Фирқаларга бўлинманг!

“Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз.”
Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган Ислом дини ҳам юксак инсоний фазилатларни шаклланишига хизмат қилган. Шу сабабли инсоният цивилизациясига тамал тошини қўйган дин Ислом дини ҳисобланади. Ислом дини шундай динки, унда Аллоҳ таолонинг розилиги ўз ифодасини топган: “Бугун сизларга динигизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилдим”.
Ислом дини сабабли турли-туман ва бепоён мусулмон оламида маънавий-маданий ҳаётга асос солинди. Тарихда инсон ҳуқуқлари кафолатланган илк жамият, бу – мусулмонлар жамияти, деб эътироф этилади. Бу тарихий ҳақиқатдир. Европа давлатларининг инсон ҳуқуқлари ҳамда “уйғониш даври”ни асослари ислом дини аҳкомларини ўзлаштирилиши сабабли эришилгани ҳам Европанинг нуфузли алломалари томонидан эътироф этилган.“Ислом” сўзининг маъноси Аллоҳга бўйсуниш, итоатни билдириб, унинг ўзаги тинчлик, сулҳ маъносидан олинган. Аллоҳ таоло ислом ақидасини нозил қилиш билан одамларга бемисл меҳрибончилигини ато қилган, буйруқларига бўйсунганларга тинчлик, осойишталик ва фароғат неъматларини ваъда қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда эр юзида юксак ахлоқ асосларига риоя қилишга, шайтоннинг йўлидан юрмасликка — зулм қилмасликка чақиради:
“Эй мўминлар, тўла ҳолдаги Исломга кирингиз! (Яъни Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз!) Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир”.
Қуръони карим таълимотига кўра, мусулмон киши ҳар бир хатти-ҳаракати учун Парвардигори олдида масъулдир, у адолатпарварлик ва раҳм-шафқат кўрсатиши, мусулмон ёки номусулмонлигидан қатъий назар, барча одамларга эзгулик олиб бориши, ожиз ва муҳтож кишиларни асраб-авайлаши ва ҳимоя қилиши, бошқаларни “эр юзида бузғунчилик” қилишдан қайтариши керак. Қуръони карим таълим берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик, бузғунчилик ва фирқаларга ажралиш Ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва биронта мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши мумкин эмас. Бундан ташқари мусулмонлар Парвардигорлари олдида бошқа одамларни жиноят содир қилишдан қайтаришга масъулдирлар. Ҳар бир иймонли кишининг бурчи – “эр юзида бузғунчиликка” йўл қўймаслик, дунёда фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириш учун курашишдан иборат. Бузғунчи ғоялар таъсири остида ёки маълум бир шахсларнинг фикрини ҳимояси мақсадида Ислом ва мусулмонлар орасига Ислом таълимотларига зид бузғунчи ғояларни кириб келиши тарих ва ҳозирда ҳам мусулмонлар бошига турли мусибат ва балолар келишига сабаб бўлмоқда. Ана шундай мусибатлардан энг хавфлиси ва даҳшатлиси Ислом уммати – мусулмонларнинг фитналаниб, турли фирқаларга бўлинишидир. Маълумки «Фирқа» сўзи маълум бир тоифага нисбатан ишлатилиб, фирқаланиш кўпинча имон-эътиқод, яъни ақоид масалаларида бўлади. Бошқа динларда бўлгани каби мусулмонлар ичида ҳам фирқалар бор. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, ислом динида 73 та фирқага бўлиниш юз беради. Уларнинг биттасигина тўғри йўлда, қолганлари эса, залолатда ҳисобланади. Қуръон оятлари ва ҳадисларда фирқага бўлинмасликка буюради.

Исломда дастлаб пайдо бўлган фирқа хорижийлардир. Хорижийлар – ажралиб чиққанлар, яъни исёнчилар деган маънони англатади. У исломдаги илк диний-сиёсий оқим ҳисобланиб, халифа Али ибн Аби Толиб ва Муовия тарафдорлари билан халифаликда ҳукмронлик учун кураш кетаётган бир даврда вужудга келди. Улар халифа диний жамоа томонидан сайланади ва унга бўйсунади; ҳар қандай тақводор мусулмон (ҳатто, қул ёки ҳабаш бўлса ҳам) халифа бўлиб сайланиши мумкин; агар халифа жамоа манфаатларини ҳимоя қилмаса вазифасидан бўшатилади ва ҳатто, қатл қилинади; эътиқод амалий фаолият билан мустаҳкамланиши лозим, деб ҳисоблайдилар. Вақт ўтиши билан Исломда турли хил сиёсий ва ижтимоий мақсадлар натижаси ўлароқ қуйидаги фирқалар пайдо бўлди; Муржиийлар, Мўтазилийлар, Жабарийлар, Жаҳмийлар, Қадарийлар, Мушаббиҳалар, Аҳмадия, Ҳизбут таҳрир ал-исломий, Таблиғчилар жамоаси, Акромийлар, Нурчилар, Тавба, Ислом уйғониш партияси ва бошқалар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло инсоният учун дастурул-амал сифатида нозил қилган Ўзининг муқаддас каломи шарифи Қуръони каримда иймон аҳлини-мусулмонларни бирдамлик ва якдилликка чақириб: “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. …”,-деб марҳамат қилади. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг қўли жамоат устидадир”, -деб аҳли муслимни Аллоҳ таоло фирқаларга бўлинмасликни буюриб турганда ўз манфаатларини дин ва мазҳаб ҳимояси билан ниқоблаб, мусулмонлар орасига фитна ҳамда жаҳолат уруғини сепишга ҳаракат қилаётганлар Қуръон ва ҳадиснинг қайси далилига суяниб бундай йўлни тутмоқдалар. Аслини олганда ундай тоифадаги кимсалар ҳақида жаноб Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким жамоатдан ажралса, у (қиёматда) дўзахга ажратилиб, улоқтирилади”,-деб қатъий огоҳлантирганлар.

«Хожа Бухорий» ислом билим юрти ўқитувчиси
Мардонов Хайрулло