ИЛМДАН БОШҚА НАЖОТ ЙЎҚ ВА БЎЛМАГАЙ

2021 йил 26 май куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Китоб туман ҳокимлиги ҳамда “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ҳамкорлигида билим юртининг мажлислар залида мударрис-ўқитувчилар ҳамда талаба ёшлар, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти ва илмий ходимлари иштирокида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий хақаро илмий тадқиқот маркази директори т.ф.н доцент, Зиёдов Шовосил Юнусович, марказнинг катта илмий ходими Эвадуллаев Тоҳир Шукурович ва марказ бўлим бошлиғи Жумаев Жонибек Шодиевич ҳамда Китоб туман ҳокимлигининг жамоат ва диний масалалар бўйича мутахассиси Қаюмов Назим Қиличовичлар иштирок этдилар.

Тадбирни “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири  – Ўткир Ғузаров кириш сўзи билан очиб, бугунги таҳликали даврда ёшларни илмга бўлган муносабатини янада ошириш, турли ёт ғоя ва мафкуравий таҳдидлар таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида диний ва дунёвий билимлар аҳамияти ортиб бораётгани ҳақида тўхталди.

Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий хақаро илмий тадқиқот маркази директори т.ф.н доцент, Шовосил Зиёдов “Дунё китоб фондларида сақланаётган алломаларимиз бой илмий меросига оид манбаларни тадқиқ этилиши: муаммо ва ечимлар” мавзусида тўхталиб, мамлакатимиз ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва архив фондларида сақланаётган буюк алломаларимизнинг ижодий меросига оид ҳамда ислом дунёси учун муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган қўлёзма, тошбосма асарларнинг электрон нусхаларини тўплаш ва уларни келажак авлодга етказиш учун тизимли илмий-тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирларини белгилаш ва амалга ошириш борасида батафсил тушунчалар ва ёшлар олдида турган муҳим вазифалар ҳақида гапирди. Айниқса, қадимий Насафдан етишиб чиққан Абу Муин Насафий, Нажмиддин Умар Насафий, Абул Барокот Насафий ва бошқа алломалар илмий меросини ўрганиш бугунги кунда исломшунос олимлар олдида турган долзарб вазифа эканлигини таъкидлади.

Имом Бухорий хақаро илмий тадқиқот маркази катта илмий ходими Тоҳир Эвадуллаев “Илм дунёда азизлик ва охиратда шарафдир” мавзусида талабаларга илмда доимо бардавом бўлишлари, араб тили билан биргаликда бошқа хорижий тилларни ҳам ўрганиш ва юртимиз ва хорижий олийгоҳлари ҳақида батафсил маълумотлар берди. Имом Бухорий хақаро илмий тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Жонибек Жумаев “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар” муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган илмий тадқиқот марказлари, Ҳадис Олий мактаби ва бошқа шу соҳага тегишли ислоҳотлар ҳақида қизиқарли маълумотлар берди. Китоб тумани ҳокимлиги жамоат ва диний масалалар бўйича мутахассиси Нозим Қаюмов “Давлатимиз томонидан ёшларимизга яратилаётган имкониятлар” мавзусида маъруза қилди. Маърузалар давомида ёшларни илм-фанга жалб этиш, уларнинг янги илмий билимларга бўлган эътибори ва қизиқишларини уйғотиш, мутафаккирларнинг улкан илмий ва диний меросини ўрганиш, улар яратган асарларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилишга даъват қилдилар.

Тадбир давомида Имом Бухорий хақаро илмий тадқиқот маркази томонидан нашр этилган буюк алломаларимиз ва уларнинг ёзган илмий асарларига оид китоблар тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, билим юртининг ахборот-ресурс марказига марказ нашрларидан китоблар совға қилинди.

Учрашув давомида  иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан  атрофлича жавоблар  олишди. Тадбир савол – жавобларга бой тарзда, қизиқарли ва мунозарали  ўтди. Талабалар бундай тадбирлар кўпроқ бўлиши кераклиги ҳақида  ўз фикрларини  билдирдилар.

Билим юрти матбуот хизмати