Имом Мотуридийга мансуб бўлиш хатоми?

Ислом динини Ўзининг сўнги дини ўлароқ танлаган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

“Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” деган, суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога саловат ва саломлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, пайғамбарларни уларга ҳақ йўлни кўрсатувчи қилиб юборди. Табийки, ҳар бир пайғамбарнинг ёнида унинг  таълимотларини қабул қилиб оладиган тобелари мавжуд бўлган. Аллоҳ таолонинг бу суннати пайғамбаримиз рисолатни олиб келганида ҳам жорий бўлди. Саҳобалар у зотдан ислом динининг барча қирраларини ўзлаштириб олдилар. Ўз навбатида улар ҳам ўзларидан кейинги авлодга динни омонат ила етказдилар.

Аллоҳ таоло ҳар замонда ислом умматини, аҳли ҳақни уларга қарши кишилар билан синаб келган. Аввалига Макка мушриклари мусулмонларнинг бошига турли балоларни ёғдиришди. Ҳатто улар ўз ватанларини ташлаб Мадинага ҳижрат қилиб кетишга мажбур бўлдилар. Мадинада эса уларнинг қаршисига мунофиқлар номини олган иккиюзламачи бир қавм ва яҳудийлар чиқди. У кезлари ҳали пайғамбар алайҳиссалом ҳаёт эдилар. У зот мунофиқлар ва яҳудийлар томонидан бўладиган қаршиликларни илоҳий ваҳий асосида бартараф этиб берардилар. Албатта макка мушриклари ҳам бу орада қўл қовуштириб ўтирмаган.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг халифалик замони бошланди. Илк бор мусулмонлар ичидан закотни бермаслик масаласини кўтариб бир тоифа чиқди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу уларга қарши уриш очиб масалани ҳал қилдилар. Ҳатто, Абу Бакрнинг бу қарорига Умар разияллоҳу анҳу қарши чиққан ҳам эди. Бироқ кейинчалик у Абу Бакрнинг қарори тўғри эканига ишонч ҳосил қилади. Шундан сўнг мусулмонлар ҳаётида киши дилини хира қиладиган    турли фитналар бирин-кетин бўй кўрсата бошлади. Лекин набавий мактаб тарбиясини олган саҳобалар пайдо бўлган ихтилоф ва муаммоларни Қуръони карим ва суннатга таяниб ҳал қилиб келдилар. Шу билан бир қаторда ислом фатҳлари давом этар, турли халқ ва элатлар исломни қабул қилар, илм ва ислом маданияти кундан кунга ривожланиб борар эди. Гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, мусулмонлар ичида исломни ичидан емиришни мақсад қилган ғоя эгалари ҳам етарлича топилар эди. Тарихга бир назар ташласак юзлаб ҳатто минглаб бу каби ғояларга гувоҳ бўламиз.

Аллоҳ таоло исломни ҳар вақт ва ҳар маконга салоҳиятли дин қилиб танлагани учун уни ҳимоя қиладиган олимларни вақти вақти билан кураш майдонига чиқариб турди. Ислом олимлари томонидан рақибларга қақшатгич зарбалар берилди. Қироъат, тафсир, ҳадис, фиқҳ, усулул фиқҳ, тарих, мантиқ ва бошқа-бошқа фанлар бўйича мисли кўрилмаган асарлар яратилди. Хуллас, китоб таълиф қилинмаган соҳанинг ўзи қолмади.

Сирасини айтганда мусулмонлар ўз динларига амал қилиб юрган кезларда дунёни бошқарадиган даражада улкан салоҳиятга эга эдилар. Аллоҳ таоло мусулмонларни бошқа дин вакилларига нисбатан даражасини баланд қилиб уларга ҳар соҳада улкан муваффақиятлар ато этган эди. Шундай қилиб мусулмонлар дунё тамаддуни ривожига ўзига хос ҳисса қўшган кишилар бўлдилар. Асрлар давомида мусулмон уммати етакчиликни қўлдан бермай келди. Шубҳасиз бунинг бирдан бир сабаби уларнинг динлари ислом эди. Асрлар бўйи мусулмонларни тор-мор қилиш йўлларини қидириб юрган душман буни жуда яхши билар эди. Шунинг учун улар мусулмонларни динларидан узоқ тутиш керак деган хулосага келдилар ва буни амалга ошириш учун амалий ҳаракатларни бошлаб юбордилар.

Сўзни мухтасар қилиб асл масалага ўтайлик. Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда дин номидан гапираётган “олимлар” ҳам ана шундай амалий ҳаракатларнинг бир кўриниши десак хато қилмаган бўламиз. Бу бечоралар ўзлари билмаган ҳолда уларнинг тегирмонига сув қуймоқдалар. Баъзан бу телба, усули йўқ ва нодон кимсаларнинг гапини эшитиб асабинг тутаб кетади…!

Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун бир мисол келтирайлик. Яқинда “you tube” да Абдуллоҳ Зуфарнинг мотуридийларни ёмонлаб айтган гапини эшитиб қолдим. Унинг иддаоси бўйича мусулмонларнинг ўзларини мотуридий ақидасига мансуб деб билишлари хато экан. Чунки имом Мотуридийдан олдин ҳам ақида бор эди. Шунинг учун у ёки бу кишига мансуб бўлиб олиш тамоман нотўғридир, дейди у. Унинг бу гапи худди имом Бухорийдан олдин ҳам ҳадислар бор эди. Шунинг учун ҳадисларни у кишига боғлаш керак эмас деган гапга ўхшайди. Худди имом Мотуридий йўқ жойдан ақида ўйлаб топган-у, қолган мусулмонлар у кишига эргашиб юргани учун адашган. Шунчалик ҳам мантиқсиз гап бўладими?! Ахир имом Мотуридий ўзидан олдин ўтган мусулмон авлодининг ақидасини бир тизимга солиб тартиб билан баён қилиб берганликлари кундек равшан-ку!

Абдуллоҳ Зуфарнинг бу гапидан ақидавий таълимотларни тан олмаслик керак деган маъно чиқади. Ақидавий таълимот деганда Мотуридий ва Ашъарий таълимотларини назарда тутмоқдаман. Афсуски унинг гапини ҳақ деб билган айрим биродарларимиз оз бўлсада учраб турибди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳақ йўлида собит қадам қилсин. Ҳақнинг ҳақ эканлигини ва ботилнинг ботил эканлигини билдириб, ҳаққа эргашишни ва ботилдан йироқ бўлишимизни насиб этсин!

Омон Қодиров, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси