Садақанинг фазилати

Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр-савоблар бўлиши хабарини берган.

Ислом динида садақанинг фазилати жуда улуғ ҳисобланади. Садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган. Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади. Қуръони каримда: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти, фақат Эҳсон (эзгулик)дир.(Ар-Роҳман сураси, 60-оят)”, -дея баён этилади. Яъни, киши ҳаётини гўзаллик билан буркашни истаса, аввало, ўзи бировларга яхшилик кўрсатиши лозим бўлади.

«Садақа» уламолар истилоҳида Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш нияти ила тириклик чоғида эвазсиз мулк қилиб беришдир. Роғиб Асфиҳоний айтади: «Садақа инсон ўз молидан қурбат нияти ила чиқарган нарсадир. Закотга ўхшаб. Аслида ихтиёрий мол чиқаришни садақа дейилади. Фарз мол чиқаришни закот дейилади. Гоҳида ҳар бир яхшилик ишни ҳам садақа дейилиши бор.

Агар молни муҳтож кишига эвазсиз мулк қилиб беришдан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш кўзланса, садақа бўлади. Агар молни бериладиган шахс олдига уни улуғлаб ва меҳрини қозониш учун олиб борилса, ҳадя бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшидир. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига тоат ошкора кўринади ва ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам мазкур садақадан тушиб қолиши мумкинлиги олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, уни махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади. Ояти каримада:
«Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшир», дейилганида, фарз садақалар кўзда тутилган.

«Агар махфий қилсангиз», дейилганида, ихтиёрий садақалар кўзда тутилган. «… ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир». Яъни, садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган. Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади: «Сиздан гуноҳларингизни ювадир».

Бу ваъда ўз навбатида кишиларнинг қалбини ларзага солади, тақво ҳиссини ортдиради. «Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир». Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.

Садақа фақат маълум катта ҳажмда бўлиши шарт эмас. Бир дона хурмо бўлса ҳам садақа бўлаверади. Садақа оч қилган инсоннинг қорнини тўйдиради.

Садақа уни қилган одамнинг хатосини ўчиради.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

  1. Раҳбар ва олим одамлар ўзларига қарашли кишиларни садақага чорлаб туришлари лозимлиги.
  2. Аризмаган нарса демай, топганини борича садақа қилса қабул бўлиши.
  3. Садақа очларга бўлиши яхшилиги.
  4. Садақа ўз соҳиби гуноҳини ювилишига сабаб бўлиши.

Қайс ибн Ибоддан ривоят қилинади: «Албатта, садақа худди сув оловни ўчиргандек хато ва гуноҳларни ўчиради».

Аллоҳ таоло барчамизни бир-биримизга меҳр-муҳаббатли қилсин, фарзандларимиз ва қариндошларимиз ҳаққига риоя қилгувчи бандалардан қилиб, уларга яхшилик ва хайр-эҳсон қилишда бардавом этиб, бизларга Ўз ҳузуридан кўплаб ажру-ҳасанотлар берсин!

 

С. Худойқулов, ўқитувчи