Осмоннинг зийнати

               

Аллоҳ  таоло Мулк сурасининг  5 – оятида марҳамат қиладики :

وَلَقَدْ زَيَّنَّا السَّمَاء الدُّنْيَا بِمَصَابِيحَ وَجَعَلْنَاهَا رُجُومًا لِّلشَّيَاطِينِ وَأَعْتَدْنَا لَهُمْ عَذَابَ السَّعِيرِ  )٥      .(

“Ҳақиқатан, биз дунё (яқин) осмонини чироқлар билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик . Яна улар учун дўзах азобини ҳам тайёрлаб қўйгандирмиз. ”

Яъни : Аллоҳ таоло оятда осмонни  имтиҳон қилинувчи инсонларга яқин бўлгани учун  “дунё осмони” деб атади  (“дунё” сўзи араб тилида  “яқин” маъносини ҳам ифодалайди). Демак, бундан иккинчи осмон “охират осмони” экани тушунилмайди. Ерга яқин, инсонлар кўра оладиган қуйи осмондаги юлдузлар шунчаки само ярашиғи, зийнати бўлиб қолмай, инсонларга беҳисоб манфаатлар ҳам келтиради. Муфассирлар ёзишича, Аллоҳ таоло Коинотни шунчаки зулматли, бўм-бўш, дилга ғашлик солувчи қилиб эмас, уни Ой, Қуёш ва юлдузлар билан безаб, чиройли қилиб яратди. Гўзаллик ҳам худди мукаммаллик каби Аллоҳ азза ва жалланинг яратиш иродаси ва ҳикматидандир.

Ушбу ояти каримадаги “чироқлар” сўзида юлдузлар назрада тутилган Аллоҳ таоло бандаларига юлдузлардаги неъматларни эслатмоқда,  Қатода ибн Нўмон розияллоҳу анҳу : “Аллоҳ таоло юлдузларни уч нарса учун : осмонга зийнат қилиб, Шайтонга отиладиган қурол қилиб, қуруқлик ва сувда йўл топишга аломат қилиб яратган.” деганлар.

Биринчиси : осмон учун зийнатлиги. Аллоҳ таоло бу ҳақида Ҳижр сурасининг  16 – оятида марҳамат қиладики :

…… وَزَيَّنَّاهَا لِلنَّاظِرِينَ (١٦)

“……..Назар солувчилар учун узни зийнатлаб қўйдик”  

Ушбу зийнат ер юзини зулмат қоплаб, ундаги зеб-зийнарлар инсонга кўринмай қолганда намоён бўлади. Алооҳ таоло ер юзида яратган зийнатлари (кўздан ғойиб бўлиши) эвазига улар учун осмонда зийнатларни берди ва буни бошқа зийнатлардан устун қилиб қўйди. Чунки бошқа зийнатлар уларга яқин боргандагина маълум бўлади, лекин юлдузлар узоқдан ҳам кўзга ташланади. Демак осмоннинг зийнати ердагига нисбатан устун ва шарафли экани маълум бўлади.

Иккинчи неъмат Аллоҳ таоло бу ҳақида Анъом сурасининг  97 — оятида зикр қилинган :

وَهُوَ ٱلَّذِي جَعَلَ لَكُمُ ٱلنُّجُومَ لِتَهۡتَدُواْ بِهَا فِي ظُلُمَٰتِ ٱلۡبَرِّ وَٱلۡبَحۡرِۗ….. (٩٧)

“У сизларга қуруқлик ва денгиз қоронғуликларида йўл топишингиз учун юлдузларни яратган зотдир…..”

Аллоҳ таоло юлдузларни зулматли ҳолатларда йўлбошчи қилди ва инсон булар сабали ҳалокатга дучор бўлишдан қутулади.

Учинчи неъмат эса,“ Уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик ” оятида зикр қилинганидек . Аллонинг юлдузларни шайтонларга отиладиган тош қилиб қўйишида  бандалардан шубҳаларни кетказиш, уларни зулматдан нурга чиқариш маъноси бор. Сабаби, шайтонлар осмон аҳлининг Ердагиларга тааллуқли бўлган ўзаро гапларига қулоқ тутиш учун осмонларга кўтариладилар ва улардан маълумот йиғадилар. Эшитган сўзларида ўзлари томонидан ёлғон-яшиқ аралаштириб, уни ердагиларга етказадлар. Натижада, улар инсоннинг онгига шубҳа солиб, Аллоҳ таолонинг йўлидан оздирадилар.  Ривоятларда келишича , жин ва шайтонлар  осмондан фаришталарнинг сўзларини ўғирлаб, кейин бу хабарларини ердаги инсонларнинг шайтонларига, яъни Фолбинлар (турли усуллар билан фол очиб, ғайбни  билишини даъво қилувчилар)га, коҳинлар(шайтон ва жинлар билан алоқага киришиб, улар ёрдамида келажкни билиш даъвосидагилар)га ва раммоллар (юлдузларга қараб фол очувчилар)га етказар экан. Инсонларнинг шайтонлари эса бу билан ғайбий (яширин) нарсаларни билиш, кишиларнинг келажак тақдирини айта олиш даъвоси билан уларни алдаб, қўрқитиб, пулини олади. Шу ўринда шуни таъкидлаш керакки, Ислом шариати бундай номақбул ишлардан қатъий қайтарди. Юқоридаги оятда яъна таъкид қилиняптики, Аллоҳ таоло шайтонларни ҳам, одамларнинг шайтонлари бўлмиш фолбин, коҳинларни ҳам жазолаш учун дўзах азобини тайёрлаб қўйган.  Аллоҳ таоло шайтонларнинг яширинча қулоқ тутишининг олдини олиш учун осмонни қўриқчи  ва учар юлдузлар билан тўлдирди. Тафсири жалолайн китобида айтилишича : жин — шайтонлар  фаришталарни сўзларини ўғирлаётган вақтларида  оловдан  чўғ  ажралгани  каби  юлдузлардан учқун ажралиб уларни ўлдиради ёки фалаж қилади,юлдузлар эса ўз ўрнидан силжимайди.

Қолаверса, бу ер аҳлига илоҳий хабарларни ёлғон гапирмайдиган ишончли вакил, яъни Росулиллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали бўлиши учун эди. Натижада, ушбу хабарлар турли чалкашиш ва шубҳалардан ҳалос бўлади ва инсонлар ҳам зулматга дохил бўлишдан омонда бўладилар.

Ер аҳлини имтиҳон қилиш учун уни зийнатлаб қўйилганидек юлдузларнинг осмонга зийнат қилиниши ҳам унинг аҳлининг қайсилари чиройлироқ амал қилишларини имтиҳон қилиш учун бўлади.

Аллоҳ таолонинг коинот ва юлдузларни яратишдаги қудрати ва азаматини тўлароқ ҳис этиш учун биргина мисол келтирайлик: олимлар ҳисобича, коинотда миллиардлаб галактика (юлдузлар туркуми) ва уларнинг ҳар бирида шунчадан юлдуз бор. Галактиканинг миқёсини аниқлаш учун фикрлаб кўринг: бизга кўриниб турадиган Қуёш, Ой ва саноқсиз юлдузлардан иборат «Сомон йўли» галактикасига ўхшаш оламлардан борлиқда 200 миллиарди бор экан, уларнинг ҳар бирида эса шунчадан юлдуз бор. Юлдузларнинг кўпчилиги Еримизга ва Ойга ўхшаш сайёраларга, сайёралар эса ўз йўлдошларига эга. Уларнинг ҳар бири аниқ ҳисобланган йўналиш (орбита) бўйлаб ҳаракат қилади. Мана, неча миллион йилдирки, бу самовий жисмлар Коинотдаги бошқа жисмлар билан йўналишини мувофиқлаштириб, фазо бўйлаб бирдай ҳаракатланиб юрибди. Булардан ташқари, ўзига хос ҳаракат чизиғига эга миллиардлаб кометалар ҳам мавжуд (Морис Бокай. «Таврот, Инжил, Қуръон ва ҳозирги замон» китоби, «Ер ва осмонларнинг яратилиши» боби, Москва, 2001 йил). Аллоҳ таоло буларнинг ҳаммасини мукаммал, дақиқ низом билан яратган, буларнинг бирортаси Аллоҳ изнисиз ҳаракатини ёки жойини ўзгартирмайди.

Фойдаланинган манбаалар :

Tафсири Жалолаyн

Тафсири насафий

Таъвилот ал-Қуръон

Тафсири ирфон

Махсумов Мақсуд «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юрти тафсир ва фиқҳ фани ўқтувчиси