Осим ибн Абу ан Нажуд ал-Куфий

Ўзининг охирги ва абадий Китоби, ҳақ ва ботилнинг орасини ажратган Қуръони Каримни оламларга раҳмат ўлароқ нозил қилган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб ҳамд-у санолар бўлсин.

То қиёматгача инсонларни ҳидоят қилувчи, залолатга кетишдан сақловчи -Қуръони Каримни Роббисидан қабул қилиб олган, асъҳобларига тиловат қилиб, даъватни етказган умматнинг дастлабки муаллими-Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз саловатлар бўлсин.

Ҳурматли, Қуръон мухлислари! Сизлар билан машҳур ўн қироат соҳиблари билан танишиб келаётган эдик. Бугун ана шу имомларнинг бешинчиси Имом Осим ибн Абу Нажуд билан танишиб чиқамиз.

Бу машҳур қироат имомининг тўлиқ исми Абу Бакр Осим ибн Баҳдала Абу ан-Нажуд ал-Куфийдир. Туғилган санаси ҳақида аниқ маълумот келмаган. Бу зот араб бўлмаган балки Бану Нажуд қабиласининг озод қилинган қулларидан бўлган. Осим умавий халифалиги даврида яшаган. Кўплаб умавий подшоҳларининг халифалигига гувоҳ бўлган. Айни шу даврда Осим яшаган юрт-Куфа илм-маърифатга тўлиб тошган эди. Бу даврда Куфа шаҳрида машҳур олимлар турли соҳада инсонларга дарс берар эдилар. Жумладан ҳадис илмида Муоз ибн Муслим, фиқҳдан Имом Аъзам, наҳвдан эса ушбу фан асосчиси Абул Асвад Дуалий каби йирик уламоларни зикр қилишимиз мумкин.

Осим фасоҳатли ва гўзал товушли, қуръоний хулқи ва одоби билан тобеъинларнинг ичида энг моҳир қорилардан эканлиги билан ажралиб туради. Абу Бакр ибн Айёш айтади: Абу Исҳоқ ас-Сабиъийдан кўп марта шундай деганини эшитдим: Қироат борасида Осимдан кўра маҳоратлироқ инсонни кўрмадим, дедилар.

У зотнинг қироат борасида устозлари учтадир. Булар Абу Абдураҳмон ас-Суламий, Зирр ибн Ҳубайш ва Саъд ибн Иёслардан қироат илмини олган. Имом Осим Ҳафс ибн Сулаймонга қуйдагиларни айтгани ривоят қилинади: “мен сенга ўтказган қироатимни Абу Абдураҳмондан олганман. У Али розияллоҳу анҳудан олган. Абу Бакрга ўқитган қироатимни Зирр ибн Ҳубайшдан ўтказганман. У ибн Масъуддан олган” Бу улуғ қироат имоми ҳижрий 129-йили Шомнинг Самова деган шаҳрида вафот этган.

Акбархон Асқаров, ўқитувчи