Мазҳаблар – Қуръон ва суннат маҳсулидир

Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини У Зотнинг ўзлари баён қилар эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин одамлар билмаган нарсаларини асосан саҳобалардан сўрар эдилар. Гоҳида учраб турадиган қийин масалаларни ечиш учун эса энг билимдон саҳобалар йиғилиб маслаҳат қилишар ва фатво беришарди. Кейинчалик саҳобалар яшаш учун турли юртларга кўчиб кетдилар. Одамлар ўзлари суҳбатига етишган олим саҳобаларнинг фатволарига амал қилишарди.

Ўша даврнинг марказий шаҳарлари – Мадинада Абдуллоҳ ибн Умар, Куфа шаҳрида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббос, Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумнинг фатволарига амал қилинарди. Айнан мана шу даврларда саҳобалар мазҳаби шаклланганини кўриш мумкин.

Шундан кейин бу зотларнинг шогирдлари уларнинг ишларини давом эттиришди. Фатволарнинг асосий қисмида ўз имомларига эргашдилар ва уларнинг мазҳабларини қўллаб қувватладилар. Замонлар ўтиши билан йигирмага яқин мазҳаблар ичидан фақат буюк тўрттаси қолди. Қолганларининг баъзи фатволари турли китобларда учраб туради холос.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ҳозирда кўп такрорланаётган “Динда мазҳабларга эргашиш йўқ!”, “Саҳобалар даврида мазҳаблар бўлмаган” каби пуч даъволарга мутлақо илмий асос мавжуд эмас. Саҳобалар даврида ҳам мужтаҳид саҳобалар мазҳаби бор эди. Саҳобалар мазҳаби асосида ҳозирга қадар етиб келган тўртта фиқҳий мазҳаблар сақланиб қолди.

Мазҳабга эргашиш – Қуръон ва суннатни қўйиб шахсга эргашиш эмас, балки айнан Қуръон ва суннатга эргашиш саналади. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилган: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (“Наҳл” сураси 43-оят).

Фиқҳий мазҳаблар ҳозирга қадар мусулмонлар бирдамлигини сақлашда асосий омил бўлиб келмоқда. Муҳаддис олимлардан бири Абдулҳақ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ тўрт мужтаҳид имомлар йўли ҳақида шундай деганлар: “Ислом динининг тўртта йўли – мазҳаби бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди” (“Шарҳу сафарус-саъада” китоби).

Ҳозирги кунга келиб, буюк мужтаҳид олимларни қўйиб, ўзларига эргашишга даъват қиладиган қўштирноқ ичидаги “мужтаҳидлар” кўп учрамоқда. Улар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўзларининг нафсу ҳаволари билан изоҳлаб, салафи солиҳларимиз йўлидан оғишмоқда. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Аллоҳ таоло бандаларидан илмни тортиб олиш билан кўтармайди, балки илмни олимларни олиш билан кўтаради, ҳаттоки биронта олим қолмайди. Шунда одамлар жоҳилларни йўлбошчи қилиб оладилар. Улардан сўрайдилар, улар жавоб берадилар, ўзлари ҳам адашадилар, одамларни ҳам адаштирадилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ҳозирда бемазҳабликка чақираётган кишилар “Аллоҳ таоло мазҳабга эргашишга буюрмаган, балки зикр аҳлидан сўрашга буюрган”, дея одамларни алдашга уринмоқда! Хўш, мазҳаббошлари зикр аҳли бўлмаса, унда ким экан?! Ахир мужтаҳид имомларимизнинг илмига, тақвосига ва илмий омонатдорлигига бутун уммат тасаннолар айтган бўлса, уларнинг илмига эргашмасдан яна кимга эргашиш керак?!

Бошқа бир ҳадиси шарифда янги-янги тоифалар пайдо бўлиб, одамларни тўғри йўлдан оздириши ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом огоҳлантирганлар: “Охирзамонда «дажжоллар», каззоблар бўладилар, улар сизлар ва сизларнинг оталарингиз ҳам эшитмаган ҳадисларни кўтариб келадилар. Сизлар улардан, улар эса сизлардан узоқ бўлсин! Улар сизларни залолатга бошлаб қўймасинлар, сизларни фитнага аралаштириб, алдамасинлар!” (Имом Муслим ривоятлари).

Муайян мазҳабга тақлид қилган мусулмонлар ҳозирда ҳам, ҳозирги кунга қадар ҳам умматнинг мутлақ кўпчилигини ташкил қилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг”, – деганлар (Имом Ибн Можа ривоятлари). Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Ислом уламолари ҳар бир даврда мазҳабга эргашиш лозимлигини уқтириб келишган.

Аллома Муҳаммад Амин Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: “Муайян мазҳабда фатво берувчи кишининг ўз мазҳабида аниқ кўрсатилган масалада бошқа мазҳаб йўлини тутиши ва у бўйича фатво бериши жоиз эмас”, – дейдилар (“Минҳатул-Холиқ” китоби).

Мингдан ортиқ китоб таълиф қилган ҳанафий мазҳабининг буюк олимларидан бири Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен йигирма беш йиллик илмий тажрибам асосида шуни билдимки, ҳозирги даврда бирор мазҳабни тутмаслик охир-оқибат динсизликка олиб борар экан” (“Малфузот” китоби).

Маълумки, юртимизда азалдан тўлиқ Ҳанафий мазҳаби амалда бўлиб келган. Ҳозирда ҳам юртимиздаги деярли барча аҳли илмлар ва устозлар Ҳанафий мазҳабида таълим олиб, шу мазҳаб асосида фаолият олиб бормоқдалар.

Хулоса қилиб айтганда, мазҳабларга эргашиш шариъат кўрсатмасига эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун Ислом уламоларига қарши чиқиш ҳисобланади. Зеро, Ислом тарихида бирор муфассир ёки муҳаддис ёхуд фақиҳни бемазҳаб бўлгани маълум эмас. Фақатгина мужтаҳид бўлган кишилар бундан мустасно холос. Шаръий илмлар борасида мусулмонларнинг илми етарли бўлмаган бугунги даврда, баъзилар томонидан мазҳабларни инкор  қилиш фақат мусулмонларнинг бирдамлигига футур етказади холос.

Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча ҳукм чиқариш мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик, фитна ва ихтилоф қўзғаш каби динимизда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.

Аллоҳ таоло барчаларимизни бир ёқадан бош чиқариб, меҳр-оқибат билан, тинч-тотувликда ҳаёт кечирмоқликни насиб этсин…

 

 

Музаффар Қосимов

“Хожа    Бухорий”    ўрта     махсус  

 ислом билим   юрти маънавий -маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари