“Энг фаол китобхон” танловининг финал босқичи ғолиблари аниқланди

Қадимий ва бетакрор юртимизда етишиб чиққан буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг бой маънавий мероси, дунёвий ва диний илм-фан тараққиётига улкан хисса қўшган улуғ аждодларимизнинг ноёб асарларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, талабаларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ўртасида “Энг фаол китобхон” танлови ўтказилиши белгиланган эди.

Мазкур танловнинг финал босқичи  20 май куни икки йўналиш “Асримизнинг буюк алломалари” ҳамда “Ўзбек ва жаҳон адабиёти” йўналишлари бўйича ўтказилди.

Унда Турон академиясининг академиги Аҳад Сатторович Бердиев ва билим юртиниг мутахассис ўқитувчиларидан иборат ҳакамлар ҳайъати тузилди.

Иштирокчиларнинг билет саволларига берган жавоблари ҳакамлар томонидан 100 баллик тизимда баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра “Асримизнинг буюк алломалари” йўналиши бўйича 96 балл билан 3-курс талабаси Қурбонмуродов Асҳобиддин 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўринни 89 балл билан 4-курс талабаси Салоҳиддинов Муҳаммад ва 3-ўринни 63 балл билан 2-курс талабаси Муҳаммаджонов Ҳасанхон қўлга киритди.

“Ўзбек ва жаҳон адабиёти” йўналиши бўйича эса 80 балл билан 3-курс талабаси Акромов Алишер 1-ўринни, 60 балл билан 2-ўринни 3-курс талабаси  Мажидхонов Мусохон эгаллади.

Ғолиблар билим юртининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Билим юрти матбуот хизмати