Шамолларнинг физик хусусиятларига диний ва дунёвий штрихлар (2)

Давоми…
Аллоҳ таоло агар хоҳласа, шамолни мутлақо тўхтатиб ҳам қўяр экан.

Бу ҳақда Шуро сурасининг 33- ояти каримасида шундай марҳамат қилинади:

“Агар У зот хоҳласа, шамолни тўхтатиб қўюр”[1]

Ҳа, шамол пайдо бўлишини ирода қилган Улуғ Зот, уни тўхтатиб қўйиши ҳам мумкин. Бу Аллоҳ таоло учун ҳеч қийин иш эмас. Ваҳоланки, Улуғ Яратгувчи Бақара сурасининг 20-ояти каримасида марҳамат қиладики:

“Албатта Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир”[2]

Яъни, агар хоҳласа шамолларни пайдо қилади ёки мутлақо тўхтатиб қўяди. Дарҳафиқат, ер юзасида бутунлай шамол бўлмай сукунат юз бериши фан тилида штиль дейилади[3]. Демак, Аллоҳ таоло бутун борлиқни, ҳамда барча нарсаларни Ўзи яратган экан, уларнинг ҳолатини, умуман барча “ҳаракат параметрларини” Ўзи хоҳлагандай бошқариб туради.

Чунки:

“… Огоҳ бўлинг, яратиш ва амр қилиш Унинг Ўзига хосдир”[4]. (Аъроф-54)

Шундай вақтлар бўладики, баъзан, инсон ҳаётига катта ташвишлар туғдирадиган, мамлакатлар иқтисодига кўплаб зарар етказадиган ўта кучли шамоллар, туфонлар ҳам содир бўлиб туради.

Тропик циклонларда айрим қаттиқ шамолларнинг тезлиги 100 м/сек гача етиши мумкин. Тропосферадан юқори кўтарилган сари шамолнинг тезлиги кучаяди, 8—10 км баландликда 60—70 м/сек дан ҳам ортиб кетади[5].

Шунинг учун ҳам, кучли, шиддатли шамолларни инсон ҳаётига таъсири, аҳамияти беқиёс бўлганлиги учун,  Аллоҳ таоло Мурсолот сурасининг 2- ояти каримасида марҳамат қиладики:

“Қаттиқ эсган шамоллар билан қасам”[6].

Муфассир уламоларимизнинг муътабар китобларида ёзилишича, Аллоҳ таоло бирор муҳим ҳолатни таъкидлашдан аввал, инсонлар диққат эътиборини тортадиган аҳамиятли нарсалар билан қасам айтиб, сўнгра  муҳим хабарларни баён қилган.

Демак:

  1. Ер сайёрасида Аллоҳ таолонинг изни иродасисиз шамолларнинг ўз-ўзидан пайдо бўлишлиги асло мумкин эмас.
  2. Шамолларнинг қайси минтақада, қанақа йўналишда эсиши ва қанча муддат давом этиши ҳам Яратгувчи Зотнинг хоҳишига мувофиқ амалга ошади.
  3. Майингина эсган шабодалардан тортиб, ўта кучли шамоллар, довул ва туфонларни табиатнинг одатдаги ҳодисаларидан бири сифатида қабул қилмай, балки, бутун борлиқни йўқдан бор қилган Аллоҳ таолонинг амрига асосан содир бўлишлигини англашимиз лозим.

Энди асосий масалага ўтсак. Ҳаммамизга маълумки, ер шари қуёш атрофида маълум бир орбита бўйлаб 30 км/сек тезликда тўхтовсиз ҳаракатдадир. Ер шари шу қадар катта тезликда ҳаракатланаётган экан, унинг атрофини ўраб турган атмосфера қатлами коинот қаърига сочилиб кетмасдан, бир хил вазиятда ер билан биргаликда учишининг ўзи ақл бовар қилмас даражада Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилгувчи муъжизалардан биридир.

Ахир атмосфера таркибидаги турли хил газ элементлари “ерга боғлаб” ёки ташқаридан ҳимоя қобиғи билан ўралиб қўйилгани ҳам йўқда.

Бундай катта тезликда ҳаракатланаётган Ер сиртидаги жамики мавжудотлар океан ва денгиз сувлари қандай сақланиб турибди? Улар бу катта тезлик натижасида ва марказдан қочирма куч натижасида Ер сиртидан коинот қаърига отилиб, сочилиб кетиши керак эдику. Аммо, бу мисли кўрилмаган тезлик остида ҳам барча жисмлар сув ва мавжудотларни  Ерга сақланиб туришлигини сабаби нимада? Ҳақиқатни англамоқ учун яна Қуръони Каримга мурожаат қиламиз. Бу хусусда «Мурсалаат» сурасининг  25-26 ояти карималарида шундай марҳамат қилинади:

  1. “Ерни ўзига тортгувчи қилиб қўймадикми?!”
  2. “Тирикларни ва ўликларни” .[7]

Демак, ҳар бир яратадиган нарсасини ҳолатини яратмасдан аввал ҳам билгувчи Қодиру баркамол зот, Ерни ўзига ўликларни ҳам тирикларни ҳам тортиб туришлик хусусияти ила яратиб қўйган. Шунинг учун ҳам на “тириклар” на “ўликлар” коинот бўшлиғига отилиб ҳам, сочилиб ҳам кетмагайдир. Бу ерда “тириклар” барча яшаш хусусиятига эга махлуқотлар, “ўликлар” эса тоғу тош, сув, ҳаво ва ҳакозалар. Аллоҳ табиатдаги барча жисм ва предметларни жонли ва жонсизларини қисқача қилиб, тириклар ва ўликлар деб атамоқда.

Шунингдек, тирик мавжудотлар учун ҳаёт манбаи бўлган кислород элементи айни ернинг сатҳида зич ҳолатда бўлишлиги ҳам тасодифий ёки табиий ҳол десак хато қилган бўламиз албатта. Ваҳоланки, газларнинг физик хоссаларидан бири, ўзи жойлашган идишда тенг тақсимланиб, шу идиш ҳажмини тўлиқ эгаллашидир.

Ва яна ер шарининг бу қадар катта тезликда учишига қарамасдан муайян бир баландликда (бунда ҳам улуғ ҳикмат бор) илоҳий ҳикмат ила яратилган, тирик мавжудотлар учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган азон қатлами ҳам сочилиб кетмасдан барқарор ҳолатда турганлиги инсонни тафаккурга чорлайдиган мўъжизалардир.

Ҳа, албатта атмосфера қатламини сайёрамиз атрофини ўраб олган ҳолда фазога тарқалиб кетмаслиги Аллоҳ таолонинг илмига, қудратига далолат қилувчи аҳли тафаккурлар учун улуғ бир аломатлардан биридир. Зеро, Улуғ Яратгувчимиз «Ерни ўзига тортгувчи қилиб қўймадикми?!» дея бизни тафаккурга, мулоҳаза юритишга чорламоқда.

Хуш, булутларчи, бизнинг назаримизда, худди ер шари бир жойда тинч турибдию, булутлар эса осмонимиз остида бир маромда сузиб юришгандай. Йўқ. Аслида, бизнинг Она сайёрамиз катта тезликда учиб кетаётган экан, бошимиз ўзра булутларнинг турли йўналишларда ҳаракати қандай содир бўлмоқда? Ернинг ўз орбитаси бўйлаб қилаётган ҳаракат тезлиги нега на булутларга, на атмосфера қатламига, на ҳавода парвоз қилаётган қушлару, ҳашоратларга таъсир қилмаяпти? Уларни бундай кучли тезлик таъсиридан нимадир ҳимоя қилмоқдами?

Биз оддий ҳол деб кўникиб қолганимиз, бу сир-синоатлар ҳам, Аллоҳ таолонинг нақадар қодир-у баркамол зот эканлигига далолат қилувчи мўъжизаларидан бири эмасми?

Тасаввур қилинг, биз жуда катта тезликда ҳаракатланаётган, ичига масалан, ҳар хил ўйинчоқлар солинган машина ичидамиз. Машинани ичидаги барча ўйинчоқлар тинч турибди. Чунки машинани деворлари уларни ҳимоя қилиб турибди. Бордию, машинани олд ойнасини, деворларини олиб ташласак, машина ичидаги барча ўйинчоқлар сочилиб кетади. Шу ерда бир қанча саволлар туғилади.

  1. Нега атмосфера қатламидаги турли хил газлар ернинг 30 км/сек. тезлигида ҳам тарқалиб ёки уларнинг жойлашувлари ўзгариб қолмаяпди?
  2. Азон қатламининг муайян бир баландлик оралиғида барқарор туришининг боиси нима?
  3. Катта тезликда учиб кетаётган ердан булутларнинг узилиб, ажралиб қолмаётганлигини қандай тушунса бўлади?
  4. Бундай кучли тезлик натижасида ҳатто қор парчалари тўзиб кетмасдан, оҳисталик билан ерга қўнишлигини қандай изоҳлаш мумкин? …

Хуллас саволлар кўп.

Мақоламизни шамоллар мавзуси билан бошлаган эдик. Энди асосий масалага келдик.

Она сайёрамизни 30 км/сек тезликда қуёш атрофида ҳаракатланаётгани ҳаммамизга маълум. Шунингдек, ер шарини қамраб, ўраб турган ҳаво қатлами ҳам биз билан бирга. Гап шундаки, шу катта тезлик асносида атмосфера қатламида бир вақтнинг ўзида ер шарининг турли минтақаларида турли туман йўналишларда шамолларни пайдо бўлиши қандай содир бўлади?

Ахир, ҳаво қатламини ўзи катта тезлик остида ҳаракатланаяпти-ку. Шу кучли ҳаракатланиш остида бўлган ҳаво қатламида, ҳатто қарама-қарши йўналишларда ҳам шамолларнинг пайдо бўлиши қай тарзда содир бўлмоқда?

30 км/сек тезликдаги ҳаракатни ҳаво қатламига таъсир қилмаётганини сабаби нимада?

Бу қадар катта тезликни бизлар нима учун ҳис этмаймиз?

Муаййян баландликдаги (бунда ҳам илоҳий ҳикмат бор албатта) азон қатлами нега тарқалиб кетмайди?

Қушлар, ҳатто капалаклару ниначиларни эркин парвоз қилишларичи?

Бу биз кўриб кўникиб қолган, одатий табиий ҳодисалар деб қабул қилган ҳодисалар эмас албатта!

Ер юзасида шамол эсишлиги учун ер атмосфераси ташқаридан “ҳимоя қобиғи” билан ўралган бўлиши керак эди. Ана шу “ҳимоя қобиғи” космик ракетаданда тез ҳаракатланаётган ер ва уни ўраб турган атмосфера қатламини ташқаридан ҳимоя қилиб турганлиги учун, ичкарида шамоллар турли йўналишларда бемалол эсавериши, булутлар сузавериши, атмосфера таркибидаги газлар ҳам Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган низомига асосан батартиб жойлашиб туравериши мумкин эди.

Ахир осмонимиз ҳам Яратгувчи томонидан етти қават қилиб яратилмадими?  Океан ва денгизлар сувларини орасига парда тортиб, бир бирига аралаштирмай қўйган Зот дунё осмонини худди шундай парда билан иҳота қилиб қўйган бўлса не ажаб. Аллоҳ билгувчидир!

Ҳа, космик кемаларнинг тезлигиданда катта тезликда учиб юрган ер сайёрасининг ҳаво қатламида ҳар хил йўналишларда, айниқса қарама-қарши йўналишларда ҳам шамолларнинг мавжуд бўлишлиги, бундай ҳолатларни ирода этгувчи ягона улуғ Зот, Аллоҳ таолонинг Ўзигагина аёндир албатта!

Ваҳоланки:

“У осмонлару ернинг беназир қилиб яратувчисидир. Бирор ишни ҳукм қилса, унга: “Бўл!” дейди, холос, бас, у бўладир ”.[8]  (Бақара-117)

Тамом

Пармон РАСУЛОВ,  Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси”. “HILOL NASHR” нашриёти. Тошкент 2018.  487-бет

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси”. “HILOL NASHR” нашриёти. Тошкент 2018.  4-бет

[3] Ўзбекистон Мил.энцик. Давлат илмий нашр. Тош. 2000. 9 т. 685 бет.

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси”. “HILOL NASHR” нашриёти. Тошкент 2018.  334-бет

[5] Ўзбекистон Мил.энцик. Давлат илмий нашр. Тош. 2000. 9 т. 685 бет.

[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси”. “HILOL NASHR” нашриёти. Тошкент 2018.  580-бет

[7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси”. “HILOL NASHR” нашриёти. Тошкент 2018.  581-бет

[8] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси”. “HILOL NASHR” нашриёти. Тошкент 2018.  18-бет