Мазҳабга эргашиш — Қуръон ва суннатдан четга чиқиш дегани эмас

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Алҳамду лиллаҳи роббил-ъаламийн вассолату вассаламу ала хойри холқиҳи Муҳаммадийн ва ала алиҳи ва асҳобиҳи ажмаъийн.

Мазҳаб тўғрисида етарлича тушунчага эга бўлиш ва мазҳабга эргашиш даркор балки, вожиб эканлиги борасида ҳурматли аҳли илмлар – устозларимиз томонларидан етарли даражада илмий мақолалар ёзилган ва давра суҳбтлари ташкил этилган. Ушбу мавзуда хоҳлаганча саҳиҳ маълумотлар топса бўлади.

Бу мавзуга яна қайта-қайта мурожаат қилинишини боиси бор албатта, у ҳам бўлса бу соҳада ҳали камчиликлар, баҳс-мунозаралар ва тортишувларни мавжудлиги. Етарли даражада шаръий илмга эга бўлмаган айрим инсонларни мазҳабга тош отишлари ёки бўлмаса ижтимоий тармоқларда чиқиб олиб олимлик даъвосида шошқалоқлик қилишиб, замон, макон ва ҳолатни ҳисобга олмасдан ҳар хил бўлмағур гапларни гапиришлари кишини ранжитади, албатта.

Ахир ушбу мўтабар мазҳаблар замонлар оша сайқалланиб, забардаст ва етук уламолар томонларидан олтин силсила тарзида хизмат қилиниб, илмий асарлар билан бойитиб келинмаганми?!. Хўш, шундай бўлса улар хатокор бўлганларми, хатога йўл қўйишганми?

Бу қадар тортишув ва жадалларга олиб борувчи сабаб ва омиллар бир қанча бўлиши мумкин-у, бироқ мени назаримда буни қуйидаги асосий сабабларга олиб бориб тақаса бўлади.

Биринчиси етарли даражада илмга эга бўлмаслик, иккинчиси олим кишини ҳурмат қилмаслик, уни илмини назар-писанд қилмаслик ваучинчиси ва у ҳам бўлса шошқалоқлик қилиш, бўлмаса шу иккита асосий сабаб.

Мавзумиз мазҳабни муҳимлиги ҳақида бўлганлиги боис қуйида бутун мусулмон уммати орасидаэътироф этилган уламоларни сўзларидан иқтибос келтириб ўтамиз.

Доктор Муҳаммад Саййид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: “Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир”.

Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари: “Мазҳабга тақлид қилмаслик ҳақидаги гапларнинг барчаси ижтиҳод ва истинбот қилиш даражасига етган киши ҳақидадир. Бироқ, ижтиҳоод қилиш даражасига етмаган кишининг тўрт мазҳабдан бирига тақлид қилиши вожибдир ва жумҳур уламоларнинг ҳаммаси шунга иттифоқдир” деганлар.

Доктор Шамсиддин Фаттоҳ Мисрий: “Бу уммат олдида фақат икки йўл мавжуд; бири ижтиҳод ва икккинчиси тақлиддир” деганлар.

Доктор Закий Аднон айтади: “Аммо мазҳабга эргашиш масаласига келсак, бу нарса баъзилар айтаётганидек Қуръон ва суннатдан четга чиқиш эмас, балки Қуръон ва суннатни айни ўзидир. Чунки, биз Қуръонда “Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўранг”, дея буюрилганганмиз. Ҳадисда ҳам жоҳил билмаганини сўрамаслиги, олим билганини ўргатмаслиги дуруст эмас дейилган. Шунингдек, бу гап барча уламои фузалодан нақл қилинган”.

Ислом уламоларининг саҳиҳ қавлларига кўра бутун уммат фақат иккига бўлинади: 1. Мужтаҳид; 2. Муқаллид. Мужтаҳид — Қуръон ва суннатни пухта билган ва улардан мустақил ҳукм ола билиш салоҳиятига эга бўлган кишидир. Уни бошқа бирор мужтаҳидга тақлид қилиши жоиз бўлмайди. Шунинг билан бирга у омма учун фатво беришга ҳам ҳақли бўлмайди. Фақат ўзи учунгина фатво чиқариши мумкин. Муқаллид эса ўзи Қуръон ва суннатдан ҳукм чиқара олмайдиган киши бўлиб, уламолар уларни иттифоқ қилинган тўртта мазҳабдан бирига эргашишини вожиб санашган. Ҳатто, баъзи Шофеийлар ва баъзи Моликийлар фарз дейишган.

Демак, мазҳабга эргашиш масаласи баъзилар ўйлаганидек беназар-писанд қарайдиган нарса эмас экан. Шундан келиб чиқиб бугунги кунда мусулмон дунёси вакиллари, айниқса ёшлар ечими чиқиб турган ушбу масалаларга ҳадеб уни орасидан камчилик қидиравермасдан, бунинг ўрнига аввало, илм доираларини кенгайтиришиб, ҳам дини диёнатга ва ҳам бошқаларга фойдаси тегадиган илмлар билан шуғулланишиб, йирик тадқиқот ва лойиҳаларни амалга оширишлари лозиму лобуд бўлади. Ҳар бир соҳани ўз олим ва мутахассилари бўлганидек, диний соҳани ҳам масала ва ечимларини уларни ўзларига қўйиб берилса айни ҳақиқат мана шу бўлади. Ахир Аллоҳ таоло: “Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўранг”, (Наҳл сураси, 40-оят) демаганми?!. Суюкли пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобаларни бир-бирлари билан тортишиб қолган ҳолатларини учратсалар, албатта бундан қайтарганлар ҳатто ғазабланганлари ҳам бор.

Бир сўз билан айтганда илоҳий фармонга тўлиқ инқиёд қилган ҳолда инсонлар эзгулик ва тақво йўлида бир-бирларига кўмакчи бўлиб, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилишдан ўзларини тийишлари даркордир.

А. Раҳимов,

«Хожа Бухорий» ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси