“Эшитган гапини айтаверадиган одамдан ёлғончироқ киши йўқдир”

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, ёшларнинг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга ёшларни миллий менталитетимизга ёт турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бугунги глобаллашув замонида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ахборот хуружларидан муайян кучлар, марказлар томонидан ўз манфаатларини ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан таъминлаш ва ғаразли мақсадларини амалга ошириш бугун бошқа давлатлар халқини, айниқса, ёшларни чалғитиш, уларнинг маънавияти ва ахлоқига ёт, ғайриинсоний ғоялар ва ахлоқсиз турмуш тарзини сингдиришга йўналтирилган усул ва технологиялар қўлланилмоқда.

Баъзи Ғарб мамлакатларида маънавий бузғунчилик, наркомания, никоҳсиз турмуш, оммавий беҳаёликлар, рок мусиқа ва клипларда, фильмларда, турли ахборот воситаларида кенг тарғиб қилинаётгани бизни ташвишга солмай қўймайди.

Ахборот хуружлари авж олаётган шароитда халқимиз, ёшларимизни мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш учун уларга ахборот маданиятини яъни: бирон хабар ё воқеадан хабардор бўлса, уни чуқурроқ ўрганиш ва таҳлил қилиш лозимлигини ўргатишимиз зарур.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Эшитган гапини айтаверадиган одамдан ёлғончироқ киши йўқдир”, — деганлар.

Асоссиз уйдирма гаплар тарқалаверса бефарқлик вужудга келиб қолади, улкан гуноҳлар одатий ҳолга айланиб қолади, одамлар ҳам бундай ишларни қилишдан уялмайдиган бўлиб қолади.

Киши интернет ёмонлигидан ўзини сақлаши лозим бўлганидек, унинг яхшиликларидан ўзини бутунлай маҳрум қилмаслиги ҳам керак. Биз кучли, билимли, интеллектуал салоҳиятли, замонавий ахборот технологияларини бошқарадиган, ундан самарали фойдалана оладиган етук кадрлар бўлиб етишишимиз лозим.

Дарҳақиқат, Давлатимиз сиёсатининг устивор мақсадларидан бири ёш авлодни ватанпарварлик, инсонпарварлик, диний ва миллий бағрикенглик руҳида тарбиялаш, юксак маънавият, инсоний қадр-қимматни эъзозлайдиган жисмонан ва руҳан соғлом, ақлан баркамол қилиб вояга етказишга, уларни келажакнинг муносиб ворислари этиб тарбиялашга кўмаклашишдан иборатдир. Зеро, илмли, одобли, юксак маънавиятга эга бўлган инсонгина яхши ёки ёмон маълумотнинг моҳиятини англайди ва таҳдидларга қарши куч топа олади.

Сирожиддин Жаҳонов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси