ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ, ЁШЛАРНИНГ ИЛМ-МАЪРИФАТГА ЭЪТИБОРИНИ ҚАРАТИШ (2-қисм)

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ,
ЁШЛАРНИНГ ИЛМ-МАЪРИФАТГА ЭЪТИБОРИНИ ҚАРАТИШ
(2қисм)

 

  1. Ота имкониятга қараб фарзандига ақиқа қилиб бериши. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مَعَ الْغُلاَمِ عَقِيقَةٌ، فَأَهْرِيقُوا عَنْهُ دَمًا، وَأَمِيطُوا عَنْهُ الأَذَى
رَوَاهُ الإمام  البخاري سَلْمَانُ بْنُ عَامِرٍ الضَّبِّىُّ رَضِي اللهُ عَنْهُ
яъни: “Янги туғилган болага ақиқа қилиш бордир. Унинг учун қон чиқаринг ва ундан нопокликни кетказинг” (Имом Бухорий ривоятлари).
Шариатимизга кўра, ақиқани кўриниши шуки, бола туғилганидан кейин еттинчи куни унинг сочи олинади ва ўша сочни оғирлигича тилла ёки кумушнинг  қиймати миқдорича фақирларга садақа қилинади.
Кейин хоҳловчилар болани бошига заъфарон суртишлари мумкин. Сочи олингандан кейин унинг номидан жонлиқ сўйилади.
Ақиқа кунини таъйин қилиниши борасида Оиша разияллоҳу анҳо шундай деганлар: “Ақиқа еттинчи куни бўлсин. Агар еттинчи куни бўлмаса, ўн тўртинчи куни бўлсин. Агар ўн тўртинчи куни ҳам бўлмаса, йигирма биринчи куни бўлсин” (Имом Ҳоким ривоятлари). Уламоларимиз айтадиларки, мана шу кунларда ақиқа қилишга отанинг молиявий имконияти бўлмаса, қачон қодир бўлса, ўша пайтда ақиқа қилиши мумкин.
Шу билан бирга ота ёш боласини солиҳ ва тақводор киши ҳузурига олиб бориб, танглайини кўтариши ҳам марғуб ишлардандир. Танглай кўтариш дегани – солиҳ ва тақводор киши бир хурмо ёки ширин мевани олдин ўзи чайнаб туриб, боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам, деярли, доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар.

  1. Чиройли таълим-тарбия ва одоб-ахлоқли қилиб фарзандни тарбиялаш ҳам  ота-оналарнинг бурчларидандир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай марҳамат қилдилар:

مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).
Демак, ота-она ва фарзанд тарбиясига масъул бўлган шахслар ёш авлодни ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратишлари – динимиз талабидир!
Азизлар! Ҳозирги кунда фарзандларимиз мактабдан таътилга чиқмоқдалар. Мана шу пайтдан ҳам унумли фойдаланиб, ёшларимизни касб-ҳунар, тил курслари каби фойдали тўгаракларга йўналтиришимиз – айни муддаодир. Шу билан бирга таътил пайтида фарзандларимиз кимлар билан дўстлашяпти ва бўш вақтларини кимлар билан ўтказяпти шуларга ҳам алоҳида эътибор бериб қўйишимиз керак бўлади.
Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ва тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар.
Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон аппаратларига топшириб қўйилган. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.
Ислом динида “илм” деганда “диний” ва “дунёвий” илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда:
خَيْرُكُمْ مَنْ لَمْ يَتْرُكْ آخِرَتَهُ لِدُنْياهُ ولا دُنْياهُ لآخِرَتِهِ ولَمْ يَكُنْ كَلاًّ على النَّاس
(رواه الإمام الديلمي)
яъни: “Сизларнинг энг яхшингиз  бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирмаганидир” дейилган. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.


ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди