РАМАЗОНДАН КЎЗЛАНГАН МАҚСАД

Аллоҳ таоло барча мавжудотларни яратиб, уларнинг баъзисини баъзисидан афзал қилиб қўйди. Ана шу афзаллик вақт маъносида ҳам бўлиб, Рамазон – ўн икки ой ичида энг афзалидир. Мазкур ой хайрга, баракага ва барча яхшиликларга тўла ойдир. Рамазон ойи кириб келиши билан фаришталар: “Эй яхшилик истовчи, рамазон келди яхшилик қилиб қолгин ва эй ёмонликни истовчи ёмонлигингни тарк этгин” деб, нидо қилар экан. Рамазоннинг ҳар бир куни инсонга ҳузр баҳш этади. Рамазон ойи эзгулик, хайр, руҳни поклаш мавсуми, тоату ибодат фасли, дуолар ижобат онлари, саховатлар жўш урадиган давр ҳамда Қуръон ойи эканлиги билан афзалдир.

Ана шундай буюк ойнинг раҳмат даҳаларини ўтказиб, мағфират ўн кунлигида турибмиз. Демак, ушбу кунларни ғанимат билиб, илм билан машғул бўлиш, билмаганимизни билишга интилиш, англанганларимизни эса ўзгалар билан улашишга, хусусан, Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилиш, оятларнинг маъноларига тафаккур қилиш ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларин ўрганиш, У кишининг хулқлари билан хулқланишга ҳаракат қилмоғимиз керак.

Мазкур ғанимат кунларда яқинлар бир-бирининг ҳолидан хабар олиш, беморларни зиёрат қилиш, гиналарни унутиш, ғийбат ва ёлғон каби иллатлардан тийилмоқ даркор. Кечиримли бўлиш, бир сўз билан айтганда, барча ёмонликлардан йироқ бўлиш рўзадорнинг асосий вазифаси бўлиши лозим. Ҳар бир мўмин борки, бу ойда меҳр-муҳаббат беришга ошиқиш керак.

Бу ойда рўзадор риёзат билан ўзини ислоҳ қилишга ҳаракат қилмоғи даркор. Шу боисдан рамазонда ҳасад, гинаю кудрат, хусуматга ўрин йўқ.
Рамазонни ҳар бир кунини, ҳар соатини ибодат билан ўтқазишга одатланиш керак, зеро Аллоҳ таолонинг буюрганларини бажо қилиб, қайтариқларидан қайтиш – ибодат. Рамазон руҳан покланиш, ахлоқан юксалиш ва тарбия ойи ҳамдир. Рамазон, унда нафслар тарбия қилинади – эзгулик сари бошқарилади. Зеро рамазондан кўзланган мақсадлардан бири ҳам аслида шу.

Ҳар бир рўзадор юқорида зикр қилинган яхши хислатлар билан хулқланиб, ёмонликлардан тийилса аввало ўзи учун қолаверса, оиласи, жамияти, Ватани учун яхшилик бўлади. Аллоҳ таоло барча мўмин мусулмонларнинг тутаётган рўзаларини Ўз даргоҳида қабул айлаб, рамазондан ўзлари кутгандан ҳам зиёда савоблар билан чиқмоқлигини насиб этсин.

Ўткир Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси