ЗАКОТ БОЙЛИКНИ ПОКЛАШ ДЕМАКДИР

 Закот – исломнинг бешта асосий устунларидан учинчиси бўлиб, ҳижратнинг иккинчи йили шаввол ойида рамазон рўзаси ва фитр садақасидан сўнг фарз қилинган. Закот  луғатда: поклик, кўпайиш, зиёда бўлиш ва барака маъноларида келади. Шаръий истилоҳда эса: “Муайян моллардан белгиланган бир бўлагини Аллоҳ таоло белгилаб берган бир тоифа мусулмон кишиларга мулк қилиб беришдир”. Закот сўзининг маъноларидан бевосита кўриниб турибдики, уни берган кишининг мол-у давлатининг қолган қисми фақир ва мискинларнинг ҳаққидан пок бўлади. Закоти берилган молга барака киради, шунингдек, кўпайиб, ўсиб бориб, зиёда бўлаверади. Закоти адо этилган молларни Аллоҳ таоло асрайди. Бу ҳаёт тажрибаларидан жуда кўп маротаба ўтган.  Қуръони Каримнинг ўттиз икки жойида закот  беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма саккизтаси намоз билан бирга зикр қилинган. Шу эътибордан закотнинг мартабаси намознинг мартабаси билан баробар десак ҳато қилмаймиз. Ҳолбуки, намоз диннинг устуни дейилади. Демак, мусулмон инсон намоз билан закотнинг орасини ажратмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай деган: “Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз”(Нур сураси, 56-оят).

Рамазон ойи хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлганлиги учун ҳамда бу ойда бажариладиган барча амалларга ажрлар бир неча баробар кўпайтириб берилишидан умид қилиб мўъмин-мусулмонлар закотларини ушбу ойда беришга одатланишган.

Закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади.

Закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: Молларингизни закот (беришлик) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (беришлик) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз” (Имом Абу Довуд ривояти).

Закот зиммасига фарз бўлган кимса уни кечиктириш билан гуноҳкор бўлади. Чунки, закот фақирларнинг ҳаққи бўлиб, уни бермасдан ўзида ушлаб туриш мумкин эмасдир.

Закотда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби, покланиб, руҳий томондан ўсиб бориши юзага келади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга волий қилиб юбораётганларида  шундай деганлар:  “Уларга билдиргинки, Аллоҳ таоло зиммаларига закотни фарз қилгандир. Закотни у ернинг бойларидан олиниб, камбағалларига берилур!”. (Имом Бухорий ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қиёмат куни йўқсиллар сабабли бойларнинг ҳолига вой! Қамбағаллар шундай дейдилар: “Парвардигоро! бой кишилар Сен бизга ажратиб берган ҳақларимизни бермасдан зулм қилдилар”. Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади: “Иззатим ва жалолим ҳаққи, сизни ўзимга яқинлаштираман, уларни эса узоқлаштираман” (Имом Табароний ривояти).

Имом Ғаззолий раҳматиллоҳу алайҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло ўз бандасига жон неъматини ва мол неъматини бергандир. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир, молиявий ибодатлар эса, мол неъматининг шукридир”.

Закот бериши вожиб бўлган киши ўз вақтида закотини чиқариб бермаса, моли ҳалокатга учраши ҳақида Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Қачон бир молга закот аралашса, албатта, уни ҳалок қилади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак,  закот бериш қолган молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими, баракали бўлишига ва турли бало офатлардан сақланишига сабаб бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бир неча оятларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадисларида бойнинг молида камбағалнинг улуши борлигини баён қилганлар. Шундай экан, ким молининг закотини хасислик ва оч кўзлик қилиб бермаса, барибир ўзи билмаган ҳолда камбағални ҳаққи уни молидан чиқиб кетади. Демак, камбағални ҳаққи барибир чиқиб кетар экан, ундан кўра закот вожиб бўлган вақтни ўзида закотини берган кимса ҳам зиммасидаги фарзни адо қилган бўлади ва закоти берилган молларга ваъда қилинган барча фазилатларга эришади.  Дунё ва охиратдаги юксак даражаларга эришади.

Аллоҳ таоло барчамизга ибодатларни ўз вақтида адо қилувчилардан ва закотни чин дилдан берувчилардан қилсин.

Музаффар Қосимов

“Хожа    Бухорий”    ўрта     махсус ислом 

билим   юрти маънавий -маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари