Осим ибн Абунажуд ибн Баҳдала Асадий Куфий

Қуръон қироати байроғини ҳар бир аср ва ҳар бир даврда кўплаб Қуръон ҳодимлари кўкларга кўтарган. Шу қаторда Қуръон қироатида кўплаб имомлар ва қироат устозлари бўлган. Жумладан, қироат илми борасида Осим ибн Абунажуд ҳам қироат илмига катта ҳисса қўшган.

Асл исми Осим ибн Абунажуд ибн Баҳдала Асадий Куфий.

Осим ибн Абунажуднинг таваллуд санаси маълум эмас. Аммо манбаларда Муовия (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврларида ҳижрий 41, милодий 661 санада (айрим манбаларда ҳижрий 60, милодий 679 санада) туғилгани айтилган. Имом Осим Куфада туғилиб ўсган. Асли аждодлари араб эмас, балки Бану Асад қабиласининг озод қилинган қулларидан бўлган.

Осим ибн Абунажуд ўта тақводор, серибодат киши бўлиб, нафл намозларни кўп ўқирди. У ниҳоятда хушовоз бўлиб, шундай фасоҳат билан дона-дона сўзлардики, ифодасидан кишилар ҳайратга тушарди. Имом Осим мўътабар, ишончли олимлардан бўлиб, кўплаб ҳадис ривоят қилган. У зот ривоят қилган ҳадислар олти саҳиҳ тўпламдан жой олган. Абу Заръа ва бошқа бир гуруҳ муҳаддислар имом Осимни ҳадис ривоятида ишончга эга деб айтишган.

Етти машҳур мутавотир қироат имомларидан. Қироат ва наҳв илмида етакчи уламолардан.

Осимнинг қироат йўли:

  1. Суралар ўртасида басамала айтади, фақат «Анфол» билан «Тавба» ўртасида айтмай, сакта ёки васл қилиб ўқийди.
  2. Муттасил ва мунфасил мадларни ўртача ‒4 ҳаракат чўзади.
  3. Шуъбанинг ривоятига кўра, қуйидаги калималарда имола қилинади: رمى, هار, أعمى, ونآي, ران. Ҳафс ривоятида эса фақат биргина калимада имола бор: مجريها.
  4. Шуъбанинг ривоятида қуйидаги ўринларда изофа «йа»си фатҳали ўқилади: يدى إليك, من بعدي اسمه أحمد. Қуйидаги ўринларда эса сокин ўқилади: أمى إلهين, أجرى إلا, وجهي لله, دخل بيتي , ولى دين .
  5. Шуъбанинг ривоятида «فما آتان الله خير» оятида « آتان » калимасида вақфда ҳам, васлда ҳам «йа» тушиб қолади, сукун билан ўқилади.
  6. Шуъбанинг ривоятида «من لدنه» калимасида «дал»да ишмом билан, «нун»ни касрали қилиб, «ҳа»ни сила билан ўқилади.

У кишининг икки ровийлари: Абу Бакр Шуъба ибн Айёш ибн Солим  ал­-Ҳаннот ал-­Асадий ал-­Куфий ва Абу Амр Ҳафс ибн Сулаймон ибн ал-Муғира ал-Куфий ал-Баззоз бўлган.

Қорилик ва қироат мавзуси ниҳоятда кенг мавзу бўлиб, бу хусусида кўплаб китоблар ёзилган.

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг сўзи, башариятни ҳидоятга бошлаш учун нозил бўлган илоҳий дастур, Аллоҳнинг мустаҳкам арқонидир. Аллоҳнинг ўхшаши бўлмаганидек, Унинг каломига ўхшаш калом ҳам йўқ. Маълумки, Қуръони Каримни қироат қилиш улуғ ибодат бўлиб, бунинг учун мислсиз ажру савоблар ваъда қилинган. Қорилик ва қироатнинг фазилати нақадар улуғлиги, қорилар ва қироат учун қандай мукофотлар берилишини Аллоҳ таоло Ўз Китобида баён қилган, Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам жуда қўп ҳадиси шарифларида таъкидлаганлар.

Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қиладики:

إِنَّ ٱلَّذِينَ يَتۡلُونَ كِتَٰبَ ٱللَّهِ وَأَقَامُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَنفَقُواْ مِمَّا رَزَقۡنَٰهُمۡ سِرّٗا وَعَلَانِيَةٗ يَرۡجُونَ تِجَٰرَةٗ لَّن تَبُورَ٢٩ لِيُوَفِّيَهُمۡ أُجُورَهُمۡ وَيَزِيدَهُم مِّن فَضۡلِهِۦٓۚ إِنَّهُۥ غَفُورٞ شَكُورٞ٣٠

“Албатта,  Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар, намозини тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга  учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. У Зот уларга тўлиқ қилиб бериши ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилиши учундир. Албатта, У ўта мағфиратлидир, кўп савоб берувчидир”. ( Фотир сураси 29-30 оятлар)

Бу икки оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг баъзи сифатлари ва уларга бериладиган мукофотлар ҳақида сўз юритмоқда.

Бугунги кунда Ислом оламининг асосий қисми Қуръони каримни Имом Осимнинг қироатида ўқийди.

Имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат ҳозирги кунда бутун дунёда тарқалган. Диёримизда ҳам қадимдан шу қироат жорий бўлган. Бизнинг қироат имомимиз имом Осим, ровиймиз Ҳафсдир.

Ҳозирга келиб мазкур қироатлар ичида қўпчилик томонидан қабул қилиниб, амалда қолгани иккитадир.

Биринчиси Имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат бўлиб, у Ислом оламининг машриқ ва марказий тарафига кенг тарқалган. Иккинчиси Имом Нофеъдан Варш ривоят қилган қироат бўлиб, у Ливиядан бошлаб Ислом оламининг мағрибига тарқалган.

Бу икки қироат орасидаги фарқларни мутахассис аҳли илмлар аниқ фарқлашлари мумкин. Мисол учун, Осим қироатида «Йа айюҳаннабийю» деб ўқилса, Нофеъ қироатида «Йа айюҳаннабиу» деб ўқилади. Осим қироатида «Ваддуҳа» деб ўқилса, Нофеъ қироатида «Ваддуҳе» деб ўқилади. Ҳолбуки, бу сўзлар мусҳафи шарифда бир хил ёзилади.

Бу қироатлар, уларнинг хусусиятлари, ораларидаги фарқлари ва яна шунга ўхшаш нарсалар ҳақида алоҳида-алоҳида китоблар ҳам ёзилган.

Имом Осим Қуръон таълимига бел боғлаган, ҳаётини шу буюк хизматга бағишлаган, шогирдларга қироатни ўргатишга иштиёқи баланд киши эди. «Ғояту ан­ниҳая»да Муфаззал аз-­Зоббийдан нақл қилинади: «Мен Осимнинг олдига унга Қуръон ўқиб бериш учун борардим. Агар бора олмай қолсам, у менинг уйимга келарди».

 

 Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Қаҳҳоров Муҳаммад Солиҳ