг асосий хусусиятлардан бири ҳисобланади.
Мўътадиллик ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Шунингдек биз сизларни ўрта уммат қилдик”. (Бақара, 134).
Ҳадиси шарифда “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир” дейилади. Бундан бирорта диний амални бажаришда ўта берилиб кетиш, оқибатда ўзига ва бошқаларга зарар етказиш ислом динининг моҳиятига ёт ҳисобланади. Ибодатга ўта даражада берилган саҳобаларни Пайғамбар (с.а.в.) ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин, ўртача бўлишга чақирганлар.
Васатия, яъни ўртача бўлиш сифати тўлиқ яхшилик сифати бўлиб, қиёматгача ислом умматининг ўзига хос хусусияти бўлиб қолади.
Ў. Ғузаров,
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти мудири
