Огоҳлик ва ҳушёрлик ҳамиша зарур

Давлатимиз томонидан эзгулик ва олийжаноб фазилатларга ундовчи диннинг равнақи учун кенг имтиёзлар яратиб берилди. Ҳур диёримиз мусулмонлари мустақиллик шароитида эркин нафас олаётганликлари бунинг яққол далилидир.

Афсуски, бугунги кунда дину диёнат масаласи ғараз ниятли кимсалар қўлида қурол бўлиб, ижтимоий бирлик ва ҳамжиҳатликка раҳна солмокда. Тинчликка раҳна солиш, жамият равнақи ва ҳалқ фаровонлигига зиён етказиш, тоифаларга бўлиниб ўзаро низолашиш ислом динида қаттиқ қораланади. Хусусан, Қуръони каримнинг «Ҳужурот» сурасининг 9-оятидаги ўзаро низоларни ярашиш, келишиш йўли билан ҳал этиш, жамиятдаги тинчликка таҳдид қилишда, тажовузкорлик ва зўравонликда давом этадиганларга нисбатан қатъий ва тезкор чоралар кўриш зарурлиги қайд қилинганини таъкидлаш зарур.

Халқ орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш тинчликни таъминлаш, турли хил кўнгилсизлик ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шартидир. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳакида кайғурмайдиган, бепарво ва беғам кимсаларни “ғофиллар” деб таърифлайди.

Ислом оламининг эътиборли уламолари томонидан мўътабар манбалар асосида берилаётган раддияларни тан олмаётган турли йўналиш ва фирқаларнинг аъзоларини ҳам ғофил кимсаларга қиёслаш мумкин.

Тинчликни улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган.

Ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) «Мусулмон киши шуки унинг тилидан ва қўлидан мусулмонлар озор чекмайдилар!» деб марҳамат қилганлар. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр этилиши, қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси — саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказиш мумкинлигига, тил билан — инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, кишиларни тўғри йўлдан чалғитиш орқали икки дунёсини барбод этиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда айрим фирқа ва тоифаларнинг мусулмонман, деб турган ҳалқнинг ичида парокандалик, оилаларида зиддиятларни келтириб чиқаришга уринишлари исломнинг асл моҳиятига бутунлай зиддир.

Исломда барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилиги, мукаррамлик фақат тақвода экани ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: яъни “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз  сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл ( Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. (Ҳужурот сураси,13-оят).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Ҳеч ким биродарига қурол ўқталмасин, чунки шайтон васваса қилиб, жаҳаннам қаърига етаклаётганини билмай қолиши мумкин”, деганлар.( Муттафоқун алайҳи ). “Мен вафот этганимдан сўнг бир-бирингизнинг бўғзига тиғ урадиган кофир бўлиб кетманглар”, дейилган. (Имом Бухорий ривояти.)

Айрим ҳудудларда нотинчлик, беқарорлик, хунрезликлар ҳукм сураётган ҳозирги даврда мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни таъминлаш ўз-ўзидан бўлмаётганини англаб, ўзаро янада иноқ ва аҳил бўлиб яшайлик.

Саид Худойқулов, ўқитувчи