Абдуллоҳ Зуфарнинг олимларга қилган таъналарига раддия

Мўъминларни куфр зулматидан имон нурига олиб чиқувчи Зот Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Бутун оламларга раҳмат ўлароқ юборилган охир замон пайғамбари ҳабибимиз Муҳаммад мустафога мукаммал дуруд ва саловатлар бўлсин!
Аллоҳ таоло Ўзининг илоҳий дастури бўлган Қуръони каримни нозил қилгач, уни қиёматга қадар муҳофаза қилажагини маълум қилган. Тарихдан маълумки, саҳобалар улардан сўнг тобеъинлар улардан кейин табаъ тобеъинлар ислом дини ривожига ўзига хос ҳисса қўшган. Ҳар бир авлод ўз замонасидаги аҳли бидъатлар билан муросасиз кураш олиб борган. Мазкур жараён асрлар оша давом этиб келган ва бундан кейин ҳам давом этади.
Бугунги кунга келиб дунёда ислом дини кириб бормаган жой қолмади десак муболаға қилмаган бўламиз. Бу бир тарафдан кишининг кўнглига хурсандчилик улашса, яна бир тарафдан исломофобияга йўл очади. Чунки ислом душманлари исломнинг бу қадар кенг ёйилиб кетишини асло истамайдилар. Бунинг учун қўлларидан келган барча чора тадбирларни қўллайдилар.
Сўнги вақтларда ислом оламида кўзга кўринган улуғ алломларни халқ орасида обрўсизлантиришга уринишлар амалга оширилди. Шу йўл билан исломнинг асл асосларига зарба бериб, мавжуд вазиятни издан чиқаришга мусулмонларни бир-бирига қарши қўйишга эришмоқни ният қилмоқдалар. Ушбу мақсадга етиш учун улар юртимиз мисолида олсак, Ўзбекистондаги вазиятдан норози бўлиб четга чиқиб кетган радекал руҳдаги ясама илм аҳлларини топиб улардан устомонлик билан фойдаланмоқдалар.
Ана шундай бидъатчилардан бири Абдуллоҳ Зуфар бўлиб, у ислом оламида асрлар оша ардоқлаб келинган забардаст олимлар ҳақида нохолис фикрларини кенг ёйишга интилмоқда. У нафақат ўтмишда яшаб ўтган алломаларга балки ҳозирги кунимиздаги олимларга ҳам тил теккизишдан тап тортгани йўқ. Аниқроқ айтадиган бўлсак, у Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳи ҳақларида ўта бўлмағир сўзлар айтиб, у кишини золимлар томонида бўлган илмига амали йўқ олим деб васфлаган.
Ҳақиқатда ҳам шундайми…?. Йўқ…! Асло ундай эмас…! Рамазон Бутийнинг қандай инсон бўлганини соф ислом аҳли жуда яхши билади. У кишидан қолган илмий мерос шу қадар кўпки уларнинг номини санаб ўтишнинг ўзи мушкул. Абдуллоҳ Зуфар ва унга ўхшаган нусхаларнинг пана-панадан туриб айтган бемаъни гаплари сабабли уларнинг мақомларига асло путур етиб қолмайди. Аллоҳ у зотларни бу дунёда илм билан азиз қилди. Бу каби олимларга тил чўзган бадбахтларга Аллоҳ таолонинг Ўзи жазо беради.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳақ йўлда собитқадам қилсин. Юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни бардавом қилсин.
Омон Қодиров,
“Хожа Бухорий ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси”