ИСЛОМ – ТИНЧЛИККА ЧАҚИРАДИ

Ҳозирги кунда жаҳонда баъзи ғаламислар томонидан ислом дини ҳақида турли нотўғри фикрлар тарқатилаётгани, террорчилик каби иллатларни айни пайтда бевосита исломга боғлаб, муборак динимиз ва мусулмонларга нисбатан нафрат ўтини ёқишга уринаётгани ҳеч кимга сир эмас, ваҳоланки муқаддас динимиз ҳар қандай ёвузликни инкор этади. У соф инсоний фазилатлар, гўзал ахлоқ одоб, маънавий комиллик каби фазилатларга даъват этади.

Ислом дини инсонларни икки дунё саодатига эришишига ундайдиган, илоҳий таълимотларни ўзида мужассам этган самовий динларнинг сўнггиси бўлган диндир.

Ислом дини инсоният тарихидаги буюк таълимотлардан бўлиб, донишмандлик ва ҳикмат манбаидир. Эътиқод асосларини ўзида мужассам этган Қуръони карим – энг сўнги илоҳий таълимот ва аҳкомлар мажмуасидир. Бу таълимот кишилик ҳаётидаги ҳар қандай муаммоларни оқилона ҳал этишга хизмат қилади.

Инсоният  ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб:

“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” деганлар. Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Тинчлик бу Ислом шиоридир. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар ўзаро муомалаларини доимо бир-бирларига тинчлик тилаш, яъни саломлашиш билан бошлайдилар.

Ислом ақидасига биноан яшаган инсон, мансаб, моддий манфаатни кўзлаб эмас, балки Аллоҳнинг розилиги йўлида жамият бахт – саодати учун сидқидилдан меҳнат қилмоғи лозим. Бундай тушунча ҳар бир эзгу ниятли кишининг олий мақсади.

Инсониятга Аллоҳнинг марҳамати, улуғ неъмати бўлиб келган Ислом дини бағрикенглик сифати билан машҳурдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Мен ҳаққа мойил, бағрикенг бўлган дин билан юборилдим” деганлар.

Ислом динининг бағрикенглиги Қуръони каримда ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унда Аллоҳ таоло бошқа дин вакиллари билан ҳусни муомалада бўлишга буюриб: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади”, — деган (Мумтаҳана сураси, 8-оят). Демак, кўнглида адовати бўлмаган ҳамда жамиятда зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, шунинг билан бирга тинчлик ишига раҳна соладиган кишиларга нисбатан муросасозлик қилиб ўтирмаслик динимиз талабидир.

Динимизнинг асоси бўлмиш Қуръони карим ва суннати набавияда қўни-қўшничилик ва бошқа турли кўринишдаги ўзаро муомалаларда ҳам бағрикенгликка тарғиб қилинган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида ғайридинга ҳам инсонийлик юзасидан яхши муомалада бўлишга тарғиб қилганлар. Бу борада саҳоба ва тобиъинлардан бизларга ибрат бўларлик воқеалар ривоят қилинган. Жумладан, бир куни ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу бошқа динга мансуб бўлган кекса чолни тиланчилик қилиб юрганини кўриб қоладилар ва ҳолига ачиниб: “Ёшлик вақтингда сендан солиқ талаб қилсагу, кексайганингда ҳолингдан хабар олмай ташлаб қўйсак инсоф қилмаган бўламиз” деб, унга давлат хазинасидан маълум бир миқдорда нафақа ажратганлар.

«Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларига сизларга Аллоҳ бандасининг даражасини нима туфайли кўтаришини айтайми?, дедилар:»Ҳа, айтинг» дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни авф этсанг, сени маҳрум қилганга инъом этсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг”, деб марҳамат қилганлар.

Тарихга теран назар солсак, бизларнинг  аждодларимиз ким эканини кўрамиз. Не-не буюк даҳолар, мутафаккиру алломалар айнан шу сиз ва биз яшаётган муқаддас Ватанда яшаб ўтганлар. Али Ибн Сино, Беруний,ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Имом ал-Бухорий каби улуғ аждодларимиз гарчи собиқ тузум уларнинг диний илм соҳиблари бўлганини яширган бўлсада, улар энг аввало ислом дунёсининг ардоқли олимлари, том маънодаги илм эгаларидирлар. Уларнинг қолдирган бой меросларини ўрганиш, асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш барчамизнинг бурчимиздир.

Ўткир  Ғузаров

Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти мудири