Огоҳлик — давр талаби

Мустақиллик ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида, жумладан, маънавий ҳаётдаги янгиланиш жараёнини, туб ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Динга бўлган муносабат тубдан ўзгарди: собиқ совет тизимининг динга атеистик ҳужумкорлик сиёсатига барҳам берилди, виждон эркинлиги қонун орқали кафолатланди.

1998 йилда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» ги қонунинг 5-моддасига кўра: «Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб қуватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти-харакатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа хар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади» деб белгилаб қўйилган.

Миссионерлик ҳақида сўз юритганимизда энг аввало унга берилган таърифга эътибор қаратишмиз лозим. Миссионерлик – (лотинча “missio” — “юбориш”, “вазифа топшириш”) деган маънони англатиб, бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишдир.

Миссионерликнинг узвий қисми бўлган прозелитизм — тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган шахсни ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишни англатади.

Миссионерлик ҳаракатлари ортида диний заминда миллатни ичидан бўлиб ташлашга қаратилган ғаразли сиёсий мақсадлар ётганини ва у келтириб чиқарадиган фожиаларни англаш мумкин. Бу эса, миссионерлар ўз мақсадларига эришадиган бўлсалар улар фаолият олиб бораётган мамлакатда низо ва жанжалларнинг авж олиши, душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратилиши, халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулига олиб келиши мумкин.

Шу ўринда бир ҳақиқатни таъкидлаб айтиб ўтишимиз ўринли. Биз мамлкатимизни “Диний бағрикенглик ўлкаси” – деб атаймиз. Дарҳақиқат шундай, юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади. Шунингдек, 16 конфессияга тааллуқли бўлган диний ташкилотларнинг бирдамликда баҳамжиҳат фаолият олиб бориши, миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, диний бағрикенглик тамойилларининг ривожланиб бориши ҳукуматимиз томонидан барча шароитларнинг яратиб берилганидан далолат беради.

Тинч-тотувлигимиз, эркинлигимиз, шод-хуррамлигимиз, соғ-омонлигимиз ҳам мустақиллик туфайли. Ахир, атрофга қаранг, дунёга назар ташланг: айрим давлатлардаги нотинчликлар, қирғин-баротлар неча йиллардирки, тўхтамайди. Бунинг оқибатида аҳоли турмуши, мамлакат ҳаёти издан чиқяпти, очлик, қашшоқлик, турли касалликлар авж оляпти. Уларга боқиб Мустақиллигимизга, тинчлик, аҳиллигимизга кўз тегмасин, деймиз! Биз истиқлол туфайли ўзлигимизни англай бошладик, миллийлигимизни, қадриятларимизни қадрлашни ўргандик.

Биз  ўзлигимизни англаш, миллий қадриятларимизни қадрлаш орқалигина дунёни англаш мумкинлигини тушунамиз. Чунки истиқлол йилларида биз  миллийлик руҳида тарбияландик, миллий ғоя атрофида жипслашдик. Бугун биз  шўро даври ёшларидан фарқли равишда, ўз илдизларимизни, кимнинг авлодлари эканлигимизни яхши биламиз. Дунё таниган саркарда Амир Темур, жаҳон фани, тиббиёти, санъати, ислом тараққиётига, адабиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Хожа Исмоил ал-Бухорий, ат-Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Югнакий, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур… каби боболаримиз билан фахрланамиз.

С. Худойқулов, ўқитувчи