Фиқҳий мазҳаблар ва уларга тақлид қилиш

Фиқҳий мазҳаблар ҳақидаги ўтган гаплардан уларнинг мусулмон уммати бирлиги учун қанчалар аҳамиятли бўлгани яққол кўриниб турибди. Фиқҳий мазҳабларни тан олиш оқибатида мусулмон уммати тўрт фиқҳий мазҳаб асосида бирлашган ва турли тафриқалардан қутулган. Агар мазкур мазҳаблар бўлмаганида дуч келган одам ўзини мужтаҳид дея эълон қилиб, мусулмон умматининг боши ихтилофлардан чиқмай қолиши турган гап эди. Фиқҳий мазҳабларнинг мусулмон умматини бирлаштириши асосан тўрт манбага суянган ҳолда бўлган. Мўтараф тўрт фиқҳий мазҳаб мусулмон умматини бир овоздан фиқҳий масалаларда аввало Қуръони Карим атрофида бирлашишга чақирган.
-Тўрт мўтараф мазҳаблар ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалийлар — фиқҳий масалаларда дастлаб Қуръони Каримга мурожаат қилишга чақирган ва ўзлари бу масалада ҳаммага ўрнак бўлганлар.
-Фиқҳий мазҳаблар Қуръони Каримни шаръий аҳкомларнинг биринчи манбааси қилиб олишлари ила ўзлари бирлашганлар, мусулмон умматини ҳам бирлаштирганлар ҳамда турли тафриқалардан сақланиб қолишни ёʻлга қўйганлар. Агар Қуръони Каримни шаръий аҳкомларнинг биринчи манбааси қилиб олиш бўлмаса, ҳамма ўзича иш кўриши ва умматнинг боши ихтилофдан чиқмай қолиши хавфи бўлган.

— Тўрт мўтараф мазҳаблар- ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалийлар — фиқҳий масалаларда Қуръони Каримга мурожаат қилиб, ҳукмни топа олмасалар, Суннатга мурожаат қилишга чақирганлар ва ўзлари бу масалада ҳаммага ўрнак бўлганлар.

“Тақиднинг ҳукми” сарлавҳаси остида айтилган уч хил фикр: “тақлид қилиш жоиз эмас”, “тақлид қилиш вожиб” ва “мутлақ мужтаҳид бўлмаганлар тақлид қилишлари керак” деган фикрлар ҳозирги кунда фиқҳий мазҳабларга эргашиш масаласида турли услуб ва иборалар ила такрорланиб туради.

Бир тоифа кишилар фиқҳий мазҳабларни, уларнинг асосчилари бўлмиш буюк мужтаҳид уламоларимизни инкор қилиб, ўзларича фақат Қуръон ва Суннатга амал қилишни ва бошқалар ҳам уларга эргашиши лозимлигини даъво қиладилар. Уларнинг фикрича, фиқҳий мазҳаблар кишиларни Қуръон ва Суннатдан узоқлаштиради. Баъзи бир ҳаддидан ошганлари айтганидек: “Мусулмонлар Абу Ҳанифа ва унга ўхшаганларнинг гапига эмас, Қуръон ва Суннатга амал қилишлари керак.”

Фиқҳий мазҳабларнинг илмий меросидан фойдаланган ҳолда, уларнинг ижтиҳодлари самарасидан истаганимизни олсак бўлаверар деган ҳаёлда юрадиганлар ҳам бор. Кўпчилик мўминлар фиқҳий мазҳабларга эргашиш зарурлигини ҳис қиладилар, бу фикрни қўллайдилар, аммо бу ишнинг ҳукми қандай экани ва мазкур ҳукмнинг асоси нимадан иборатлигини ҳам билгилари келади.

Аллома Зафар Аҳмад Усмонийнинг “Эълоус-сунан” номли китобидан қуйиаги иқтибосларни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдим: “…Ҳақиқатни айтганда, динда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчаси мустақийм ҳидоятдадирлар. Бир юртда улардан қай бирларининг мазҳаби тарқалган бўлса ва унинг уламолари кўп бўлса, оммий – ижтиҳод даражасига етмаган киши учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Унга ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши англаб олинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас.

Агар юртлардан бирида барча мазҳаблар тарқалган ва машҳур бўлган бўлса, ҳамда ҳар мазҳабнинг уламолари ҳам етарли бўлса, оммийга истаган мазҳабига эргашиш жоиз бўлади. Унинг учун барча мазҳаблар баробар бўлади. У муайян мазҳабни тутмасдан, мазҳабларнинг уламоларидан – бир сафар биридан, иккинчисида бошқасидан фатво сўраса, жоиз. Салафи солиҳ розияллоҳу анҳум шундай қилганлар. Фақат шарт шуки, бир амалда икки мазҳабдан «талфиқ” қилмасин, ҳавойи нафсига эргашиб, фақат рухсатларнинг ортидан тушмасин. Чунки бундай қилиш далил ва ижмоъ ила ҳаром қилингандир» (Талфиқ – бир масалада икки мазҳабдан енгил нарсани жамлаб олишдир. Мисол учун, таҳоратли бир одамдан қон чиққанда, шофеъий мазҳаби бўйича “таҳоратим синмади”, деб, бир оздан сўнг номаҳрам аёлга қўли тегса, ҳанафий мазҳаби бўйича “таҳоратим кетмади”, дейиши.)

“Бир мазҳабдан иккинчи мазҳабга ўтиш ҳақидаги таҳқиқ: «…Ҳанафийлардан «Жомеъул фатавий”нинг соҳиби айтади: “Ҳанафийга шофеъий мазҳабига ўтиш жоиздир. Акси ҳам шундай. Аммо ўтиш бир ёʻла бўлиши шарт. Биргина масалада ўтиш мумкин эмас. Мисол учун, ҳанафийнинг баданидан қон чиқса ва оқса, таҳорати синади ва уни ювмасдан туриб, таҳорат олмай, бу масалада Шофеъий мазҳабини тутиб намоз ўқиши жоиз эмас. Чунки таҳорат ва намознинг бошқа ҳукмларида шофеъий мазҳабига амал қилмаган.

Баъзилар: «Оммий одам ҳанафий бўладими, шофеъий бўладими, бир мазҳабдан бошқасига ўтиши мумкин эмас”, деганлар» (20-жуз, 193-бет).

“…Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, бу замонда бир мазҳабга эргашиш вожибдир. Оммий бўладими, фақиҳ бўладими, бошқа мазҳабга ўтиши мутлақо ман қилинади. Аммо мужтаҳид ёки мужтаҳид каби бўлса, майли. Бу асрда мазкур мансабни ким ҳам даъво қила олар эди?! Бир вақтлар Ибн Жарир Тобарий даъво қилганида, қабул қилмаганлар. Суютий даъво қилганида ҳам, рад қилганлар…” (20-жуз, 195-бет).

(Аллома Зафар Аҳмад Усмонийнинг “Эълоус-сунан” номли китобидан)

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси Орифжон Ваҳобов