Огоҳлик — давр талаби

Ўзбекистон тарихан жуда қисқа даврда улкан ютуқларга эришди ва эришмоқда. Миллий маънавиятимиз ва қадриятларимиз тикланди, миллий ўзлигимизга қайтдик. Тинчлик ва барқарорлик кундалик хаётимизнинг узвий қисмига айланди.

Айни пайтда, осуда ҳаётимизни издан чиқаришга уринаётган ёвуз кучларнинг мавжудлигини ҳам кайд этиш лозим. Шу нуқтаи назардан қараганда, тинчликни асраб-авайлаш бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Экстремизм қандай номланмасин ёки қандай кўринишга эга бўлмасин, унинг асосий мақсади жангари гуруҳларни шакллантириш орқали ҳокимиятни қўлга киритишдир.

Ўз мақсадларига эришиш учун барча экстремистлар зўравонлик, яъни террорчилик ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан омма ичида қўрқув пайдо қилиш ва ўзларининг кучларини кўрсатиш орқали ҳукуматга босим ва тазйиқ ўтказишга интиладилар.

Ўн тўрт асрдан буён эътиқодида мустаҳкам бўлган халқни нотўғри йўлга бошлаш самарасиз кечиши турган гап. Давлатмиз томонидан динимизга шунчалар имкониятлар берилиб турган бир пайтда мазкур тоифалар динга фақат зарар келтирмоқда.

Шундай экан,Пайғамбаримизнинг: «Мўмин одам ўзини бир кавакдан икки марта илон чақиб олмоғига йўл қўймас!» – деган ҳадисларини ёки халқимизнинг: «Кўр ҳассасини бир марта йўқотади», – деган доно гапини доимо ёдда тутиш лозим.

Ҳар бир инсоннинг ўз ишини сидқидилдан амалга ошириши, лоқайдлик, бепарволикнинг олдини олиши, ўз атрофида бўлаётган воқеаларга теран нигоҳ билан қараб, Ватан тинчлиги йўлида ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаши, аждодларимизга армон бўлиб қолган, биз эришган мустақиллик ва тинчлик-осойишталикни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг «Сизлардан бирортангиз то, ўзи учун яхши кўрган нарсани, биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», деган ҳадисларида ҳар бир муминнинг ўзидан бошқа кишиларга ҳам яхшиликни раво кўриши зарурлиги қайд қилинган. Бошқача килиб айтганда, инсон ўзи учун яхши кўрган нарсаларни ўзгаларга ҳам раво кўрмагунича комил мўмин бўла олмайди. Ҳар ким ҳам энг аввало ўзи, оиласи ва яқинлари учун соғлик-саломатлик бахт-саодат, тинчлик ва фаровонликни исташини инобатга оладиган бўлсак Пайғамбаримиз ҳадисларининг асл маъноси ойдинлашади.

Муқаддас динимиз ҳам кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.

Сиржиддин Жаҳонов,

“Хожа Бухорий” ислом билим юрти ўқитувчиси