ҲУШЁРЛИККА ДАЪВАТ – ЗАМОН ТАЛАБИДИР!

Мамлакатимиз моддий ва маънавий жиҳатдан кун сайин тараққий этмоқда. Бироқ, соғлом эътиқод қилувчилар қаторида афсуски, динни ўз манфаатлари йўлида сиёсий қурол қилиб олган ва ақидапарастлик касалига чалинган турли террористик ва экстремистик гуруҳ ва ташкилотлар пайдо бўлаётгани ачинарли ҳолдир. Айниқса, чет элларда бўлгани каби, бизнинг мамлакатимизда ҳам турли  ғоявий зидлик, бузғунчи ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб залолатга кетган гумроҳлар ҳам борлиги кишини ранжитади.

Ҳозирги кунда мўмин-мусулмонлар ўз кундалик диний ибодатларини бехавотир ва эмин-эркин адо этиш имкониятга эга бўлдилар. Диний эътиқодни инсон ҳаётининг ажралмас қисми сифатида тан олган қонун ва фармонлар қабул қилинди. Эътиқодни куч билан сингдириш, унга тазйиқ ўтказиш яъни диний эътиқодни мажбуран сингдириш ман қилинди. Диний байрамларни нишонлаш, муқаддас жойларни зиёрат қилиш анъанаси қайта тикланиб, бу борада зиёратчиларга қулайлик ва шарт-шароитлар яратилди. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, диний билими ўта саёз, турли фитна-фасод  қўзғайдиган фикрлар ва ғояларни содда халқ онгига сингдиришга уринадиган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун ёшларни тўғри йўлга солиш ва ҳушёрликка чорлаш, биз ота-оналарнинг асосий бурчимиздир.

Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида тасдиғини топди.

Бугунги кунда дунё миқёсида эътиқод ва маслак курашининг кескинлашуви кучайган бир пайтда ўзини фуқаро сифатида англаётган барча юртдошларимиздан турли ички ва ташқи кучлар томонидан мамлакат мустақиллигига қилинаётган фитналар турли тажовузлар моҳиятини тўғри ва теран англаш, бунёдкорлик ва бағрикенгликка асосланган дунёвий тафаккур ғояларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб ва ташвиқ этиш талаб этилади.

Шу ўринда эътиборларингизга жиҳод масаласига қаратмоқчиман.  Ҳозирги кунда жиҳод тушунчасининг бузиб талқин этилиши, жуда кўп ножоиз амалларнинг қилинишига сабаб бўлмоқда. Жиҳод масаласида ғулувга кетишнинг ислом дини таълимотига зид экани ҳадислар, уламоларнинг асарлари ва фатволарида муфассал баён қилинган. Жиҳод сўзи араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”,  “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди. Масалан: Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:  “Жиҳод тўрт хилдир: Амри маъруф (яхши ишларга буюриш), наҳи мункар (гуноҳ, ёмон ишлардан қайтариш), ўзининг зарарига бўлса ҳам рост сўзлаш ва фосиқ кишининг масхара қилишига чидаб туриш”. Мана шундан келиб чиқиб, жиҳод мусулмонлар Ватани ва динини ҳимоя қилиши учун жорий этилганини хулоса қилсак бўлади. У йўқ нарсани амалга ошириш учун эмас, балки бор нарсани ҳимоя қилиш учун жорий қилинган. Бугунги кунда эса сохтасалафийлар каби бир қанча бузғинчи ақидапарст оқимлар жиҳодни диннинг руҳи, деб билиб,  уни Исломнинг олтинчи аркони деб ҳисобламоқдалар.

Афсуски, сўнгги вақтларда ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган ҳаракатларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз эмиш. Юртини, ота-онани ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид иш ҳисобланади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб, жиҳод деганда, аввало, нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлаш тушунилади, дейиш мумкин. Бу қоида кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Балки илк ислом даврида юзага келган бўлиб, Қуръони карим оятларига асослангандир.

Ватанга бўлган меҳру-муҳаббат ҳар қандай муаммони ечишга, ҳар қандай ёвуз кучни енгишга қодир. Ана шундай муҳаббат Жалолиддин Мангубердини тақдирнинг оғир зарбаларига дош  беришга, метин ирода ва ҳарбий салоҳиятни намойиш этиб,  чингизийлар билан муросасиз кураш олиб боришга ундаган эди.

Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи ҳисобланса, унга ҳиёнат қилиш, қурол билан бостириб келиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ватанни севадиган, унинг тинчлиги ва тараққиёти йўлида жон фидо қиладиган диний тушунча ва иборалар талқинини тўғри фарқлайдиган ва унга амал қиладиган имонли ва ихлосли бандалардан бўлишга насиб айласин.

 

Музаффар Қосимов

“Хожа    Бухорий”    ўрта     махсус

ислом билим   юрти маънавий -маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари