Ҳар бир гуноҳ учун тавба қил

Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилинган ҳадисда: Ҳар бир Одам боласи хато қилувчидир. Уларнинг (ичида энг)яхшиси (хатосини англаб етиб, чин) тавба қилганларидир. Демак, кейинги сатрларда инсон томонидан содир этиладиган хато, гуноҳ ва маъсият нима ва булар қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида тўхталиб ўтамиз.

“Хато”, “гуноҳ”, “маъсият” ёки “исён” сўзлари маъно жиҳатидан бир-бирига жуда яқин сўзалар бўлиб, бу сўзларнинг умумий маъноси “тоатдан чиқиш”ни билдиради. Ушбу сўзларни кенгроқ тушунадиган бўлсак, “Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйин сўнишни тарк қилишдир”. Яъни, Аллоҳ ва унинг Пайғамбари томонидан буюрилган ишларни қилмаслик ва қайтарган ишларидан қайтмаслик айни гуноҳдир.

Инсон гуноҳ катта бўлсин ёки кичкина барчасидан четта бўлиши, гуноҳ қилишдан ўзини олиб қочиши керак ва бу эса шариатнинг талабидир. Чунки, айнан осийлик иблисни Аллоҳнинг лаънатига учратган, айнан гуноҳ Нуҳ қавмини тўфонга гирифтор қилган, айнан осийлик Лут қавмини ер қаърига гирифтор қилган ва айнан ер юзида гуноҳ, зулм кўпайгани боис, бугунлик кунда ота боболаримиз кўрмаган касалликларга дучор бўлиб турибмиз. Инсон гуноҳни қилиб унга тавба қилмаслиги, ўзини тийиб олмаслиги сабаб дунёда шарманда, охиратда эса қаттиқ азобга гирифтор бўлиши муқаррар. Аллоҳ таоло Нисо сурасида: “Ким Аллоҳга ва Унинг росулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, У зот уни абадий қолиши учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир”, деб айтган.

Банданинг хато қилиши, гуноҳ ишни билиб ёки билмасдан қилиб қўйиши бор экан, шариатда гуноҳни беркитишга, уни ошкор қилмасликка рухсат бор. Чунки, Аллоҳ таоло гуноҳларнинг ошкора бўлишини ёқтирмайди ва беркитилиши яхши кўради. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига ўз гуноҳларини тан олиб, эътироф этиб, шаръий жазо берилишини сўраб келган кишиларга айрим вақтларда ҳеч нарса демаганликлари ёки эшитмаганга олиб ўрниларидан туриб кетганлари ҳадисларда келган.

Гуноҳни кишилардан беркитиб, яшириб қилса бўлар экан-да, деган хаёлга мутлақо бормаслик керак. Аллоҳ таоло банданинг ҳар бир амалини гарчи зарра миқдорида бўлса ҳам ҳисобини олиши, фаришталар уни ёзиб бориши ва охиратда эса азобга гирифтор қилиши мумкинлигини ояти карималарда хабарини берган. Аксар ҳолларда кишилар бошқалардан уялиши, шарманда бўлиши ёки бошқа сабаб қилган гуноҳ ишларини ошкор қилмайдилар. Лекин кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларга турли ҳолатлар (гуноҳ ишлар) устида қўлга тушириб, сёмка қилиб кенг жамоатчиликка чиқариб юбориш ҳолатлари авж олмоқда. Таъкидлаш лозимки, кимнингдир қилган гуноҳ ишини, айбини бу тариқа оммага ўз бошимчалик билан ошкора қилиш, ўзича шарманда қилиш шариатимиз кўрсатмаларига мутлақо зид ишлар ҳисобланади. Чунки, бу ишларнинг зарари ўша шахс қилган гуноҳдан катта ва ёмон оқибаларга олиб келиши мумкин. Масалан, бир кишини зино устида қўлга туширилди ва уни халқ оммасига ўзбошимчалик билан ошкор қилинди. Зино қилувчи эркак ёки аёл оилали бўлса, ҳар иккала оила пароканда бўлиши, ўртада катта жанжал чиқиши, фарзандларига қаттиқ таъсир қилиши ёки бу шармандаликни кўтара олмасдан ўз жонига қасд қилиши билан тугаши мумкин ва жамиятда шундай ҳолатлар ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Динимизга, миллатимиз урф-одатларига тўғри келмайдиган жамиятда ёмон иллат дия баҳоланган воқеъа-ҳодисаларни гувоҳи бўлинганда дарҳол ҳукуматга айтилади ва унга ҳукумат тонидан жазо тайинланади. Бировнинг айбини беркитган одам аслида ўзининг айбини беркитади. Аллоҳ таоло шу қилган иши учун унинг бу дунёю охиратдаги айбини беркитади. Чунки, у бировнинг айбини ошкор қилса, бошқа биров ёки ўша айби очилган киши унинг ҳам айбини очиши турган гап. Бу туфайли жамиятнинг ҳар бир аъзоси бошқасининг айбини очиш учун ҳаракат қиладиган бўлиб қолади. Оқибатда жамият аъзолари орасида ўзаро келишмовчилик ва душманчилик кучаяди, ҳамда жамият таназзулга юз тутади.

Машойихлар дейдилар: «Гуноҳ борасида беш нарса гуноҳнинг ўзидан кўра улканроқ гуноҳдир: гуноҳни улуғлаш гуноҳнинг ўзидан кўра улканроқ гуноҳдир, гуноҳни писанд қилмаслик гуноҳнинг ўзидан кўра улканроқ гуноҳдир, гуноҳни ошкора қилиш гуноҳнинг ўзидан кўра улканроқ гуноҳдир, гуноҳга журъат қилиш гуноҳнинг ўзидан кўра улканроқ гуноҳдир, гуноҳга тавба қилмаслик гуноҳнинг ўзидан кўра улканроқ гуноҳдир». Инсон гуноҳдан хоҳ у ошкора ёки махфий бўлсин оловга яқин борилмаганидек четда бўлиши, доимо гуноҳ содир этмасликни, тўғри йўлда юришликни Аллоҳдан сўраб туриши керак.

Ў. Маҳмудов

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси