Руҳ озиғи, тан озиғи эмасми?

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила бошлайман.

Аллоҳ таоло бизларга рамазони шариф ойида рўза тўтишни фарз айлади.  Шу сабаб бизлар фарзни қандай шаклда адо этишни илмлари ва тақволари ила безалиб бутун дунёга дарс берган олимларимиздан ўргансак мақсадга муофиқ бўлади.

Ўтган аждодларимиз ўзларининг муборак хикматли сўзларини 50 йил ва 60 йиллик тажрибалари асосида бирор – бир оят ва ҳадисларга ишорат қилиб айтганлар. Шу сабабдан уларнинг сўзларини келтиришга қарор қилдим.

Илоҳийномада аввал амал, сўнг илм дейилган. Амалли инсонга бир сўз айтсангиз ҳам унга амал қилади. Агар сўзни сўзига амал қилувчи инсон айтсачи унданда фойдаси кўпроқ бўлади. Бу эса саҳобаларда ҳақиқий маънода ўз аксини топди. Киши бирор- бир амалини қабул бўлганини билмоқчи бўлса, ўзини тарозига тортиб кўрсин. Яъни: Рамазондан олдинги амали билан рамазондан кейинги амалини тортганда амалида яхшиликка ўзгармаган бўлса! Рамазондан мақсад қилинган нарса юзага чиқмаса! У гўё дарёдан қуруқ чиққан мисоли бўлади. 

Иброҳим ибн Адҳам айтади: Бир қавмга ҳукмрон бўлгандан кўра, бир нафсга ҳоким бўлмоқлик  қийинроқдир.

Инсоннинг асосий ҳаракатини белгиловчи озуқани ўз миқдорида бериш керак. Аллоҳ дилни тоблаш асносида танни ҳам тарашлаб, мисқолга гўшт қолдирмас. Одам боласи ортиқча юкни кўтариб юриши кўнглида турли майлларга рағбат уйғотади.

Бу борада Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мўмин кишида битта чучварага лойиқ ортиқча эт қолмаслиги керак”, деганлар.

Барча бузғунчилик, чалкашлик омонат дунё хийла-найранги, одамзотнинг тутган тутуми. Кимдир ақл таниганидан қувониб, уни тўйғазади. Кимдир ақл таниганидан фойдаланиб, нафсини семиртиради. Нафс семириб тўлишгач, ўз халоскори ҳисобланган ақлни бўғиб ўлдиради ёки ҳибсга олиб, кўз очишига имкон бермайди. Бунинг учун азизу мукаррам инсон Аллоҳдан гина қилиши керакми ёки ўзидан? Ақли соғлом зот яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам тақдири азал ҳукми деб  билади. Ёмон одам эса, ёғ ичганида севиниб, қон кечганида замонни, қисматни лаънатлайди…

Этлари устихонга айланса-да, вужудини шижоат ва завқ-шавқ тарк этмаган кишиларга ҳавасланиб боқишимиз керакмасмикин? Бутун китоблари ва хикматлари билан бутун дунёни тўлдирган устозларнинг ҳаммалари шу сифатларни ўзларида жам айлаган. Ҳамма фазилат очлик ортидан рух озуқаси орқали келиб чиқади.

“Катта олимлар ҳам хатто биздан андоза олманглар, гоҳо ожиз банда билиб-билмай нафснинг алдовига кўнади”,-деб, нафснинг ёмонлигидан  бизларни огоҳлантирганлар.

Ҳолбуки, Сахл Тустарийдек буюк зот нафсини ҳамиша хумда қамагандай сақлаб, унинг ҳар хил рангда тусланувчи алдовига юрмаган, дод-фарёдига қулоқ солмаган эди.

Ҳазрати Сахл Тустарий бир ҳикматларида:

– Тавба муяссар бўлмас ул кишигаким, токи тилсиз бўлмагунича; Тилсиз бўла олмас, токи хилватга кирмагунича, хилватга кира олмас, токи ҳалол емагунича; ҳалол емоқ ҳосил бўлмас, токи ҳақнинг ҳаққини адо этмагунча. У ҳам ҳосил бўлмас, то вужудини пок сақламагунича, у ҳам ҳосил бўлмагай, ҳақдан иноят етмагунича! – деб ёзган эканлар.

Баданда нам ва озуқа қолмасдан туриб рухий озуқа ҳисобланган илм тингланса! Қалб кири бошдан тер бўлиб чиқиб кетади.

Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бойлар атрофида ўралашиб юрмасди. Фарзандлари унга “Сиздан улуғлар ҳам уларнинг ҳузурига боряпти, сиз ҳам қатордан қолманг” -дейишди. Ул зот: “Эй фарзандларим! Қавм бир ўликни ўраб олган бўлса, унга мен ҳам борайми?! Аллоҳга қасамки, кучим етгунича улардан қочаман”- дедилар. Фарзандлари: “Эй отажон! Унда биз очликдан ўлиб кетамиз-ку?” – дейишди. Саъд ибн Абу Ваққос уларга шундай жавоб берди:

– Эй болаларим! Семиз мунофиқ ҳолда ўлишдан кўра, оч мўминлигимча рихлатга чекинишим мен учун суюклироқдир. Тупроқ, имонни эмас, гўшт ва ёғни ейишини унутдингларми!..

Саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бизларга танбеҳ сифатида айтмоқдаларки ризқни Аллоҳ таоло беради, уни бошқа жойдан изламанг, ризқ сизни излаб, қўвиб юради. Ризқ масаласида подшоҳларга шикоят қилиш ўта кетган аҳмоқлик ҳисобланади. Чунки ризқни падшоҳга ҳам Аллоҳ беради. Шу сабабдан ҳам саҳоба мана шу муборак сўзни айтди, бу эса барча илм йўлида юрган олимларга дастур бўлиши учун Хасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бизларга етказиб қўйдилар. Бу масала юзасидан жуда қаттиқ гаплар келган бунга эътибор қаратайлик:

Исо алайҳиссалом: “Ёмон олимлар ботқоқдаги ўт кабидурки, зоҳири чиройли, ичи балчиққа тўла”- дебдурлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар:

– Билмайдиганлар ҳолини бир бора билиб, унга амал қилмайдиганлар ҳолига етти бора вой бўлсин. Ва ниҳоят, олимлик мартабасига қизиққан инсон шуни ёдидан чиқармаслиги зарурки, Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат этганлари каби, “Ёмонларнинг энг ёмони – олимларнинг ёмони, яхшиларнинг энг яхшиси – олимларнинг яхшиси”. Бу ўгит олимлар виждонини белгиловчи мезондир.  Очликдан қўрқмаслик керак унинг ортидан руҳий озуқа келади.

– Эй кеча-кундуз ғам чекувчи, ҳирс қўлида ночор киши, сен раззоққа суян, имон-эътиқодда мустаҳкам бўлиб ишонгил. Унга сабр қилиб тинчлан бир оз. Фақир йўлини танла, чунки фақирлик Расули Акрамдан мерос.

Таом ортидан келадиган зарарлар:

Абу Сулаймон Дароний айтади: “Ҳар нарсанинг боши бор. Кўнгилнинг боши кўп емакдир. Ва ҳар ким кўп емакни одат қилса беш нарсага мубтало бўлгай:

  • Биринчи, ибодат завқини топмагай;
  • Иккинчи, хотираси кесилади. Нима эшитса, дарҳол унутади;
  • Учинчи, шавқатсиз бўлади! Чунки, ўзи тўқдир, барча халқни тўқ деб билади;
  • Тўртинчи, тоат қилишга эринадиган бўлади;
  • Бешшинчи, шаҳвати ғолиб бўлади.

Иброҳим ибн Адҳам айтади: “Мен доимо тўрт от сақлайман ва уларнинг чавандозиман. Агар Аллоҳнинг неъматига дуч келсам Шукур отига миниб, унинг олдига пешвоз чиқаман. Агар ранж- аламга юзлансам, уни Сабр ва Ихлос отларида кутиб олурман. Ва гуноҳга ботаётганимни сезсам, Тавба отига миниб, мақсадимга етарман. Мана шу иштибоҳларга йўл қўймасликнинг энг қисқа йўли – дунё лаззатидан юз ўгирмоқ, унинг алдамчи, беҳаё жилвасига сабр-тоқат айламоқ ва шайтонга бўйин эгмай яшамоқдир. Очиғи, бу осон эришилмайдиган саодат”.

“Ҳар ким валийлар мартабасига восил бўлмоқ истаса, дунё ва охиратга рағбат қилмай, фақат Аллоҳ таолога қалбини бериб, ҳалол луқма есин”.

Абу Сулаймон Дароний айтади:

  • Очлик охират эшигини, тўқлик дунё эшигини очар.
  • Агар сенинг бирор ҳожатинг бўлса, ул ҳожатинг чиқмагунча ҳеч нарса емагин. Чунки, кўп емак ақлни ишлашдан тўсади. Шайтон васвасасига солади. Юкинг қанча енгил бўлса! Узоқ машаққатли манзилингга етиш шунча осон бўлади.
  • Рўза сенинг ўзингга очлик, нафсингга қаҳрдир, руҳингга озуқа бўлади.
  • Очлик кўнгилни мунаввар этар, тўқлик кўнгилни қорайтирар.
  • Аллоҳни топмас, то нафсини ўлдирмагунча ва дунёдан юз ўгирмагунча.
  • Гуноҳларнинг боши дунёни севмоқдир ва тоат-ибодат кўрки очликдир.

Ҳар ким Аллоҳга етишмоқни тиласа, нафсини ўлдирсин! Аллоҳ айтади: “Эй бандаларим, агар сизлар дунёда мендан уялсангизлар(гуноҳ амалларни қилишдан), мен ҳам охиратда сизлардан уяламан. Ва айбларингизни юзингизга солмайман, гуноҳларингизни номаи аъмолингиздан ўчираман”.

Кўп таомларни истеъмол қилиш вақтида Аллоҳни кўриб тургандай хис қилиб ундан уялиб турилса, нур устига нур бўлади иншоаллоҳ.

Сулаймон Даронийнинг лутфини эсласак: “Қўрқувдан йироқ қалб хароб бўлади”, деганлар. Таомни ортиқча истеъмол қилишда Аллоҳдан қўрқилса, инсон маънавий камолатга эришади. Маънавий камолат эса барча яхши хислатлар эшигидир.

Гуноҳ қилмоққа қудрат топган вақтдаги хушвақтлик гуноҳнинг ўзидан ёмонроқдир.

Инсон ўз қусурини кўз жавоҳири ила кўролмайди. Сиз шайтонни анойи деб ўйламанг. У ўз ҳийласини минг бор ўйлаб, сўнг ожиз банда қалбига сингдиради.

Иблис савдойи ёки анойи эмас, у олим, фақат унинг борлиғини кибр эгаллаган, холос. Билки, у оддий кимсаларни чалғитишдан кўп қувонмас, у тузоқни ҳақ истаганлар йўлига қўюр. Мингта оми шахсни аврагандан, битта олимни чалғитган афзал, деб билур.

– Нега?

– Чунки олимнинг адашуви–оламнинг адашуви! Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Олимнинг ўлими, оламнинг ўлими деган ҳадисини унутдинггизми?

Зотан, авлиёлар учун моддий неъмат маънавий зиёфат олдида ўз аҳамиятини йўқотган.

Абу Сулаймон Дароний айтади, менинг кунлик одатим нонни туз билан ер эдим. Бир куни кўза ичида ёғ бор экан, унга қўшиб егандим. Бир йилча унинг таъсири зараридан тоат завқини топмадим. Энди мен ажабландимки, ҳамиша нафс орзуларини берурсан, сенинг ҳолинг қандай бўлади?

Шубҳалик таомдан қўлни тортиш:

Авлиёлар саййиди, атқиёлар пешвоси Ҳорис Муҳосибий қачонки, бир шубҳалик таомга қўл узатадиган бўлса, қўлининг томирлари чиқар ва шундан билар эдиким, ул таом шубҳаликдир.

Хулоса ўрнида бизлар ўтган аждодларимиз каби буюк ишларни қилишни истасак гўё улар мисоли дунёда яшашимиз керак бўлади. Рамазони шариф ойи яқинлашаётгани муносабати билан шу ойга мос ҳолатда етиб унинг хурматини қўйишликни насиб қилсин.

Аллоҳумма солли васаллим ва барик ала набиййина Муҳаммад.

Юнусобод Оқтепа жоме масжиди

имом ноиби Урол Назар Мустофо тайёрлади