Ақида тўғри ва мустаҳкам бўлмас экан, натижаси залолатдир

Ақида масаласи инсон ҳаётида энг муҳим ўрин тутган масалалардан саналиб, унинг тўғри ёки нотўғри бўлишлиги инсоннинг дунё ва охиратининг обод ёки барбод бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ақида масаласи инсонлар ўрганиши лозим бўлган илм даражасига кўтарилган.

Ақида илми энг шарафли илм ҳисобланади. Зеро, ақида илми орқали энг шарофатли маълумотларга эга бўлинади. Демак, маълумотларнинг шарофатлилигига қараб илмнинг шарафли эканлиги маълум бўлади.

Юртимиздан етишиб чиққан Имом Мотурудий ҳазратлари Абу Ҳанифанинг ақидавий таълимотларини қайта тиклаб, бу таълимот нақадар тўғри эканини асослаб берганлар. Абу Хафс Кабир Бухорий, Бурхониддин Марғиноний, Абу Лайс Самарқандий, Аллоуддин Косоний каби ватандошларимиз Абу Ҳанифанинг фиқҳий таълимоти ва ҳанафий мазҳабининг ривожига улкан ҳисса қўшганлар.

Бугунги кунда фақат бизнинг диёр эмас, балки бутун мусулмон оламида ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган. Дунё мусулмонларининг 47 фоизи ҳанафий мазҳабида ибодатларини амалга ошириши фикримизнинг далилидир.

Aқида илми инсон ҳаётида одоб-ахлоқ, ибодат, олди-берди алоқалари ва барча илмлардан муҳимроқ ўрин тутади. Чунки инсон Исломни қабул қилгандан сўнг, биринчи навбатда унинг зиммасига ибодатларни ўрганишдан ҳам аввал ақида илмини ўрганиш вожиб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Mуоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яман аҳлига элчи қилиб юбораётганларида: “Aввало уларни Aллоҳ таолони бир дейишга чақиринг, қачон улар Aллоҳни бир деб билишса, Aллоҳ таоло уларга беш вақт намозни фарз қилганлигини хабарини беринг”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шариф ақидани нақадар аҳамиятли эканига далолат қилади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Яман аҳлини намоз ўқиш ва бошқа амалларни бажаришга буюришдан аввал, уларнинг ақидасини тўғрилашга буюрдилар.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг йўналишларига кўра имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир. Қуйидагиларга имон келтириш вожиб: 1. Аллоҳ таолога; 2. Унинг фаришталарига; 3. Китобларига; 4. Набийларига; 5. Охират кунига; 6. Қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига; 7. Ўлгандан кейин қайта тирилиш бор эканига.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашларига кўра, амал имоннинг шарти ҳисобланмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп ўринда имонни алоҳида, амалларни алоҳида ажратиб, шундай марҳамат қилади:  «Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир…» (Бақара сураси 277-оят).

Лекин шуни билиш керакки, уламоларимиз амални имон шартларига киритишмаган бўлсаларда, имон тақозо қилган шариат ҳукмларига амал қилишни вожиб деб билганлар.

Қолаверса, аҳли сунна ва жамоа эътиқодига кўра, агар бирор киши имон келтирса-ю, лекин амалларни тўлиқ бажармаса, у гуноҳкор мўмин ҳисобланади ва «аҳли қибла» дея эътироф этилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остида анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!…”(Таҳрим сураси 8-оят).

Ушбу оятда гуноҳ содир этган мўминларга “Эй, имон келтирганлар” дея мурожаат қилиниши гуноҳ қилиш билан киши кофир бўлмаслигига ёрқин далилдир.

