ВЕРТУАЛ ОЛАМДАГИ ФИТНАЛАРДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК

Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган кунни илғор технологияларсиз тасаввур этиш ўта мушкул. Улар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Бутунжаҳон ўргимчак тўри деб аталадиган интернетнинг имкониятлари, бугунги тараққиётнинг тезлигига тезлик, кучига куч бағишлаётгани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Бугунги кунда ана шу буюк ихтиронинг имкониятларидан баҳраманд бўлмаган инсон топилмаса керак. Бироқ, башариятга наф келтириши кўзланган ушбу воситадан ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш, одамларни залолат ва қабоҳатга ундаш, уларни тўғри йўлдан адаштириш мақсадида фойдаланувчилар ҳам йўқ эмас.

Ўз аъзоларини телевизор, радио сингари замонавий технологияларни “бидъат” санаб, улардан эҳтиёт бўлишга чорлаган диний экстремистик, террорчи ташкилотлар ҳозирги кунда ўзлари замонавий компьютер технологиялари имкониятларидан фаол фойдаланмоқдалар. Жумладан,

  • террорчилар аҳоли орасида қўрқув ва ваҳима келтириб чиқариш, ўз ғояларига эргашмаганларни ёки уларга қарши чиққанларни таъқиб этиш ва ҳаракатсизликка чақириш;
  • Ўзаро алоқани таъминлаш яъни экстремистик ташкилотлар интернет нафақт ўз сафдошлари, балки бошқа шу каби ташкилотларнинг аъзолари билан ҳам хабарлар алмашиш ва маълумотларни етказиш;
  • Ўқув-малака ошириш. Бунда террорчилар глобал тармоқ орқали қўлбола бомбани ясаш, ўзини-ўзи ўлдириш, кўпроқ қурбонлар келтириш услубларини муттасил ўргатиб борадилар. Қўлланмалар видео, аудио ва китоб шаклида интернетга жойлаштирадилар ва ҳоказо.

Ғаламисларнинг интернет орқали ҳужумлари асосан ёшларга қаратилган бўлиб, улар ўсмирлар учун қизиқарли бўлган воситлардан усталик билан фойдаланишмоқда. Жумладан, ёшларнинг қизиқишига қараб, уларни турли видеолавҳалар ва фотосуратларни томоша қилишга жалб этиш орқали ёки ташқи кўринишидан гўёки ўйин, техника, спортга доир бўлса-да, лекин ички саҳифаларида фақат бузғунчиликни сингдирувчи веб-ҳужжатларни тақдим этмоқда.

Бундан ташқари террорчиларга тегишли интернет саҳифаларида болаларга худкушлик амалиётини тарғиб этувчи махсус мультфильм яратилган. Фильмдан кўзланган асосий мақсад ёшларни террорчилар талқинидаги “жиҳод” ҳаракатларига нисбатан мойиллик туғдириш ва ўз сафларини айни ана шу ёшлар ҳисобидан тўлдиришдир.

Интернетни дунёга қиёслаш мумкин. Ундан нимани ахтарсангиз, топасиз. Фақат топилган нарса тўғри, ишончли ва энг муҳими зарарсиз эканини билиш учун инсонгга онг ва тафаккур керак.

Оқ-қорани таниб улгурмаган, яхши-ёмоннинг фарқига бормаган айрим ёшлар интернет орқали узатилган айрим маълумот-хабарларни мутлоқ ҳақиқат деб қабул қилиш ҳолатлари учраётгани кишини жиддий хавотирга солади.

Муқаддас динимизни ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш йўлида интернетдан фойдаланаётган ноқонуний оқимлар сонининг кўпайиб бориши натижасида ёшларимиз билиб-билмай уларга қўшилиб қолмоқда.

Хўш, бундай фитна ва хатолардан омонда бўлиш учун нима қилиш керак?

Биринчидан, Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини, У зот ҳамма нарсадан воқиф эканини доим ҳис қилиб туриш лозим.

Иккинчидан, интернетга муайян вақтларда, ўз олдига муайян вазифа ва аниқ мақсадни қўйган ҳолда киришиш керак.

