Салаф ва халаф тушунчаси

Бани Одамни яратиб унинг яхшиларини суюкли ҳабибимиз Муҳаммад мустафога замондош қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Ҳадисларининг бирида “Одамларнинг энг яхшилари менинг замондошларимдир. Сўнгра улардан кейин келганлар, сўнгра улардан кейин келганлар…”, деб марҳамат қилган жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога саловат ва саломлар бўлсин.

Салаф (سلف) сўзи луғатда олдин яшаб ўтган аждодларга ишлатилади. Кўплик шакли “сулоф”, “аслоф” (سلاف، اسلاف) сийғаларида келади. Яъни салаф деганда биздан олдин Аллоҳга ва Унинг расулига ҳамда китобларига имон келтириб унга амал қилиб яшаб ўтган аждодлар тушунилади.

Саҳобалар тобеинларга нисбатан салаф бўлса, табаь тобеинларга нисбатан ҳам саҳобалар, ҳам тобеинлар салаф ҳисобланади. Мазкур уч авлод бизга нисбатан салаф бўлади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ النبي صلى الله عليه وسلم: خَيْرُ النَّاسِ قَرْنِي، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، ثُمَّ يَجِيءُ أَقْوَامٌ تَسْبِقُ شَهَادَةُ أَحَدِهِمْ يَمِينَهُ، وَيَمِينُهُ شَهَادَتَهُ. رواه البخاري و مسلم

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Одамларнинг энг яхшилари менинг замондошларимдир. Сўнгра улардан кейин келганлар, сўнгра улардан кейин келганлар. Кейин шундай бир қавмлар келадики, баъзи бирларининг гувоҳлиги қасамидан, қасами эса гувоҳлигидан ўзиб кетади, дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Салафи солиҳлар эътиқод ва амал борасида бошқалардан ажралиб турадиган манҳаж – услубга эга бўлган. Шу маънода уларнинг манҳажида юриб, уларга монанд ҳаёт кечирган ҳар қандай авлод салафи солиҳ ҳисобланади.

Халаф (خلف) деб луғавий жиҳатдан, бир асрдан кейинги аср авлодларига айтилади. Агар яхши авлод бўлса, уларга ломнинг фатҳаси билан “халаф” деб айтилади. Мабодо аждодларига муносиб авлод бўла олмаган бўлса, уларга ломнинг сукуни билан “халф” (خلف) дейилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.

قال الله تعالى: “فَخَلَفَ مِنْ بَعْدِهِمْ خَلْفٌ أَضَاعُوا الصَّلَاةَ وَاتَّبَعُوا الشَّهَوَاتِ فَسَوْفَ يَلْقَوْنَ غَيًّا”. (سورة مريم)

Аллоҳ таоло марҳамат қилади. Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда ёмонликка йўлиқурлар. (Марям сураси, 59-оят)

Хулоса қилиб айтганда, башариятнинг энг афзали ва энг яхшиси дастлабки уч асрда яшаган мусулмонлар экан.

Қодиров Омон ўқитувчи