Али р.а. даврларида гуноҳ қилган кишини кофирга чиқарадиган Хаворижлар тоифаси пайдо бўлди. Улар, гуноҳи кабира қилиб ўлган киши кофирлар билан бирга дўзахга тушади, дейишар ва гуноҳкор мусулмонларга шафоат қилинишини инкор этишар эди. Язид ибн Суҳайб Ал-Фақир айтадилар: Менга хаворижларнинг баъзи фикрлари ёқиб қолган эди. Мен ёш йигит эдим. Бир неча кишилар билан ҳаж сафарига отландик. Ҳаж қилиб бўлгач одамларга жаворижларнинг фикрларини тарқатамиз, деган мақсадимиз бор эди. Мадинаи Мунавварадан ўтишимизда масжид устунларининг бирига суяниб, жамоатга Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳадисларидан айтиб бераётган Жобир ибн Абдуллоҳни учратиб қолдик. У киши жаҳаннамийлар ҳақида сўзлаётган эканлар. Шунда мен: Эй, Расулуллоҳнинг саҳобийси! Аллоҳ таоло Қуръонда “Эй, Раббимиз! Кимни Сен дўзахга киргизсанг, албатта, уни хор қилган бўласан…” (Оли Имрон, 192) ва “Фосиқ бўлган кимсаларнинг масканлари эса дўзахдир. Ҳар қачон ундан чиқмоқчи бўлсалар, яна унга қайтарилурлар…” (Сажда, 20), деган. Хаворижларнинг бу оятларни ҳужжат қилишига нима дейсиз, дедим. У зот: Эй болам! Сен Қуръон ўқийсанми? – деб сўрадилар. Мен: Ҳа, дедим. Қиёмат кунида Аллоҳ таоло Муҳаммад а.с.га ато этадиган “мақтовли мақом” ҳақида эшитганмисан? – деб сўрадилар. Мен: Ҳа, дедим. Ана ўша мақтовли мақом орқали Аллоҳ таоло дўзахдан чиқадиганларни чиқаради, дедилар сўнгра, сирот кўприги ва ундан одамларнинг ўтишини таърифлаб бердилар. Дўзахдан чиқарилган қавм гўё кунжутнинг поясига ўхшаб кетган бўлиши, сўнгра жаннат анҳорларида ювинишгач ҳудди дафтарнинг оппоқ варақларига ўхшаб қолишигача сўзлаб бердилар. Шундан сўнг биз бир-биримизга қараб, бу шайх Расулуллоҳнинг номидан ёлғон гапиришлари мумкинми, дедик ва ҳаммамиз ўз фикримиздан қайтдик. Бошқа ривоятда, Жобир р.а.: Шафоат ҳақида Аллоҳнинг китобида баён этилган, деб қуйидаги оятни ўқидилар: “(Улар дўзах аҳлига): “Сизларни Сақарга нима киритди?” (деганларида), улар айтурлар: “Бизлар (дунёда яшаганимизда) намозхонлардан эмас эдик, мискинга (бизга берган Аллоҳнинг бойлигидан) таом берувчи ҳам бўлмадик. Бизлар (беҳуда сўзларга) шўнғийдиганлар билан бирга шўнғир эдик. Жазо кунини (қиёматни) ёлғонга чиқарар эдик. То аниқ нарса (ўлим) келгунича”. Энди шафоатчиларнинг шафоати уларга фойда бермас” (Муддассир, 42-48). Демак, шафоатнинг кофирларга фойда бермаслигидан, мўминларга шафоат қилиниши бор эканлиги келиб чиқади.

Бизнинг давримизга келиб Ислом дини ҳақида билимларини ошириш мақсадида ўқиб-ўрганаётган, хусусан интернет тармоғидан фойдаланаётган юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг сони ортиб бораётгани маълум. Аммо, ана шу сайтларнинг барчасида ҳам ақидавий масалаларда бизнинг диёримизда анъана бўлган Мотуридия ақидасига мувофиқ фикрлар берилмайди. Ақида масалаларида етарли билимга эга бўлмаганлар ўзлари билмаган ҳолда Мотуридия ақидасига хилоф бўлган масалаларда билиб билмай сўз айтиб қўйишлари мусулмонлар ўртасида фитна чиқишига сабаб бўлиб қолиши мумкин. Айниқса, ҳозирги вақтда дунё мусулмонларини ташвишга солиб турган Сурия ва Ироқда содир этилаётган қонли воқеаларга сабаб ҳам айнан ақидавий масалаларни тўғри англамасликдандир. Масалан, амални имоннинг шартлари қаторига киритиш билан Ислом шариатида буюрилган амалларни бажармаётган ёки динда қайтарилган ишларни қилаётган кишиларни мўмин эмас, деган айблов билан уларнинг қонини тўкиш ва молларини талон тарож қилиш ҳалол деяётганлари илм аҳлларига маълум.

Дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолат, адашишдан бошқа нарса бўлмайди. Зеро, буюк бобомиз Сўфи Оллоҳёр раҳимаҳуллоҳ: Ақида билмаган шайтона элдир, Агар минг йил амал деб қилса, елдир, деганлар. Бугун дунё саҳнасида “Ислом” динини ниқоб қилиб олган манфур, пасткаш кимсалар ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун ҳар қандай йўл ва услублардан фойдаланмоқдалар. Уларнинг асл мақсадлари анъанавий Ислом ривожига ҳисса қўшиш эмас, балки инсонларга Ислом динини ёмон кўрсатиш билан бир қаторда, анъанавий бўлган шариат аҳкомларига ўзларининг бузуқ ақидаларини тиқиштириб, ҳақиқий ислом таълимотидан узоқлаштиришдир.

Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини сақлаб, барчаларимизни эътиқодимизни мустаҳкам, ақидамизни тўғри қилсин. Барчаларимизга азиз ва мукаррам қилиб яратилган инсонийлик сифатига муносиб амал қилиб боришлигимизни ва ҳамиша берган неъматларига шукр қилиб яшашлигимизни насиб айласин!

Ў. Ғузаров, билим юрти мудири