Динда ҳаддан ошмай мустақим туриш — васатийликдир

Ислом дини жамият маънавияти ва маърифатини шакллантирувчи, камолга етказувчи ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабларини қондиришда жуда муҳимдир. Аммо, исломий арконларнинг ижроси баробарида инсон диний илмсизлик сабабли кўплаб муаммоларга дуч бўлиши табий ҳолдир. Мана шу муаммолардан бири мутаассиблик ва динда чуқур кетишдир.

Мутассиблик луғатда бир нарсага қаттиқ боғланиб, кўр-кўрона эргашиш, ашаддий тарафкашлик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш каби маънолар англатади. “Кашшофу истилоҳотил фунун” китобида: “Мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир”, деб таърифланган.

Динда чуқур кетиш, ҳаддан ошиш, Қуръон ва Суннатда келган таълимотларга зид равишда ўз фикрига эргашишни қаттиқ қораланган. Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетиш тушунилади. Бу чиқиб кетиш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, фарқи йўқ. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир” (Бақара сураси, 229-оят).

“Бас, сен ва сен билан тавба қилганлар мустақийм туринглар ва туғёнга кетманглар. Чунки, У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир” (Ҳуд сураси, 112–оят).

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир”, деганлар (Ибн Можа, Насоий ва Аҳмад ривоят қилган).

Бошқа ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг», дедилар». Яъни, дин аслида осонликдан иборатдир. Унинг барча таклифлари осондир. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқдир. Шунингдек, динда чуқур кетиб, ҳаддан ошиб, ўзича кўп амалларни қилиб, шуҳрат топмоқчи бўлса, енгилиб қолади. Бундай одамлар бориб-бориб йўлдан чиқадилар. Йўлдан чиқиш турлича бўлиши мумкин. Баъзилар ортиқча уриниб, ўзини уринтириб қўйиб, кейин малол олиб, ҳамма нарсани ташлаб юборади. Бошқалар эса ашаддийлашиб, динда йўқ нарсаларни ҳам қилиб, бошқаларни ҳам шунга ундаб, ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Ундай одамлардан диннинг ғолиб келишининг маъноси шудир. Шунинг учун шариатда кўрсатилганича тўғри амал қилиш, ошириб ҳам юбормаслик, камайтириб ҳам қўймасли шунингдек, ундан чиқиб ҳам кетмаслик керак.

Динда ҳаддан ошмай мустақим туриш васатийликдир. «Васатиянинг ўрнига «мувозанат» иборасини ишлатиш ҳолатлари ҳам бор. Бу билан икки бир-бирига қарши тарафлар орасида ўртамиёналик ва адолат ирода қилинади. Токи улардан бири ўз таъсирини ўтказиб бошқасини йўққа чиқармасин. Тарафлардан бири ўзига тегишли ҳақдан кўпни олиб қарши тарафга устунлик қилмасин ва уни йўқ этмасин. Қарама-қарши тарафлар дейилганда руҳонийлик ва моддийлик, якка шахс ва жамоат, воқеъийлик ва хомхаёл, собитлик ва турғунсизлик каби нарсалар кўзда тутилган бўлади. Мазкур қарама-қарши нарсалар орасида васатийликнинг жорий қилиниши уларнинг ҳар бирига ўзига яраша ва керакли имкон бериш ҳамда бунда зарар етказиш ва чегарадан чиқиш, ҳаддан ташқари қаттиқ тутиш ва ҳаддан ташқари бўш қўйиб юбориш ҳолатларига йўл қўймаслик ила бўлади». («ал-Хасоисул омма лил-Ислом»)

Фақиҳ доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлийнинг қуйидаги сўзлари Ислом динининг мутаассибликка муносабатини ихчам тарзда ифода этади: «Ислом мўътадил дин бўлиб ҳақиқатлардан бирортасида четга чиқишга ёки ҳаддан ошишга йўл қўймаслигини англатади. Исломда динда ҳаддан ошиш ҳам, эътиқодда бир тарафлама ва ғайритабиий бўлиш ҳам, ҳаддан ташқари қаттиқ олиш ҳам, жуда бўш қўйиб юбориш ҳам йўқ…».

Пайғамбаримиз алайҳиссалом динда, эътиқодда қай даражада бўлиш зарурлигини кўрсатиб: “Ишларнинг яхшиси – унинг ўртачасидир”,-деб турганларида бошқа йўлга не ҳожат?.

Шундай экан, бугунги кундаги кўплаб муаммоларнинг илдизи мутаассиблик ва ҳаддан ошиш эканлигини ҳаммамиз чуқур англашимиз лозим.

 

Ў. Ғузаров, билим юрти мудири