Бировнинг манзилига рухсатсиз кирманг!

Бизларни йўқдан яратган Зот бизларга гўзал яшашни ва гўзал ибодатларни тақдим қилишдан ташқари гўзал одобларни ҳам тақдим қилди. Ушбу одобларни тақдим қилишининг сабаби бу дунёда бандалари чиройли ва покиза ҳаёт тарзини бериш бўлса, охиратда эса улкан мукофотлар бериб, уларни ўзининг энг катта мукофоти бўлган жаннат мукофоти билан мукофотлашидир.Ушбу одоблардан бири инсон ҳаёти давомида жуда ҳам кўп учрайдиган ўзга уйга киришдаги одоблар бўлиб, бу ҳақда роббимиз бизларга шундай таълимотлар беради;

Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки эсласангиз. (Нур сураси 27- оят)

Жоҳилият даври арабларда кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, уларнинг шахсий, оилавий сир-асрорларини эҳтиром қилиш маданияти йўқ эди. Бировнинг уйига “эрталабки салом” “кечки салом”, деб тўғри кириб боришаверади. Уйда аёллар борлиги, уй эгаларининг турли ҳолда бўлишлари мумкинлиги ҳеч мулоҳаза қилинмасди. Бу эса, ўта кетган беодоблик ва турли ёмонликларга, гап-сўзларга сабаб бўладиган ҳолат эди. Шунинг учун ҳам Исломда ушбу ояти карима билан ҳар бир шахснинг шахсий ҳурмати, уйининг дахлсизлиги ҳаққи собит этилди. Исломда биров яшаб турган жойга бошқа шахснинг, ким бўлишидан қатъий назар, ўша жой соҳибининг изнисиз киришга ҳаққи йўқ.

«Ушбу ояти каримага биноан, бировнинг уйига кирмоқчи бўлган одам уй эгасининг изни билангина ва у ердагиларга салом бериб кирмоғи лозим.

Шундай қилсалар, мўминларнинг ўзлари учун яхшидир

Ушбу оятга амал қилинса, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирилсагина, турли ноқулай ҳолатларнинг олди олинади. Изн сўрамай кирган одам уй эгаларининг ноқулай ҳолда турганларини кўриб қолса, гуноҳ бўлади. Икки томон ҳам хижолатга тушади. Балки хусумат, уруш-жанжал чиқиши ҳам мумкин. Баьзи ҳолларда уйда аёл киши ёлғиз бўлиши, устига бегона эркак кириб, орада иғво, бўҳтон, фитна чиқиши мумкин. Ёки, аксинча, ёлғиз эркак олдига бегона аёл киши кириб қолиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатлардан доимо узоқ бўлиш керак.

Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби

Ривоятларга қараганда бир аёл киши Пайғамбаримиз ( с.а.в ) нинг ҳузурларига келиб, эй Аллоҳнинг расули мен ўз уйимда бир ҳолатларда бўламанки бирор кишини мени шу ғолатимни кўриши ва ундан воқиф бўлишини сира ҳоҳламайман, отани ҳам болани ҳам воқиф бўлишини ҳоҳламайман. Лекин келувчилар мени ҳузуримга бемалол кириб келаверади мен бундай ҳолатларда нима қилай дедилар. Шу вақтда ушбу оят нозил бўлди.

Исломда нафақат бировнинг уйига рухсатсиз кириш, балки назар солиш ҳам, ҳатто мактубини изнсиз ўқиш ҳам тақиқланади.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олсалар, хун тўламайдилар», деганлар.Бу мажозий маънодаги сўз бўлиб бировнинг ҳовлисига рухсатсиз  изнсиз қараган одам катта жиноят қилганидан дарак беради.

Имом Абу Довуд Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, худди дўзах оташига назар солгандек бўлади», дерлар.

Ушбу икки ҳадиси шарифдан Исломда шахснинг дахлсизлиги ниҳоятда юқори даражада ҳимоя қилиниши кўриниб турибди. Бировнинг уйига рухсатсиз кириб бориш у ёқда турсин, рухсатсиз қараш, кўз ташлаш ҳам мумкин эмас. Чунки кўз ташлаган одам ичкарида уй эгаси, унинг аҳли аёлини ҳар хил ҳолатда кўриши, бошқалардан сир тутган нарсаларидан воқиф бўлиб қолиши мумкин. Яна бошқа кўпгина ноқулай ҳолатлар вужудга келиши эҳтимоли бор.

Шунингдек, бировнинг мактубини ўғирлаб олиш ёки зўрлик қилиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, изнсиз назар солиш ҳам мумкин эмас. Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солган билан баробар эканлиги оддий гап эмас.

Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Яъни, бировнинг ҳовлисига, мактубига изнсиз назар солиш қанчалик ҳаром бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам шунчалик ҳаромдир.

Изн сўрашлик одоблари

Бировнинг ҳузурига киришга изн сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари бордир. Мусулмон кишилар ушбу исломий одобларга амал қилмоқлари лозимдир. Аввало, изн сўраётган одам ҳовлига, уй ичига назар солмасдан, бошқа томонга қараб туриб изн сўраши керак.

Имом Абу Довуд Ҳузайл ибн Шарҳабийлдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади:

«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларига қараб туриб изн сўрай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга, сен ундоқ ёки бундоқ тур, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир, дедилар».

Шунинг учун ҳам изн сўрамоқчи бўлган кишилар эшикка юзма-юз ҳолатда эмас, балки ўнг ёки чап тарафлари билан турмоқлари лозим.

Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар зикр этилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг эшиги олдига келсалар, эшикка юз тикиб турмас эдилар. Балки ўнг ёки чап томонлари билан турар ва «Ассалому алайкум, Ассалому алайкум», дер эдилар».

Одоб бўйича, изн сўрайдиган одам исмини аниқ айтиб, очиқ изн сўраши ва салом бериб кириши лозим.

Имом Абу Довуд қилган ривоятда айтилишича, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсалар: «Ассалому алайка, ё Расулаллоҳ, Умар кираверсинми?» дер эдилар.

Изн сўровчи уч марта сўраши, ундан оширмаслиги лозим

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирор киши изн сўраса, уч марта сўрасин, изн берилмаса, ортига қайтсин», деганлар.

Чунки уй эгалари бировни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишлари ёки айнан изн сўраётган шахсни қабул қилиш имконлари йўқ бўлиши мумкин.

Изн деганда уй эгасининг ёки у томондан вакил қилинган шахснинг изни кўзда тутилади. Уйга эга бўлмаган ёки уй эгаси томонидан вакил қилинмаган одамнинг изни ҳисобга ўтмайди.

Изн сўровчи тихирлик қилмаслиги, одоб билан уч мартагача изн сўраши, жавоб бўлмаса, қайтиб кетмоғи лозим.

Агар изн сўровчи уйда бировни топа олмаса, қайтиб кетади. Шунингдек, ичкарига киришга рухсат берилмаса ҳам қайтиб кетади.

Кимки мусулмонлик даъвосини қилиб охиратдан умидвор бўлса ушбу оятдан келиб чиққан талабларга бўй сўниши ва унга бекамукўс амал қилиши талаб қилинади.Шундай қилсангиз аҳли байтингизга ҳам шундай муомала қилинади.Чунки ҳалқимизда шундай шундай мақол борлигини унутманг; Қилма топасан экма ўрасан. Ушбу оятнинг ижросини албатта қиёмат куни биздан сўралишини унутмайлик азизлар.

А.Бозоров, “Хожа Бухорий” ўрта махсус билим юртининг тафсир фани ўқитувчиси

Давоми бор.