Ёлғон сўздан йироқ бўлинг!

Ҳар бир ишни ўз одоби бор. Мусулмон ҳамма жойда, шу жумладан виртуал маконда ҳам ўзини муносиб тутиши керак. Хусусан, асоссиз иғво тарқатиш, бошқа одамларни ҳақорат қилишдан, камситишдан сақланиши лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Банда билиб-билмай бир сўзни айтади ва шу туфайли дўзахнинг мағриб билан машриқ орасидан ҳам чуқур жойига тушади” (Имом Аҳмад, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Шу билан бирга, агар кимдир сизни ҳақорат қилса, сиз ўзингизнинг адолат нуқтаи назарингизга асосланиб, худди шундай жавоб беришингиз шарт эмас. Ҳадисда айтилишича, мусулмоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш мумкин эмас. (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).

Инсон сўз орқали фойдага эришади ёки аксинча беҳуда гаплар билан машғул бўлади, шунингдек мақтов ёки танқид эшитиши ҳам мумкин. Унутманг! Сўзлашув ва одамлар билан мулоқот, ўзгаларда биз ҳақимизда қандай фикр шаклланишига ҳам хизмат қилади. Ота боболармиз бежизга «тилингни эҳтиёт қил, дилингдагини ошкор этади» дейишмаган. Сўз қалбнинг таржимони ва калити ҳисобланади. У инсон билимининг ҳосиласи, у орқали банда ё савобга, ё гуноҳга нозил бўлади.

Гапирувчи ҳамиша холис ва масъулиятни ҳис қилувчи бўлиши лозим. Акс ҳолда, гапирувчи инсон кулгуга қолиши, одамларнинг ишончсизлигига сабабчи бўлиши мумкин. Ҳар бир гапнинг салмоғи, миқёси, масъулияти ва жавобгарлигини ҳис қилиш бугун ҳар қачонгидан кўра кўпроқ зарур бўлиб турибди.

Ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган хабарларни эринмасдан янада кенгроқ тарқалишига ҳиссасини қўшаётганлар ҳам бу ишдан тийилишсин ва қуйидаги ҳадисга яхшилаб эътибор беришсин: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эшитган ҳар бир нарсасини гапиравериши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади” деганлар”. (Имом Муслим, Ибн Ҳиббон, Дорақутний, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилишган).

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланганда ёлғондан эҳтиёт бўлиш керак. Ёлғонлар шахсий ёзишмаларда ҳам, нашр (пост)ларга берилган шарҳларда ҳам тарқалиши мумкин. Қуръони каримда шундай дейилган:» … Ёлғон сўздан йироқ бўлинг» (Ҳаж, 30). Кўпинча, одамлар яхшиликни ният қилиб нотўғри маълумотларни тақдим этишга жазм қилишади. Яхшиликни ният қилиб ёлғон маълумотларни тарқатишнинг хафвли томони виртуал оламда турли дунёқарашдаги инсонлар бўлганлиги учун бундай ҳолатларни кўриб Исломда ёлғон ишлатиш мумкин экан деган тушунчага келиб қоладилар. Маълумки, ҳатто Иброҳим алайҳисалом ҳам ўз ҳаётида яхшиликни ният қилиб уч маротаба ёлғон ишлатишга мажбур бўлган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат уч нарсага: урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига (оилани сақлаб қолиш мақсадида) гапиришига рухсат берганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мўминлар бошқа одамларни ҳурмат қилишлари керак. Бу тўғридан-тўғри ёзишмалар пайтида ҳам, постларни нашр қилишда ҳам намоён бўлиши керак – уларда инсонларни, хоҳ у аёл бўлсин, эркак бўлсин, ҳоҳ у катта бўлсин, кичик бўлсин, таҳқирлаш мумкин эмас! Аллоҳнинг охирги Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким катталаримизни иззат, ҳурмат қилмаса, кичикларимизга раҳм қилмаса, уламоларимизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Мусулмон киши бошқаларга ҳурмат кўрсатар экан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларига амал қилаётган ва шу билан бирга оламларнинг Парвардигори буйруғини бажараётган бўлади.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва тезкор хабар алмашиш (ВКонтакте, Одноклассники, Файсбук, Твиттер, Ватсап, Телеграм, Инстаграм) воситалари, афсуски, турли ғийбатларни тарқатишда асосий каналга айланди, уларнинг ишончлилиги эса шубҳали, яъни маълумот тўғрилигини аниқлашнинг имкони йўқ. Хусусан, уларнинг аксарияти таниқли шахслар тўғрисидаги суҳбатлар билан боғлиқ бўлиб, уларнинг атрофида кўплаб миш-мишлар айланиб юради. Мусулмонлар бу каби суҳбатларда иштирок этмасликлари керак, чунки бу гуноҳдир. Каломуллоҳда шундай дейилган: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар» (Ҳужурот, 12).

Мусулмон киши ҳар қандай жамоат ичида одамлардан ўзини устун ва ажратиб кўрсатишга уринмаслиги лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бировга нисбатан такаббурлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин” (Муслим ривояти). Бунга асосланиб шуни айтиш керакки, мусулмонлар бошқаларга нисбатан кибр қилмаслиги шартдир. Сиз бошқалардан яхши томонингиз билан, фақат яхши ўрнак кўрсатиб ажралиб туришингиз мумкин. Бундан ташқари, сиз ўзингизнинг маълум афзалликларингиз ва бойликларингиз билан мақтана олмайсиз. Агар Аллоҳ бандасига дунёда бирон нарса берган бўлса, демак уни олиб қўйиши ҳам мумкин. Шунинг учун мусулмонлар берилган барча нарсалар учун оламларнинг Парвардигорига шукр қилиб, камтарликни изҳор қилишлари керак.

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланганда гуноҳларни ошкор қилишдан тийилиш лозим.

Кўпгина интернет фойдаланувчилари ўзларининг саҳифалари орқали қилган гуноҳларини ошкор қилмоқдалар. Бунга тунги клубдаги фотосуратлар, одобсиз нарсалар ва бошқалар киради. Мусулмон одамнинг ёмонликларини бошқаларга хабар қилиши жоиз эмас. Ҳар биримизнинг гуноҳларимиз фақат ўзимизга ва Аллоҳга маълум бўлиши керак. Ҳадисларнинг бирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Умматимнинг мужоҳирларидан бошқа барчаси афв этилган. Мужоҳир киши тунда бир гуноҳ амал қилади ва Аллоҳ унинг гуноҳини беркитган бўлади. У эса тонг оттирганда: “Эй фалончи, кеча мен фалон ва фалон амалларни қилдим”, дейди. Ваҳоланки, Аллоҳ унинг гуноҳини беркитганда, у ўз гуноҳини ошкора қилди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Агар бир киши бошқанинг гуноҳини билса, уни ҳам сир тутиши керак. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мўминнинг айбини яширса Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Ҳаким Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд каби алломалар беқиёс маърифати билан умуминсоний маданиятнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшган. Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Улуғбек, Навоий ва Бобур маърифатни илм, амал, одоб билан ўзаро боғлиқ хислатлар деб ҳисоблаган. Уларнинг фикрига кўра, кишининг одоби, хулқи унинг маърифати, билимдонлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, инсон қанчалик маърифатга эришса, унинг хулқи шунчалик яхши ва мукаммал бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни эшитган ҳар бир маълумотни гапиравериб, ёлғончилардан бўлиб қолишимиздан асрасин! Ўзининг амрига итоат этиб, биров келтирган, айтган хабарларни текшириб, ўрганиб кўрувчилардан қилсин!

Ўткир Ғузаров,

«Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юрти мудири