Бемор зиёратининг фазилатлари

Маълумки, муқаддас динимиз меҳр-мурувватга, эзгуликка чорлайди, раҳмдилликни тараннум этади. Аллоҳ таоло ушбу динни инсониятга олиб келган зот-Муҳаммад (с.а.в) ҳақида бежиз: “Батаҳқиқ, Биз Сени оламларга фақат раҳмат қилиб юборганмиз!” (Анбиё: 107) дея марҳамат қилмаган.

Раҳмат қирраларининг энг буюкларидан бири эса динимизнинг заиф-бечоралар, бемору хасталарга кўрсатган раҳмати, меҳр-шафқатидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни:

«Эй Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандоқ қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер.

«Билмадингми? Бандам фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Билмадингми? Агар сен уни кўргани борганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг. Эй Одам боласи, сендан таом сўрадим, Менга таом бермадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандоқ қилиб Сенга таом берайин? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер.

«Билмадингми? Бандам фалончи сендан таом сўради. Сен унга таом бермадинг. Билмадингми? Агар сен унга таом берганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи, сендан сероб қилишни сўрадим, Мени сероб қилмадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандоқ қилиб Сени сероб қилай? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер.

«Бандам фалончи сендан сероб қилишни (сув беришингни) сўради. Сен уни сероб қилмадинг. Агар сен уни сероб қилганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейди». Муслим ривоят қилган. («Ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейиши, ўша ишнинг савобини, деганидир.)

Касаллик киши ҳолини маҳзун, аъзоларини эса заиф қилиб қўяди. Бундай вазиятда инсон боласи меҳр-мурувватга ҳар қачонгидан ҳам муҳтож бўлади. Динимиз бундай бетобларнинг ҳолидан хабар олиб туришга, уларнинг кўнглини кўтаришга ҳамда бир оз бўлса-да, дардларини енгиллатишга буюради.

Ҳазрати Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ни шундай деганларини эшитдим: “Ким мусулмон биродарини касал ҳолида кўргани келса, унинг олдига келиб ўтиргунча жаннат йўлида юрган бўлади, агар ўтирса, Аллоҳнинг раҳмати уни қамраб олади. Агар эрталаб зиёрат қилса, кечгача етмиш минг фаришта  унга салавот айтади. Агар кечқурун зиёрат қилса, тонгача етмиш минг фаришта унга салавот айтади .” Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Салмон Форсийни касал бўлганда кўргани кириб, дедилар:  “Сенинг  бу ётишингда учта хислат бор. Роббингдан эслатма, поклик ва олдинги гуноҳларингга каффорат, касал кишини дуоси мустажабдир, қодир бўлганингча Аллоҳга дуо қил ”.

Ислом беморга меҳрибонлик кўрсатишда шунинг ўзи билан чекланиб қолмади, балки, уни зиёрат қилишни бошқа биродарлари устидаги ҳақларидан бири этиб белгилади. Ҳадисларда келишича, “Беш нарса мусулмон кишининг ўз биродари зиммасидаги ҳақларидан ҳисобланади: саломга алик олиш, акса урганда (алҳамдулиллаҳ деса), (“ярҳамукаллоҳ” дея) соғлик тилаб дуо қилиш, меҳмонга чақирганда бориш, касал бўлганда зиёрат қилиш ва жанозасида қатнашиш” (Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган, муттафақун алайҳ).

Беморни зиёрат қилиш касал кишига руҳий мадад бўлади, яъни, у ўз дўстлари олдида қадри-қиммати борлигидан хурсанд бўлиб, яшашга бўлган иштиёқи янада кучаяди. Беморнинг кайфияти кўтарилиши эса, касалликни енгишга сабаб бўлади. Шунингдек, у яқинларининг, дўстларининг меҳр-оқибатлари ва дуоларига сазовор бўлади. Натижада, улар ўртасида меҳр-оқибат, муҳаббат зиёда бўлади. Беморни йўқлаш одоби, у ерда қилинадиган ишлар ҳақида ҳам динимизнинг кўрсатмалари мавжуд бўлиб, касални йўқловчи унинг бош томонида туриб, Аллоҳ сенга шифо берсин, деб бир неча марта айтиши, уни дуо қилиши, ранг-рўйи, ҳолати ҳақида эҳтиёт бўлиб, иложи борича беморнинг кўнглини кўтарадиган гаплар айтиши лозим. Ўз навбатида, бемор ҳам ҳадеб нолимаслиги, йўқловчи қайтаётганда уни дуо қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Беморни зиёрат қилишда зиёратчи учун жуда ҳам кўплаб фойдалар бор.  Яна касал кўриш Аллоҳ берган соғлиқни қадрига етиб, унга шукр қилишга чорлайди.

Азамат УСМОНОВ