ҚУРЪОН ЎРГАТУВЧИ ВА ЎРГАНУВЧИ ОДОБЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу умматга кўплаб яхшиликлар ато қилди, Ўзи рози бўлган Ислом дини ила унинг шарафини қўтарди. Муҳаммад алайҳиссаломни росул қилиб юборди. Аввалу охиргиларнинг қиссалари, зарурий панд-насиҳат, қатъий ҳукмлар, шунингдек, адашган тоифаларга пайғамбарлари келтирган Аллоҳнинг бирлигига далолат қилувчи очиқ-ойдин ҳужжатларни ўз ичига олган каломларнинг энг афзали Қуръони Карим билан уммати Муҳаммадийяни улуғлади. Унинг тиловати учун берилажак ажрни икки бараварга оширди.  Сўнг бизларни каломига  эътиборли бўлмоққа, уни одоб билан улуғламоққа ва Каломининг эҳтироми йўлида бор куч-ғайратни сарфламоққа амр қилди.

Ҳофизи қуръон ва толиблар одобларини баён қилиш, уларни ушбу одобларга йўллаб, беодобликдан огоҳлантириш каби ишлар Қуръонга тегишли насиҳатлардандир.

Қуръон ўқувчи ҳамда уни ўқитувчи қилаётган ишларида Аллоҳнинг розилигини кўзлаши лозим.

Аллоҳ таоло айтади: “Ҳолбуки улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динига ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар. Ана шу тўғри миллатнинг динидир ” (Баййина 5-оят).

Имом Бухорий ва Муслимнинг «Саҳиҳ» ларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Амаллар фақатгина ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кишининг ният қилгани бордир”, дедилар. Ушбу ҳадис Исломнинг негизидир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у киши: “Кишига фақат ниятига яраша берилур” дейдилар. Бошқа ривоятларда: “Инсонларга ниятлари қадар берилади”.

Устоз Абул Қосим ал-Қушайрий роҳимаҳуллоҳу таъало айтади: “Ихлос – Ҳақ таолони  ибодатда чин қалбдан  ёлғиз деб билишдир. Банда ўз тоатини халқ назари учун қилиш, одамлар орасида мақтовга сазовор бўлиш ё бўлмаса халқнинг муҳаббатига эришиш каби нарсалар учун эмас,  у ила фақатгина Аллоҳ таолога яқинликни кўзлаши ва бундан бошқасини ирода қилмаслиги ҳам ихлосдир. У киши яна: “Ихлос – киши иш-ҳаракатини ҳалқ тарафидан бўладиган мулоҳазалардан соф тарзда амалга оширишидир” дейиш ҳам дурустдир деганлар”.

Ҳузайфа ал-Миръаший роҳимаҳуллоҳи таоло: “Ихлос- банда  ҳаракатларида ботину зоҳиран ҳам бир хил бўлишидир”деганлар.

Зиннун роҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Уч нарса ихлоснинг аломатидандир.  1. Омма тарафидан бўладиган мақтов ва танбеҳларга бефарқ бўлиш;  2. Аммалларда риёни эсдан чиқариш; 3.Амалларининг охиратдаги савобини талаб қилиш”.

Фузайл ибн Иёз розияллоҳу анҳу: “Бир ишни инсонларни деб тарк қилиш – риёдир, инсонларни деб қилиш эса – ширкдир. Ихлос – Аллоҳ сенга иккисидан ҳам офият бермоғидир”.

Саҳл Тустарий роҳмаҳуллоҳ айтадилар: “Муфассирлар “Ихлос”  номли тафсирни астойдил кўздан кечириб, “Кишининг ҳаракоту саканотлари, махфий ошкораси нафсу ҳаво ва дунёси учун эмас, балки ёлғиз Аллоҳ таоло учун бўлмоғидир”.

Сиррий розияллоҳу анҳу айтадилар:  “Бирор бир ишни одамлар учун қилма, уларни деб тарк ҳам қилма, уларни деб бирор нарса берма, улар учун бирор нарсани бермай қўйма”.

Қушайрий айтади: “Ростгўйликнинг афзали – махфий ва ошкораликда бир хил бўлишликдир”.

Ҳорис Муҳасибий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “ Содиқ – қалби тўғри(пок) бўлганлиги боис халойиқнинг қалбида қадр-қиммати паймол бўлиб кетса ҳам парво қилмайдиган кишидир. У ўзининг эзгу амалларини заррачасини ҳам инсонлар билишини хоҳламайди.  Улар амаллари орасидаги ёмонларидан хабардор бўлишидан кўнгли ҳижил бўлмайди. Зеро биров ёмонликларини билиб қолишини хушламаслиги одамлар орасида обрўли бўлишни истаётганига етарли далилдир. Бу эса сиддиқларнинг хулқларидан эмас”.

Муҳасибийдан бошқа зотлар: “Агар Аллоҳ таолодан сидқидилликни сўрасанг. У Зот сен унда дунёю охират ажойиботларини кўрадиган ойна беради”.

Аллоҳ таоло барча Қуръони Карим китобини ўрганувчи ва ўртувчиларимизнинг амалларимизни холис ният ила сидқидиллик билан ўрганишни ва ўргатишни насиб қилсин.

Худойназаров Миржалил (арабчадан таржима)