Учинчидан, ўзи айтаётган, эшитаётган, нақл қилаётган ва ўқиётган нарсалар ҳақида ишончли илмга эга бўлиш лозим. (Чунки интернет шундай маконки, унда тўғри келган одам сохта исм остида тўғри келган нарсани ёзиши мумкин).

Тўртинчидан, бирон хабар ё воқеадан хабардор бўлса, уни чуқурроқ ўрганиш ва таҳлил қилиш лозим.

Нисо сурасининг 83-ояти тафсирида шундай дейилади: “Баъзи кишилар бирор хабарни эшитишлари билан ҳамма ёққа тарқатишга шошиладилар. Бундан мусулмонларга фойда борми, зарар борми ўйлаб ўтирмайдилар. Мазкур хабарни тарқатиш мусулмонлар учун яхшими ёки тарқатмаслик яхшими-ўйлаб кўрмайдилар. Оқибатда душманлар «совуқ уруш» (қуролсиз уруш) деб номланган қабоҳатни ишга солиб, турли-туман ёлғонларни тўқиб чиқарадилар. Мусулмонлар ичида ғулғула, келишмовчилик тарқатадилар. Руҳий, маънавий қувватларини синдирадилар. Агар мусулмонлар ўз динларига амал қилсалар, бундай лақмалик, нодонлик қилмас эдилар. Эшитган гапларини дарҳол ёймас эдилар. Чунки, Ислом ҳукми бўйича, эшитган гапини тарқатавериш мумкин эмас” (“Тафсири ҳилол“ иккинчи нашр 1- жуз 587-бет. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).

Бугун интернет имкониятларини, унинг фойдали жиҳатларини ҳеч ким инкор этолмайди. Фақат ундан фойдаланиш маданиятини шакллантирмоқ, болаларни унга ўргатмоқ зарур. Бинобарин, ёшларимизнинг руҳий-маънавий оламини зарарли унсурлардан ҳимоя қилиш орқали тараққиёт пойдевори яратилади.

Шу ўринда террорчиларга тегишли интернет сайтларини фарқлаб олиш ҳамда бундан ёшларни огоҳ этиш мақсадида, уларга тааллуқли бўлган саҳифаларнинг ўзига хос хусусиятларини келтириб ўтмоқчимиз:

  • улар саҳифаларида ва гуруҳларида ўзларини ягона тўғри йўлда юрувчилар деб ҳисоблаб, ўзларига эргашмаганларни кофир санашади;
  • иймон келтирмаган ёки бошқа динга эътиқод қиладиган ҳар қандай кишини душман деб айтишади;
  • ер юзида адолат ўрнатишнинг ягона йўли-исломий давлат қуриш ва шу мақсадда “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш ғояларини илгари суришади;
  • ўзларининг жиноятчи тўдабошиларидан бошқа олимларни қоралаб, уларни ҳақоратлашади ва ёмонотлиқ қилишади;
  • давлат ҳокимиятига нисбатдан норозилик кайфиятини уйғотиш ва мавжуд камчиликларни бўрттириб кўрсатиш орқали одамларни ваҳимага солишади;
  • халқ билан гўёки яқинлигини билдириш мақсадида уларнинг қийинчилиги ва ташвишларига “шерик” қилиб кўрсатишади, аслида эса уларнинг диний туйғуларидан усталик билан фойдаланишади;
  • ихтилоф чиқарадиган масалаларни ўз саҳифалари орқали ёритиб, одамларга ўз қарашлари тўғрилигига ишонч ҳосил қилишга уринишади.

Дин ниқобидаги ғаразли кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтириш мақсадида ўзларини “яқин дўст” ёки “ҳидоятга чорловчи” сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмоқда.

Улар тарғиб этаётган ғаразли даъватлар таъсирига қарши курашда юксак диний-миллий қадриятлар-диёнат, поклик, ҳалоллик, одамийлик, ҳаё ва иффат каби фазилатларнинг ўрни беқиёс, албатта.

Ушбу фазилатларни ёш авлод қалби ва шуурига чуқур сингдириш баробарида уларни ҳар хил заҳарловчи унсурлар ёмонлигидан асрашда асло сусткашликка йўл қўйиб бўлмайди.

Агар биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралардан қатъият билан ҳимоя қилсак, ҳар қандай ғаразгўй кучлар мамлакат мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига рахна сола олмайди.

Азамат УСМОНОВ